Озодбек Назарбеков халқаро мукофотга муносиб кўрилди
Ўзбек театр санъати ва маданиятининг халқаро майдондаги нуфузи яна бир бор эътироф этилди. Туркиянинг «Tiyatro Gazetesi» нашри ташаббуси билан ташкил этилаётган Халқаро Ўрта ер денгизи театр мукофотлари доирасида Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Озодбек Назарбеков «Туркий дунё маданиятига қўшган ҳиссаси учун» номинацияси бўйича халқаро мукофотга муносиб кўрилди.
Туркиянинг тарихий театр масканлари билан машҳур Анталия шаҳрида ўтказиладиган мазкур тадбир маданият ва санъат соҳасидаги фидойиларнинг халқаро миқёсдаги меҳнатини эътироф этишга қаратилган. Мукофотлар Ўрта ер денгизи минтақаси ҳамда хорижий давлатлардан танлаб олинган номзодларга тантанали равишда топширилади.
Ташкилотчиларнинг таъкидлашича, сўнгги йилларда Ўзбекистонда театр санъатига қаратилаётган юксак эътибор, соҳани қўллаб-қувватлаш, хорижлик режиссёрларни ижодий жараёнларга жалб этиш ҳамда мамлакатнинг халқаро театр фестивалларидаги фаол иштироки халқаро жамоатчиликнинг қизиқишини уйғотмоқда.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси раҳбарияти ва Маданият вазирлигининг ижодий фаолиятни қўллаб-қувватлашга қаратаётган эътибори театр санъатининг ривожи ва оммалашувида муҳим аҳамият касб этаётгани қайд этилган.
Халқаро мукофотнинг тантанали тақдирлаш маросими 2026 йил 26 сентябрь куни Анталия шаҳрида бўлиб ўтади.