Пандемия нафақат инсон учун, балки иқтисодиётга ҳам зарарли

Ўтган йилнинг декабрида Хитойда пайдо бўлган коронавирус инфекциясининг инсоният бошига бундай оғир синовларни келтириши кутилмаган эди. Жуда тез суратда ушбу эпидемия дунёнинг деярли барча давлатларига тарқалиб, пандемия даражасига етди. Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан тарқатилаётган хабарларга кўра, 2020 йил 28 март ҳолатига ушбу инфекцияга чалинган одамлар сони 593291 кишини, бир кунда аниқланган ҳолатлар эса 63700 тани ташкил этмоқда. Инфекциянинг тезлик билан тарқалиш суръати юқорилигини бартараф этишга оид кескин чоралар кўришни талаб этмоқда.
Шу сабабли дунёнинг барча давлатлари коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш мақсадида инсонлар, транспортлар ҳаракатланишига чекловлар киритиб, барча оммавий тадбирларни номаълум муддатга кечиктириш чораларини кўрмоқда. Ҳаттоки, Халқаро олимпия қўмитаси жорий йил Япониянинг Токио шаҳрида бўлиб ўтадиган ёзги Олимпия ўйинларини 2021йилнинг ёзига кўчириш тўғрисида қарор қабул қилди.
Жамиятдаги инсонлар, транспортлар ҳаракатланишига чекловлар киритилиши ва барча оммавий тадбирлар ўтказишни номаълум муддатга кечиктириш тўғрисида чоралар мамлакатлар иқтисодиёти ва аҳоли даромадларига таъсирини ўтказиши барчамизга маълум.
Давлатлар томонидан кўрилаётган чора-тадбирлар оқибатида йирик иқтисодиётга эга мамлакатларда ишлаб чиқариш ва истеъмол ҳажмларининг кескин қисқариши, глобал ишлаб чиқариш занжирлари ва савдо алоқаларининг издан чиқиши, дунё молия бозорларида хомашё товарлари нархларининг кескин ўзгариши ва конъюнктуранинг ёмонлашувига сабаб бўлади.
Жаҳон глобал иқтисодиётининг бир қисми Ўзбекистон иқтисодиётига таъсир этувчи салбий оқибатларни юмшатиш ҳамда аҳоли, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2020 йил 19 мартда “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида” махсус Фармон қабул қилинди. Фармонда коронавирус пандемиясининг кенг тарқалишига қарши курашиш ва бошқа глобал хавф-хатарлар даврида макроиқтисодий барқарорлик, иқтисодиёт тармоқлари соҳалари узлуксиз ишлашини таъминлаш ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирлар белгиланди.
Коронавирус сабабли барча давлатларда бўлганидек, мамлакат чегараларининг ёпилиши, ички қатновларнинг вақтинчалик чекланиши туризм, транспорт, умумий овқатланиш каби соҳалар тадбиркорлик субъектлари фаолиятига салбий таъсир кўрсатади.
Шу сабабли мамлакатимизда коронавирус пандемиясининг иқтисодиётга салбий таъсирини юмшатиш, карантин шароитида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича фармонда белгиланган чора-тадбирларни қуйидаги уч гуруҳга бўлиш мумкин:
► аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини
қўллаб-қувватлашнинг ташкилий механизмлар;
► аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашнинг солиқ механизмлари;
► тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашнинг кредит механизмлари.
Коронавирус пандемиясининг иқтисодиёт субъектларига салбий таъсирининг олдини олиш бўйича белгиланган ташкилий-иқтисодий механизмлар кенг кўламлилигини қайд этиш зарур. Фармонда белгиланган чора-тадбирларнинг ташкилий механизмлари нафақат иқтисодиёт субъектларини, балки аҳолининг эҳтиёжманд ва вақтинча ишсиз бўлган қатламини ҳам ҳимоялашга йўналтирилганлиги сабабли ҳам аҳамиятли.
Иқтисодиёт субъектлари, аҳолининг эҳтиёжманд ва вақтинча ишсиз бўлган қатламини ҳимоялашга йўналтирилган ташкилий механизмлари таркибига фармонда белгиланган қуйидаги вазифаларни киритиш мумкин:
► Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузурида 10 триллион сўм миқдоридаги Инқирозга қарши курашиш жамғармасининг ташкил этилиши;
► ижтимоий аҳамиятга эга истеъмол товарларини ишлаб чиқариш, сотиб олиш ва сотиш учун берилган кредитлар бўйича фоиз xаражатларини қоплашга кафиллик ҳамда компенсация тақдим этишга;
► республика ҳудудларида иқтисодий фаолликни ва бандликни кенгайтиришга қаратилган қўшимча инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишга;
► кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлашга;
► форс-мажор ҳолатни эътироф этиш ва хўжалик юритувчи субъектларга бир кунлик муддатда тегишли сертификатлар бериш;
► истеъмол товарларини ишлаб чиқариш учун зарур бўлган хомашё ресурслари ҳажмларини мониторинг қилиш, ишлаб чиқариш қувватларидан тўлиқ фойдаланиш учун уларнинг биржага қўйиш ҳажмини ошириш чораларини кўриш;
► импортга харид қилинадиган ва интервенция амалга ошириладиган озиқ-овқат маҳсулотларининг рўйхати ҳамда зарур ҳажмларини аниқлаш;
► ижтимоий аҳамиятга эга озиқ-овқат маҳсулотларининг бозорлардаги нархлари устидан кунлик мониторинг ўтказиш ва нархларини сунъий ошириш, сунъий танқислик ва ажиотажларга йўл қўймаслик бўйича қатъий назорат ўрнатиш;
Коронавирус пандемиясининг иқтисодиёт субъектларига салбий таъсирининг олдини олиш бўйича фармонда белгиланган солиқ механизмлари юқорида қайд этилган ташкилий механизмларнинг узвий давоми ҳисобланади.
Фармонда аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини солиқ механизми воситасида қўллаб-қувватлаш бўйича назарда тутилган чора-тадбирлар қуйидагилардан иборат:
► якка тартибдаги тадбиркорлар учун ижтимоий солиқнинг ойлик энг кам суммасини базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизига қадар камайтириш;
► 2020 йил 1 апрелдан 1 июлгача бўлган даврда туристик (меҳмонхона) йиғимини ҳисоблаш ва тўлашни тўхтатиш;
► қишлоқ хўжалигидаги ерларни суғориш учун фойдаланиладиган ҳажмлар бўйича сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкаларини 2020 йилда ўрнатилган ставкалардан 50 фоизга пасайтириш;
► 2019 йил учун жисмоний шахсларнинг жами йиллик даромадлари тўғрисидаги декларацияни тақдим этиш муддатини 2020 йил 1 августга қадар узайтириш;
► жисмоний шахсларнинг мол-мулк ва ер солиқларини тўлаш муддати 2020 йил 15 октябрга қадар узайтириш;
►2020 йил 1 апрелдан жисмоний шахслар томонидан хайрия ташкилотларидан моддий наф тарзида олинадиган даромадларни солиққа тортишдан озод қилиш.
Шунингдек, халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашларига Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексига мувофиқ туризм соҳасига бевосита ёки билвосита боғлиқ бўлган якка тартибдаги тадбиркорлар учун жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг қатъий белгиланган суммаларини 30 фоизга камайтириш ва солиқ тўловчиларнинг аризасига кўра, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳамда Молия вазирлигининг ҳудудий бошқармалари раҳбарларининг хулосаларига асосан хўжалик юритувчи субъектларга мол-мулк солиғи, ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқни тўлаш бўйича фоизларни ундирмасдан 6 ойга кечиктириш ҳамда бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини бериш вазифалари юклатилди.
Иқтисодий инқироз хўжалик юритувчилар тўлов қобилиятининг йўқотилиши ва банкротлигига сабаб бўлади. Тўлов қобилиятини мустаҳкамлаш мақсадида фармонда коронавирус пандемиясининг иқтисодиётга таъсирининг салбий оқибатларини бартараф этишда кредит механизмидан тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашда кенг фойдаланиш режалаштирилган. Жумладан,
► биринчи даражали харажатларни амалга ошириш учун фоизсиз бюджет ссудалари ажратиш йўли билан стратегик корхоналарни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш;
► ташқи савдо фаолиятини амалга оширувчи тадбиркорлик субъектлари транспорт xаражатларининг бир қисмини компенсация қилиш;
► коронавирус инфекцияси тарқалишининг салбий таъсирига энг кўп учрайдиган иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларини, шунингдек, кредит портфели сифати ёмонлашган ҳолларда тижорат банкларини қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чораларини тақдим этиш;
► уч йилгача бўлган муддатга фоизсиз бюджет ссудаларини ажратиш орқали солиқ тўлаш муддатлари бўйича кечиктириш тақдим этилиши ҳамда тадбиркорлик фаоллигининг сустлашиши муносабати билан Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларида олинмай қолинадиган даромадлар ўрнини тўлдириш;
► банк ва тўлов тизимларининг узлуксиз ҳамда барқарор фаолиятини таъминлаш учун пул бозорига ҳар ойда умумий суммаси 1 триллион сўмгача ликвидлик тақдим этиш;
► банкоматларнинг етарли миқдордаги нақд пул маблағлари билан узлуксиз таъминланиши, шунингдек, масофавий банк хизматларини ривожлантиришни рағбатлантириш;
► туризм-меҳмонхона соҳаси субъектлари ва ташқи савдо операцияларига жорий этилган чекловлар туфайли молиявий қийинчиликларга дуч келган хўжалик юритувчи субъектларга ажратилган кредитлар бўйича умумий суммаси 5 триллион сўмлик қарздорликларни тўлаш муддатларини 2020 йил 1 октябрга қадар узайтириш;
► хусусий тадбиркорлик корхоналарига тақдим этилган айланма маблағларни тўлдириш учун, шу жумладан, истеъмол бозорини энг зарур товарлар билан тўлдириш учун қайта тикланадиган револьвер кредитлари ажратиш;
► 2020 йил 1 июнга қадар кредит портфелини стресс-тестдан ўтказиш, шунингдек, муаммоли кредитларнинг ортиш хавфи мавжуд бўлган банкларда активлар сифатини баҳолаб бориш натижаларини тақдим этишчора-тадбирлари белгиланди.
Қайд этиш лозимки, коронавирус пандемиясининг иқтисодиётга салбий таъсирини юмшатиш бўйича белгиланган чора-тадбирлар 2008 йилдаги жаҳон молиявий иқтисодий инқирозидаги чоралардан ҳам кенг кўламли ҳисобланади. Ушбу чора-тадбирлар коронавирус пандемиясини аҳоли турмуш даражаси ва иқтисодиётга салбий таъсирини камайтиришга хизмат қилади.
Коронавирус пандемиясига қарши курашиш бўйича ҳукумат томонидан белгиланган талабларга оғишмай риоя этиш аҳолининг нафақат ўз соғлиғини сақлаш учун хизмат қилади, балки ҳар биримизнинг мамлакатдаги иқтисодий барқарорликни сақлаб қолишга қўшган ҳиссамиз ҳам ҳисобланади.
Баҳодир ИСРОИЛОВ,
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги қошидаги Юристлар малакасини ошириш маркази кафедра мудири, профессор.