Пақилдоқлар харидорларга етиб бормади

Остонамизда барча орзиқиб кутаётган байрам – Янги йил эшик қоқиб турибди. Табиийки, байрамни ҳамма яхши кутиб олишни истайди ва шунинг тадоригида бўлади. Аммо кўча-кўйда турли пақилдоқларнинг дилни хира қилувчи овози байрам кайфиятига салбий таъсир кўрсатмай қолмайди.

Самарқанд вилояти давлат солиқ бошқармаси томонидан пиротехника воситаларининг ноқонуний савдосига чек қўйишга қаратилган тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Самарқанд шаҳрининг Туркистон кўчасида ўтказилган назорат тадбирида фуқаро М.С.нинг пиротехника савдоси билан шуғулланаётгани маълум бўлди. Натижада унга тегишли бўлган қиймати 8 миллион 850 минг сўмлик 480 қути “Британик” пиротехника воситаси ва 3 дона “Римская свеча” мушаги далилий ашё сифатида вақтинча сақлаш учун олиб қўйилди.

Шу ўринда юртдошларимизга айтар сўзимиз бор: инсон ҳаёти ва саломатлигига рахна солувчи, ёнғин ва бошқа кўнгилсиз ҳолатга сабаб бўлувчи пиротехника воситаларининг ноқонуний савдоси билан шуғулланманг. Пиротехника буюмларини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш, тайёрлаш, сақлаш, ташиш, жўнатиш, улардан фойдаланиш, мамлакатимизга олиб кириш (олиб чиқиш) ёки ўтказиш тақиқланган. Мазкур ноқонуний хатти-ҳаракатларни содир этганлар Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси ҳамда Жиноят кодексининг тегишли моддалари бўйича жавобгарликка тортилади.

Умид АЛИМОВ,

Самарқанд вилояти давлат солиқ бошқармаси ахборот хизмати ходими.