«Пақилдоқ» учун 10 йилгача «кесилади»

5 декабрь куни «Хавфсиз ҳудуд - долзарб 40 кунлиги ва пиротехника» тезкор-профилактик тадбирлари давомида Самарқанд темир йўл техникуми олдида ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида Самарқанд шаҳрида яшовчи вояга етмаган Х. Ж. «Трения» ёзувли 2500 дона пиротехника воситаларини ноқонуний сақлаб келаётганлиги аниқланган.

Бир қарашда оддий хабар. Аммо хулоса қилишга шошилманг.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 185-1-моддасида пиротехника буюмларини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш, тайёрлаш, сақлаш, ташиш, жўнатиш, улардан фойдаланиш, худди шунингдек, уларни қонунга хилоф равишда Ўзбекистон Республикасига олиб кириш (Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқиш) ёки ўтказиш учун жавобгарлик белгиланган.

Ушбу ҳолат ҳуқуқбузарлик ашёларини мусодара қилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Шу ўринда бир эслатма, қонунчиликка киритилган бу модда 2010 йилда киритилган. Яъни, у янгилик эмас.

Эътибор қилаётган бўлсангиз, восита хавфи ва зарарини тушунмаслигингиз камида 1,5 миллион сўм жарима тўлашингизга сабаб бўлади. Масалага бошқа томондан қараш ҳам катта хато. Мисол учун, бир неча миллиард сўмлик пиротехника буюмларини муомалага киритиб, 6 миллион сўм нари-берисида жарима тўлаб «қутулиб кетиш»нинг иложи йўқ. Нега?

Биринчидан, «пиротехника»нинг қонунга хилоф муомаласи маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилса, БҲМ 50 бараваридан 100 бараваригача жарима, 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёки 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Иккинчидан, қилмишнинг ва у келтириб чиқарган салбий оқибатларнинг оғир-енгиллиги, пиротехника буюмларининг миқдоридан келиб чиқиб, 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш ҳам назарда тутилган.

А.Абдуалимов, вилоят транспортда хавфсизликни таъминлаш бошқармаси ЖҚБ катта тезкор вакили.