Парламент депутати сайловчиларнинг қайси муаммоларини ҳал қилиб берди?
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Ғайрат Абдиев ушбу саволга жавобан бир қатор масалаларни айтиб ўтди. Аввалроқ Ургут тумани халқ таълими бўлими мудири бўлиб ишлаган суҳбатдошимиз қонунчиликка таклифлари ва парламент фаолиятининг ўзига хос хусусиятлари ҳақида ҳам тўхталди.
- Депутатлик мансаб ёки лавозим эмас, бу - масъулият. Олий Мажлис Қонунчилик палатасида партия фракциялари фаолият юритади. Мен тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати - Ўзбекистон Либерал-демократик партияси аъзоси сифатида фаолият олиб боряпман. 20 йилга яқин фаолиятим давомида оддий ўқитувчиликдан вилоят даражасидаги раҳбарлик лавозимларида ишладим. Шу маънода халқимиз, хусусан, Самарқанд, ўзим туғилиб-ўсган ва сайланган ҳудуд – Ургут туманидаги одамларни қийнаб келаётган муаммолар, жойларда ечимини кутиб турган масалалар ва амалга оширилиши лозим бўлган ишларни яхши биламан. Буларнинг барчаси, яъни тўпланган тажриба депутатлик фаолиятимда қўл келмоқда.
- Жойлардаги вазиятни яхши биламан, деяпсиз. Айтингчи, 9-10 ойлик депутатлик фаолиятингиз мобайнида сайловчиларингизнинг қандай аниқ муаммоларини ҳал қилиб беролдингиз?
- Нафақат сайловчиларим, балки бутун юртдошларимизнинг қандайдир муаммолари бўлса унинг ечими бўйича масъулларга депутатлик сўрови юбориш, қонунларга таклиф киритиш орқали амалий ёрдам беришга ҳаракат қилиб келяпман.
Коронавирус пандемиясининг ижтимоий-иқтисодий ривожланишга салбий таъсирини юмшатиш мақсадида республика ишчи гуруҳи тузилди. Гуруҳ раҳбари сифатида Самарқанд вилоятининг барча туманларида масъуллар ва албатта, кенг жамоатчилик, хусусан, томорқачилар ўртасида суҳбат-мониторинг, тушунтириш-тарғибот ишларини олиб бордик.
Бу вақтда Тойлоқ туманида 300 тоннадан ортиқ сабзи етиштирилгани, карантин чоралари сабабли уни бозорда сотиш муаммо бўлиб тургани аниқланди. Ушбу масала бўйича мутасаддиларга мурожаат қилиб, тайёр сабзини аҳолидан бир кунда бозор нархида сотиб олинишини ташкил қилдик.
Бундан ташқари, Ургут тумани Почвон, Қайнарбулоқ маҳаллалари аҳолиси бир неча йиллардан буён мактабни капитал таъмирлаш ва қўшимча бинога эҳтиёж борлиги ҳақида мурожаат қилиб келарди. Бу борада тегишли идораларга таклиф берилиб, маҳаллалар ўқувчилари янги, замонавий бинода ўқишлари учун шароит яратилди.
Йўл, электр энергияси, суюлтирилган газ, ичимлик сув таъминоти, фермерлик, томорқа ерлари, тиббий хизмат, мактаб, мактабгача таълим муассасалари бўйича ҳам ижобий ечимини топган кўплаб мисолларни келтириш мумкин.
- Парламент қуйи палатаси депутати сифатида қайси ташкилотлар фаолияти сизда салбий таассурот қолдирди. Нима учун?
- Жойларда одамлар билан учрашувларда қайсидир соҳада кўп муаммога дуч келсак шу соҳа вазирлигини эшитиш таклифини киритамиз. Шу асосда тизим раҳбари амалга оширилган ишлар ва келгуси режалар ҳақида Парламентга ҳисоб беради. Мисол учун, 12 октябрь куни қўмитамизда Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Боситхонованинг тизимда оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, соғлом бола туғилишини таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар тўғрисидаги ҳисоботини эшитдик.
Ҳозир мана бу тизимда иш яхши эмас, дейишим нотўғри бўлади. Лекин айтиш мумкинки, жамият ҳаётининг барча соҳаларида қилинадиган ишлар кўп. Шу боис, жойлардаги ўрганишлар, сайловчиларнинг мурожаатларидан келиб чиқиб, Вазирлар Маҳкамаси ҳамда вазирликларга тегишли таклифлар киритилмоқда. Яъни, қонун чиқарувчи ва ижро ҳокимияти фаолиятида доимий ҳамкорлик йўлга қўйилган.
- Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати сифатида Сиз томонингиздан билдирилган қандай таклифлар қонунларда, балки лойиҳада ўз аксини топди?
- Фаолиятимиз профессионал тарзда қонун ишлаб чиқишга йўналтирилган. Яъни, ҳеч бир қонун лойиҳаси биз, парламент депутатлари муҳокамасидан ўтмасдан қабул қилинмайди. Шу боис, ўтган давр мобайнида қонун лойиҳалари бўйича билдирган таклифлар эмас, айни пайтдаги ишларга тўхталсам. Хабарингиз бор, таълим ҳамда соғлиқни сақлаш тизимига оид қонунчилик такомиллаштирилмоқда. Шахсан ўзим парламентнинг тегишли қўмитасига таълимга оид бир нечта таклифлар киритганман. Албатта, соғлиқни сақлаш борасида ҳам тегишли қўшимча ва ўзгартириш бўйича фикрларим бор.
Ёқубжон МАРҚАЕВ суҳбатлашди.