Партиялар сайловчиларнинг 1 фоиз имзосини йиғиши керак

Самарқандда бу жараён қай тарзда ўтяпти?

Жорий йил 14 август куни Марказий сайлов комиссияси томонидан мавжуд бешта сиёсий партияга 24 октябрда бўлиб ўтадиган Президент сайловида иштирок этишга рухсат берилди. Сайлов қонунчилигига кўра, сиёсий партиялар олдидаги навбатдаги муҳим жараён ўз номзодларини қўллаб-қувватловчи имзо варақаларини тўлдириш ҳисобланади.

Партиялар имзо йиғиш жараёнида фаол, ташаббускор аъзолари кучига таяниши табиий. Маълум қилинишича, партия аъзолари ва фаолларига имзоларни тўплаш ва имзо варақаларини тўлдириш тартиби, бу борада амал қилиниши лозим бўлган жиҳатлар, зарур тушунча ва кўрсатмалар берилган.

Бунда сиёсий партия битта маъмурий-ҳудудий тузилмада (Қорақалпоғистон Республикаси, вилоят, Тошкент шаҳри) имзолар умумий сонининг кўпи билан саккиз фоизини тўплаши мумкин. Сайловчиларнинг ҳар бир номзодни қўллаб-қувватлаб берилган имзолари бир хил миқдорда, ҳар бир маъмурий-ҳудудий тузилмадан (Қорақалпоғистон Республикаси, вилоят, Тошкент шаҳридан) тенг нисбатда танлаб олиниб, текширилади. Шу жиҳатдан, жараён сиёсий партияларнинг вилоятдаги бўлинмаларига ҳам алоҳида масъулият юклайди.

Хўш, вилоятда жараён қандай кетмоқда, дастлабки натижалар қандай?

- Сайловчиларнинг имзосини тўплаш иш, хизмат, ўқиш, яшаш жойи ва қонун билан тақиқланмаган бошқа жойларда амалга оширилмоқда, - дейди Экологик партия вилоят кенгаши ходими Ўлмас Очилов. – Кечаги кун якуни билан тўплаган имзоларимиз сони 15 мингдан ошди. Бугун-эрта жараённи якунлаш ва 22 мингга яқин имзо тўплаш кўзда тутиляпти.

- Сиёсий партия томонидан Ўзбекистон Республикаси жами сайловчилари умумий сонининг камида бир фоизининг имзоси бўлиши керак, - дейди ЎзЛиДеП вилоят кенгаши ташкилий-назорат гуруҳи раҳбари Жаҳонгир Хўжамқулов. - Шундан келиб чиқиб, вилоятда 24 мингга яқин имзо тўплашни режалаштирганмиз. Айни пайтгача 15 650 та имзо йиғилган бўлса, ҳужжатларни 26 августгача Марказий кенгашга топширамиз, деган умиддамиз.

- Вилоятда партиямиз томонидан 790 та имзо варақаси тўлдирилиши ҳамда 23 минг 700 нафар сайловчининг имзолари йиғилиши керак, - дейди ХДП вилоят кенгаши раиси Бадриддин Насриев. – Биласиз, бугун одамларимизнинг сиёсий онги ва энг муҳими, сиёсий фаоллиги олдингидан анча ошган. Бу ҳолат имзо тўплаш жараёни жадал суръатларда, талаб даражасида ўтказилишига хизмат қилмоқда.

“Миллий тикланиш” демократик партияси ахборот хизматининг маълум қилишича, 23100 нафар сайловчининг имзосини тўплаш режалаштирилган. Шу кунгача 9 мингдан зиёдроқ ёки режадаги 40 фоизга яқин имзо йиғилган.

“Адолат” СДП вилоят кенгашидан олинган маълумотга кўра, улар 22 мингдан зиёд сайловчининг овозини тўплаб бўлган. Бу борада зарур ҳужжатлар тўпланиб, партиянинг марказий кенгашига юборилган.

Амалдаги тартибга кўра, сайловчилар битта ёки бир нечта номзодларни қўллаб-қувватлаб имзо қўйишга ҳақли. Бунда сайловчи ўз фамилиясини, исмини, отасининг исмини, туғилган йилини (ёши ўн саккизда бўлса, қўшимча равишда туғилган куни ва ойини), яшаш жойи манзилини, паспортининг ёки ID-картасининг серияси ва тартиб рақамини, шунингдек, имзо қўйилган санани кўрсатади.

Мазкур маълумотлар қўлда ёзиб киритилади. Имзо варақасига ўз имзосини қўядиган сайловчи тўғрисидаги маълумотлар сайловчининг илтимосига кўра, имзо тўплашни амалга ошираётган шахс томонидан киритилиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, сиёсий партиялар тақдим этган имзо варақаларининг тўғри тўлдирилганлиги Марказий сайлов комиссияси томонидан беш кунлик муддатда текширилади. Марказий сайлов комиссияси текширув ўтказиладиган вақт ва жой ҳақида сиёсий партияларни олдиндан хабардор қилади. Негаки, бу жараёнда сиёсий партияларнинг ваколатли вакиллари иштирок этади.

Ё.Марқаев тайёрлади.