Паст Дарғомда қурилишлар давом этмоқда

Ўтган йил Паст Дарғом туманининг икки массивида ҳар бири 24 хонадондан иборат 7 та кўп қаватли уй қурилди. Улардан 4 таси Гўзалкент, 3 таси эса Эски Жума массивида уй-жойга эҳтиёжманд  оилалари учун имтиёзли кредит асосида берилди. Шунингдек, Олтиқаҳрамон маҳалласида 32 та икки сотихли уй-жой қурилиб, ўз эгаларига топширилди.

- Айни кунларда "Жума қурувчи" МЧЖ ва "Бекмурод барака замини" хусусий корхонаси бунёдкорлари томонидан Гўзалкент массивида 2 та кўп қаватли уй қурилиши бошланган,  - дейди туман ҳокимлиги бош мутахассиси Қурбон Мирзаев. – Карантин бўлишига қарамасдан қурувчилар ишни давом эттирмоқда. Сабаби, уй-жойга эҳтиёжманд 48 оила бошпанага эга бўлишни интиқлик билан кутмоқда.

Бугунги кунда туманимизда 1 та мактаб ва спорт зал, “Хончорбоғ” қишлоқ врачлик пунктининг янги биноси қурилиши давом этмоқда.   Қурувчилар шахсий гигиена ва санитария қоидаларига амал қилган ҳолда иш олиб бормоқда.

Туманда жорий йилда Инвестиция дастури асосида 15,19 миллиард сўм маблағ ҳисобидан 7 та ижтимоий соҳа объектлари қурилиши режалаштирилган.