Паст Дарғомдаги марказий шифохона қачон таъмирланади?
Паст Дарғом тумани тиббиёт бирлашмаси 520 ўринга мўлжалланган бўлиб, унда 2500 нафардан ортиқ ходим ишлайди.
- Бирлашмага қарашли 24 та қишлоқ врачлик пункти, юқумли касалликлар шифохонаси ҳамда марказий шифохона таъмирга муҳтож, - дейди тиббиёт бирлашмаси бошлиғи вазифасини бажарувчи Баҳром Султонов. – Масалан, тумандаги марказий шифохона 10 йилдан буён таъмирланмаган. Шу боис канализация қувурлари ёрилиб, сув сизиб чиқиши оқибатида шифохонанинг ертўла қисми захлаб кетган. Шунингдек, ертўлада электр симлари очилиб, носоз ҳолатга келиб қолган.
Туманда 2013 йил фойдаланишга топширилган 40 ўринга мўлжалланган юқумли касалликлар шифохонасининг ташқи қисми ва қозонхонаси ҳам таъмирга муҳтож.
- Бинонинг фасади таъмирланмаганига икки йилдан ошди, - дейди юқумли касалликлар шифохонаси бўлими бошлиғи Аҳрор Суюнов. – Шу туфайли девор юзаси қўпорилиб тушмоқда. Қор-ёмғирли кунларда қозонхона деворларига шикаст етиб, ичкарига сув тўпланмоқда ва иситиш тизимида муаммолар кузатиляпти.
Паст Дарғом тумани янги қиёфага кираётгани яхши. Бу жараёнда марказий шифохонага ҳам эътибор қаратилса, айни муддао бўларди.
Фазлиддин Рўзибоев.