Ижтимоий тармоқларда ҳомиладор аёл вафот этганлиги билан боғлиқ хабар эълон қилинди
Ҳолат юзасидан вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси муносабат билдирди.
“Дастлабки ўрганишларга кўра, ҳолат жорий йилниниг 22 декабр куни соат тонг 04:00да Паст Дарғом туман тиббиёт бирлашмасининг туғруқ бўлимига шу туманнинг Истиқлол МФЙсида яшовчи фуқаро З.Б. қорин қисмида дардсимон оғриқ борлиги, кўнгил айниши каби шикоятлари билан қайнонаси ҳамда турмуш ўртоғи ҳамроҳлигида, тез тиббий ёрдам машинасида олиб келинган.
Тезкор тиббий кўриклар натижасида ҳомиладор З.Бнинг 2 ҳомиладорлиги ва 2 туғруқ, ҳомиланинг 38 ҳафталиги, чалғитувчи, ёлғон туғруқ белгилари, кам қонликнинг ўрта оғир даражаси аниқланган.
Бундан ташқари, 2022 йил 18 июл куни бемор З.Б. ўнг кичик болдир суяги пастки учлигида ўсма аниқланган учун Республика ихтисослаштирилган онкология ва раддиология илмий амалий тиббиёт маркази Самарқанд филиалида жарроҳлик амалиёти ўтказилган.
Ҳомиладор З.Б. туман туғруқ бўлимида шифокорлар кузатувида бўлган. Бироқ, белгиланган стандартлар бўйича кўрсатилган муолажааларга қарамасдан, соат 10:35 да вафот этган.
Шундан сўнг, ҳолат юзасидан туман ИИБга хабар берилган ва марҳум З.Б. Суд тиббий экспертиза буйроси текширувларига юборилган. Тиббий текширувлар натижалари ва ўрганиш хулосалари бўйича қўшимча маълумот берилишини маълум қиламиз”, дейилади бошқарма хабаридa.