Қирқ бир йиллик изтироб - қирқ бир йиллик қувонч
Ҳар гал Нарпай тумани маркази Оқтош шаҳрига борганимда, албатта, ўзим ишлаган қадрдон даргоҳ – “Пахтакор овози” (ҳозирги “Навқирон Нарпай”) газетаси таҳририятига кириб ўтаман.
Бунинг иккита сабаби бор: биринчиси, илк мақолам “Пахтакор овози”да чоп этилган. Ўша пайтда вужудимда жўш урган қувонч ҳануз мени тарк этмайди. Иккинчиси эса 1980 йиллар бошида фаолиятимни шу таҳририятда бошлаганим ва бу даргоҳда Тошпўлат Тошмуродовдек моҳир ва жасур журналист билан танишиб, йиллар давомида бақамти ишлаганим.
Очиғи, касб байрамимиз баҳона яна қадрдон таҳририятимга келдим ва Нарпайнинг забардаст журналисти Тошпўлат Тошмуродов фаолияти ҳақида қоғоз қоралашни мақсад қилдим.
Тошпўлат ака 1949 йилда Қозикент қишлоғида туғилди. Тошмурод ака ва Ҳикоят онадек илмпарвар, муаллим ва маънавиятли инсонлар оиласида «Инсоннинг қадри меҳнати ва ақли билан ўлчанади» деган ақида тарбиясида камол топди. Ўрта таълимни қишлоқ мактабида олди, кейин Хоразм давлат университетида ўқиди.
Дастлаб воҳа университетида талабаларга дарс берди, кейин пойтахтда илмий ходим бўлиб ишлади. 1974 йилда қадрдон қишлоғига қайтиб келиб, “Пахтакор овози” газетасида фаолиятини бошлади. Корректура, мухбирлик, бўлим мудири, масъул котиб, қисқаси, таҳририятда энг машаққатли жараёнларни муваффақият билан ўтади, ўткир мавзуларда мақолалар ёзди, қалами чархланди.
Тошпўлат ака 1985 йилда муҳаррир этиб тайинланди. Ҳафтасига уч марта чоп этиладиган газета материалларини тайёрлаш, техник жараёнларини кузатиш, мухбирлардан долзарб мақолалар ёзишлари учун шароит яратиш осон кечмасди. Айниқса, тезкорлик, танқидий нигоҳ, мақолаларнинг ўқимишлилиги, бадиий сайқалга эътибор қаратиларди. Бу саъй-ҳаракатлар бошида, албатта, Тошпўлат ака турар, бунинг учун эса ундан катта матонат, меҳнат, маҳорат талаб қилинарди. Энг муҳими, унинг ўзи мақола ёзишда ҳаммага намуна эди: қалами ўткир, тўғри ва аниқ таҳлилий далилларга таяниб равон, ўқимишли ёзишни жойига қўя оладиган жонкуяр ва қатъиятли эди.
Худди шу вақтларда мен таҳририятга ишга келгандим. Ўшанда Тошпўлат ака “Журналист жонкуяр ва ишлаб толмас бўлиши керак, бунинг учун у тинмай ёзиши, ўз устида ишлаши, таниқли журналистлар ҳаёти, иш жараёнини ўрганиб бориши керак. Шундагина қобилиятли мухбир бўлиш мумкин”, деган эди. Мен бу сўзларга фаолиятим давомида қатъий амал қилдим. Тошпўлат ака билан ҳаммаслак, елкадош бўлиб ишлаб, долзарб мавзуларда мақолалар ёздим.
Устоз журналист ҳақида қанча кўп гапирсак, шунча оз. Муҳими, Тошпўлат ака бугун ҳам қалами ўткир журналистлар сафида. Қирқ бир йилдан буён муҳаррир бўлиб ишлаб келмоқда. Бу айтишгагина осон. Бу қирқ бир йиллик изтироб - қирқ бир йиллик қувонч, дегани. Бу вақт орасида озмунча машаққат чекмади, дейсизми? Бу азоб, изтироб, машаққатли йўлни сабр, чидам, фидойилик билан босиб ўтди. Ҳам сиёсий, ҳам ижодий жараёнларда тобланди, газета услубини шакллантирди, ўнлаб шогирдлар тайёрлаб, уларни имзоси билан элга танилтирди.
- Матбуот халқнинг беминнат ёрдамчиси, теварак-атрофдаги янгиликларни акс эттирувчи шаффоф кўзгу, - дейди Тошпўлат ака. - Қўлингизга олиб, иштиёқ билан ўқиётган бирор-бир мақолангизда сизни таъсирлантириб, фикрлашга, мушоҳада қилишга чорлайдиган нимадир бўлса ёки сизни эзгу ишларга чорласа, ўша мақолани албатта, қайта-қайта ўқиб чиқасиз. Бугун газета айнан ана шу талабга жавоб бериши керак, биз шунга интилиб ишлаяпмиз, ижод қиляпмиз. Газетанинг ҳар бир сонининг пухта-пишиқ чиқиши, мақолаларнинг ранг-баранглигини оширишга интиляпмиз.
Тошпўлат ака фаолияти давомида фақат журналист бўлиб қолмади, сиёсатчи сифатида ҳам элга танилди, халқнинг дардига дармон бўлди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари туман Кенгаши депутати бўлиб, халқнинг оғирини енгил қилишда билим ва маҳоратини аямади.
Бу инсоннинг дўст-қадрдонлари ниҳоятда кўп. Яқин кишиларини ҳар қандай ҳолатда ва кайфиятда йўқлайди, аҳволидан хабар олади. Бу Тошпўлат аканинг табиатига хос фазилати, инсоний хусусияти. Ўзи яхши кўрадиган инсонларини эътиборида бўлгиси, уларни ҳам эъзозлагиси келади. Шу туйғулар билан нафас олади, яшайди. Шунингдек, у бугун катта устоз. Ҳар битта шогирди учун жон куйдиради. Журналист маҳорати, ахлоқи нормаларини тушунтиришдан эринмайди.
Тошпўлат ака ўз ҳаётидан ғурурланишни ҳам билади:
– Шукр, кўп қатори яшаяпмиз. Ҳамфикрим, умр йўлдошим Гулчеҳрахон билан олти нафар фарзандни вояга етказдик. 21 нафар невара даврасида шу кунларга етказганига шукр айтамиз.
Жўшқин ДОВУРОВ.