Паст Дарғомдаги парранда фермасида ёнғин юз берди

2019 йилнинг 23 октябрь куни соат 19:15да Самарқанд вилояти Паст Дарғом тумани, Димишқибола маҳалласида жойлашган “Дарғом Парранда Файз” МЧЖга қарашли паррандачилик фермасида ёнғин юз берган.

Хабар асосида воқеа жойига 4 та ёнғин ўчириш бўлинмалари жалб этилган. Бўлинмалар чақирилган манзилга 16 дақиқада етиб борган (энг яқин ёнғин-қутқарув қисмигача масофа 16 километр). Ёнғин соат 19:50 да ўраб олиниб, соат 21:50 да бартараф этилган.

Ёнғин оқибатида 8 мингга яқин жўжалар нобуд бўлган ва паррандачилик фермасининг 150 квадрат метр майдонида томи, шифти ёниб зарарланган. Тан жароҳати олган ва ҳалок бўлган инсонлар қайд этилмаган.

Ёнғиндан фабриканинг 550 квадрат метр майдони ҳамда 16 мингтадан ортиқ жўжалар сақлаб қолинган.

ФВВ ЁХББ ОАВ билан ҳамкорлик қилиш бўлинмаси хабарига кўра, ёнғиннинг қўлбола иситиш мосламасидан фойдаланиш оқибатида келиб чиққани тахмин қилинмоқда. Моддий зарар миқдори аниқланмоқда.