Пахтачида "Paxtachi" газетасининг 90 йиллигига бағишланган маънавий тадбир бўлиб ўтди
Бугун ахборотни сониялар ичида улашадиган телеграм, сайт, фейсбук каби ижтимоий тармоқлар ўзаро рақобатлашаётган бир пайтда газетада ишлаш матонат. Бугун илк сони чиққанига 90 йил бўлган “Paxtachi” газетасида қалам тебратаётган мухбир-у журналистлар ана шундай матонат соҳибларидир.
Негаки, ушбу таҳририят аъзолари – муҳаррирдан тортиб мусаҳҳиҳгача бугун янгича талқин ва дизайндаги аниқ фактлар билан йўғрилган, таҳлилий, долзарб мақолалари билан нафақат обуначилар кўнглидан жой олган, балки мамлакатимиз босма оммавий ахборот воситалари орасида ҳам ўзининг муносиб ўрнига эга бўлди.
Шу каби эътирофлар бугун Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими ҳамда туман ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу газетанинг 90 йиллигига бағишланган маънавий-маърифий тадбирда кўп бор такрорланди. Тадбирда Журналистлар уюшмаси аъзолари, вилоятимизнинг туман ва шаҳарларида чоп этилаётган газеталар муҳаррирлари, қўшни Навоий вилоятининг "Дўстлик байроғи" газетаси ҳамда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Навоий вилоят бўлими аъзолари, “Paxtachi” газетасида ишлаган фахрийлар ҳамда туман фаоллари иштирок этди.

Тадбир қатнашчилари дастлаб тумандаги Дабусия зиёратгоҳида бўлишди. Сўнга туман тиббиёт бирлашмасида шифокор ва беморларга яратилган шароитлар билан танишдилар.
Пахтачи тумани тарихи музейига саёҳат ҳамда таҳририятга қилинган ташриф барчада илиқ таассурот қолдирди.
- Газетамиз 1935 йилда “Учқун” номи билан чоп қилина бошлаган, - дейди газета муҳаррири Санжар Қурбонов. - Газетага дастлаб Пахтакор район партия комитетининг биринчи котиби А.Ширинхўжаевнинг ўзи муҳаррирлик қилган. Кейинги йилларда Н.Толипов, Х.Муллажонова, С.Хўжаев, О.Жунаидов, Қ.Мизомов, А.Эшмуродов, И.Иброҳимов муҳаррирлик фаолиятларини олиб борган.

1963 йилда Пахтакор ва Нарпай районлари қўшилиши муносабати билан газета “Пахтакор овози” номи билан чоп этила бошлади. 1973 йилда Пахтачи тумани ташкил этилгандан буён эса газета “Paxtachi” номи билан чиқмоқда. Бугунги кунда газетанинг кўриниши, дизайни янгича тус олган. Саҳифаларида чуқур мулоҳазаларга, мунозара ва фалсафий мазмунга бой материаллар чоп этилмоқда.
Туман ҳокимлигида ташкил этилган тадбирда ҳоким Қ.Хушбоқов газета фахрийлари ҳамда бугунги ходимларини сана муносабати билан қутлаб, ижодкорларни ҳокимлик совғалари билан тақдирлади.
(Бизни кузатиб боринг, тадбирнинг тўлиқ тафсилотлари билан кейинги мақоламизда таништирамиз).