Пайариқ аҳолисига сайёр давлат хизматлари кўрсатилди

Пайариқ туманида ўтказилган бу галги сайёр давлат хизматлари кўрсатиш тадбири «Эътибордан кўнгиллар мамнун!» шиори остида ўтказилди.

Бунинг ўзига яраша сабаблари бор. Тадбир давомида ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган ва ногиронлиги бор ўнлаб оилалар ҳолидан хабар олинди. Хусусан, Пайариқ тиббиёт коллежининг мослаштирилган икки қаватли ётоқхонасида истиқомат қилаётган кекса онахон, Ўражаб Равшанова ҳамда боқувчисини йўқотган ва 3 яшар ногиронлиги бўлган фарзанди билан яшаб келаётган Сарвиноз Рустамовага эътибор кўрсатилди.

Шундан сўнг тумандаги Алишер Навоий, Гўзал, Фаровон ҳамда Мустақиллик маҳаллаларида истиқомат қилувчи аҳолига давлат хизматлари кўрсатилди.

Дастлаб йиғилганларга Пайариқ туман давлат хизматлари маркази мутахассислари томонидан соҳага оид маълумотлар ва ҳуқуқий тушунчалар берилди. 100 нафардан ортиқ маҳалла фуқаролари иштирок этган тадбирда 30 дан ортиқ давлат хизматлари юзасидан мурожаатлар қабул қилинди ва уларга сайёр тарзда хизматлар кўрсатилди.

Давлат хизматлари агентлиги Самарқанд вилоят бошқармаси ахборот хизмати.