Пайариқда Давлат хизматлари марказининг янги биноси фойдаланишга топширилди
Шу муносабат билан ўтказилган маросимда вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов, давлат ва жамоат ташкилотлари, кенг жамоатчилик вакиллари, журналист ҳамда блогерлар иштирок этди.
3,2 миллиард сўм маблағ эвазига “Қобил Қурувчи Сервис” масъулияти чекланган жамияти томонидан бунёд этилган бино қурилишида замонавий қурилиш материалларидан фойдаланилди. Яъни, сэндвич панелдан тикланган, умумий майдони 860 квадрат метр бўлган бинода бирорта устун ўрнатилмаган. Бир вақтнинг ўзида 16 нуқтада аҳолига тезкор ва сифатли давлат хизматлари кўрсатилади. Кунига 800-1000 нафар фуқаро марказ хизматларидан фойдаланиши мумкин.
Аҳолига қулайликлар яратиш мақсадида бинода болалар майдончаси, кутубхона, инвесторлар учун хоналар ажратилган. Бешта монитор орқали электрон навбатни кузатиш имконияти мавжуд.
Марказда шунингдек, Бош вазирнинг тадбиркорлар қабулхонаси, ҳуқуқий маслаҳатхона, нотариус, ички ишлар идорасининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими, ҳайдовчилик гувоҳномалари бериш хизмати фаолияти ҳам йўлга қўйилган.