Пенсионерларга пенсия тўловлари банк пластик карталарига юклаб бериш орқали тўланади

Шу йил май ойидан бошлаб фуқароларнинг пенсия ва нафақалари пластик карталарига ўтказиларкан, деб эшитдим. Агар пенсионер ёки нафақа олувчида пластик карта бўлмаса, қаердан олади?

А.Саломов,

Самарқанд шаҳри.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 27 апрелдаги “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, 2020 йил 1 майдан бошлаб барча ишловчи пенсионерлар (давлат бюджети ҳисобидан пенсия олувчи шахслардан ташқари)га пенсиялар тўғридан-тўғри Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси орқали тўланиши белгиланди.

Мазкур фармон ҳамда Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссиясининг 2020 йил 13 апрелдаги 18-сон қўшма йиғилиш қарорига мувофиқ 2020 йил май ойидан бошлаб республикадаги эпидемиологик ҳолат барқарорлашгунга қадар барча фуқароларнинг пенсия ва нафақалари тўлиқлигича банк пластик карталарига ўтказиш орқали амалга оширилади.

Бунда фуқароларга банк пластик карталари Халқ банки ва бошқа тижорат банклари филиаллари орқали очилади ҳамда етказилади.

Жорий йил май ойида барча ишловчи пенсионерларга пенсия тўловлари апрель ва май ойлари учун бир йўла уларга Халқ банки ва бошқа тижорат банкларида очилган банк пластик карталарига юклаб бериш орқали тўланади.

Яна бир маълумот: Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 14 октябрдаги 866-сон қарори ҳамда Адлия вазирлигидан 2010 йил 30 декабрда рўйхатга олинган Низомга мувофиқ, компенсациялар пенсия (нафақа) олиш жойида тўланиши белгиланган. Шу муносабат билан 2020 йил 1 май санасидан бошлаб корхона ва ташкилотлар томонидан ишловчи пенсионерларга пенсия, уй-жой коммунал тўловлари ҳамда ун ва нон компенсацияси учун пенсия жамғармасига талабнома тақдим этилмайди. Корхона ва ташкилотлар томонидан қуйидаги тўловлар учун талабнома тақдим этилиши мумкин:

- бола туғилганда бериладиган бир марталик (суюнчи) нафақа;

- вафоти муносабати билан дафн нафақаси;

- 16 ёшгача ногирон болаларнинг ота-оналарига қўшимча дам олиш кунлари ҳақининг тўланиши;

- пенсия ёшига етмаган, бироқ уй-жой коммунал тўловлари бўйича компенсация олиш ҳуқуқига эга бўлганларга компенсация.

Саволга Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Самарқанд шаҳар бўлими бошлиғи Шуҳрат Қамаров жавоб берди.