Пентагон Трамп ҳукмронлигининг сўнгги кунларидан хавотирда

Пентагон президент Трамп ҳарбий ҳолат эълон қилган тақдирда армия ҳаракатларини муҳокама қилади. Бу ҳақда Newsweek ёзди.

Нашрда қайд этилишича, юқори мансабдор ҳарбийлар сайланган президент Жо Байденга ҳукуматни қабул қилиш жараёнида халақит бериш учун Трамп ўз тарафдорларини кўчаларга олиб чиқиш эҳтимолини истисно этмаяпти. Шунингдек, инаугурация ва ўтиш даврида тартибни таъминлаш учун армияни Вашингтонга олиб кириш тўғрисида буйруқ бўлган тақдирда нималар қилиш кераклиги ҳақида режалар тузилмоқда.

Таъкидланишича, бундай «сценарий»ларни ишлаб чиқишда Трампни хуш кўрмайдиган генералларгина иштирок этади. Амалдаги президент тарафдорлари ва Оқ уй ишланаётган бундай режалардан бехабар.

Коронавирус пандемияси туфайли АҚШда жорий қилинган фавқулодда ҳолат туфайли мамлакатнинг амалдаги президентига қўшимча, кенг ваколатлар берилганлиги инобатга олинмоқда. Шундан фойдаланиб Трамп тарафдорлари уни ноқонуний хатти-ҳаракатларга ундаши мумкинлигидан ва ушбу сиёсий инқирозга Пентагон ҳам тортилишидан генераллар хавотирда.

Трамп асосан эътиборини рақиби ғолиб бўлган сайлов натижаларини бекор қилиш режаларига қаратгани боис амалда мамлакатни бошқаришдан четга чиққанлиги ҳақида 23 декабрда айтилган эди. Хусусан, Оқ уй раҳбари коронавируснинг мамлакат бўйлаб рекорд даражада тарқалишига қарамай, давлат ишларига деярли аҳамият бермаган. Шунингдек, Трамп иқтисодиётни барқарор ривожлантиришга доир қонун лойиҳаси бўйича музокараларда қатнашмаган ва Россия томонидан АҚШ ҳукумати идораларига қилинган оммавий киберҳужумларга нисбатан ҳеч қандай чора кўрмаган.

17 декабрь куни Трампнинг жазаваси тутиб, Оқ уйни тарк этишни рад этганини маълум қилди. "Қаттиқ инкор" пайтларида президент бир нечта маслаҳатчиларига Байденнинг инаугурацияси куни қароргоҳда қолишини айтди.

Трамп ҳукмронлигининг хавотирли сўнгги кунларига қарамай, атрофдагилари унинг тинчлик билан ўз вақтида истеъфога чиқишига ишонч билдиришмоқда.