Покистон Эрон ҳудудига жавоб зарбаларини берди

Покистон ҳарбийлари Эрон ҳудудига “анти-Покистон гуруҳлари”ни нишонга олиб, зарбалар берди, деб хабар бермоқда Agence France-Presse Покистон разведка хизмати ходимига таяниб.

Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси (Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси, Эрон Қуролли кучларининг элита бўлинмаси) сешанба куни Эрон билан чегарадош Покистоннинг Балужистон провинциясида жойлашган “Жайш ал-Адл” террорчилик гуруҳининг асосий базасига баллистик ракета ва учувчисиз учиш аппарати билан ҳужум уюштирганини маълум қилди. Покистон Эрон ҳужумини кескин қоралади ва чоршанба куни ўз элчисини Теҳрондан чақириб олди, шунингдек, Эрон элчиси ҳам ҳозирча Исломободдаги дипломатик миссиясини давом эттира олмаслигини айтган.

Покистон билан чегара яқинида содир этилган ҳужум натижасида Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси полковниги ҳалок бўлган. Бу ҳақда IRNA агентлиги маълум қилади.

Кеча Эрон ва Покистон ташқи ишлар вазирлари Ҳусайн Амир Абдуллоҳий ва Жалил Аббос Жилоний ўртасида телефон орқали мулоқот бўлиб ўтди.

Эрон Ташқи ишлар вазирининг айтишича, Жайш ал-Адл номи билан танилган ҳаракат икки давлат хавфсизлигига таҳдид соладиган террорчи гуруҳдир.

Покистон Ташқи ишлар вазири Эрон хавфсизлиги Покистоннинг ҳам хавфсизлиги эканлигини ва Покистонда Эронга таҳдид туғилганда Покистон ҳукумати унга қарши чора кўришини - “Эрон Покистондаги террорчи гуруҳлар ҳақида Покистонни хабардор қилиши керак”лигини таъкидлади.