Полвон аёллар, спортчи хотин-қизлар қачон кўпаяди?

Хотин-қизлар саломатлиги учун қайғуриш ҳар қандай даврда ҳам долзарб юмуш бўлиб келган. Негаки, соғлом авлоднинг дунёга келиши ва камолга етишида аёлларимиз, оналаримизнинг ўрнини ҳеч нарсага тенглаштириб бўлмайди. Бунинг учун улар ўртасида спорт ва жисмоний маданиятни тарғиб этиш катта наф беради.
Хўш, хотин-қизларни спортга жалб этишда аҳвол қандай?
Очиғи, бу борада камчиликлар йўқ эмас. Аммо бугунги ҳаракатлар бу камчиликларни тузатиш, муаммоларга ечим топишга қаратилган.
Узоққа бормайлик, бу ҳолатни Самарқанд давлат университети мисолида кўрайлик. Университетимизнинг жисмоний маданият факультетида 40 нафарга яқин профессор-ўқитувчи фаолият кўрсатади. Афсуски, уларнинг атиги 4 нафари, яъни ўнтадан биттаси аёл киши.
Ўқитувчининг эркак ёки аёл бўлишининг нима аҳамияти бор, дарс ўтаётган бўлса бўлди-да, дейдиганлар ҳам топилади. Шу пайтгача масаланинг ечимига бу тарзда қараганимиз рост. Энди эса йўқ. Шу пайтгача талабаларимизнинг гендер таркибига эътибор берилмаган бўлса, энди берилиши керак.
Университет кундузги бўлим бакалавриат йўналишида таҳсил олаётган 15 222 талабанинг 7517 нафарини, яъни қарийб эллик фоизини қизлар ташкил этади. Эндигина балоғат ёшига етган талаба-қизларга жисмоний маданиятни эркак киши ҳам ўргатиши мумкин бўлар, аммо спортни эмас. Мусулмончилик нуқтаи назаридан ҳам бу тўғри келмайди. Шу маънода, бугун спортдан таълим берадиган ўқитувчилар орасида аёл кишиларни жиддий равишда кўпайтириш керак.
Шу манзарани мактабларда ҳам кузатамиз. Бир фактга эътиборни қаратайлик, Самарқанд вилоят халқ таълими бошқармасининг маълумотига кўра, бугунги кунда вилоятдаги 1255 мактабда 3371 нафар жисмоний тарбия фани ўқитувчиси фаолият олиб бормоқда. Уларнинг 736 нафари аёл киши. Бу ҳар 5 мураббийдан бири аёл ўқитувчи деганидир. Келтирилган маълумотлар ҳам жисмоний тарбия ва спорт соҳасида мураббийлик қилаётганлар орасида аёллар сонини кўпайтириш керак, деган фикрнинг тўғри эканлигини тасдиқлайди.
Ҳарқалай, кейинги беш йилда спорт таълимига муносабат ўзгарди. Самарқанд давлат университети жисмоний маданият факультетига бу йилги қабул жараёнини таҳлил қилиб, ижодий имтиҳонларни кузатиб, амин бўлдимки, бу борадаги ишлар ўз самарасини беряпти. Эътибор беринг: Самарқанд давлат университетида очилган “спорт фаолияти: хотин-қизлар спорти” йўналишида ҳозирда 217 талаба қиз таҳсил олмоқда. Ушбу йўналишга бу йил ажратилган 50 та ўринга 168 абитуриент қиз даъвогарлик қилди. Университет қошидаги Ўзбекистон-Финландия педагогика институти жисмоний маданият факультети кундузги бўлимига 50 та ўрин ажратилган ва унга 1036 нафар, сиртқи бўлимидаги 50 ўринга 814 нафар абитуриент ҳужжат топширган.
Бу мамлакатимизда хотин-қизларнинг спортга қизиқиши ошаётганидан, жойларда эса аёл спорт мураббийларига эҳтиёжнинг юқорилигидан далолат беради.
Ижодий имтиҳонлар жараёнидаги айрим ҳолатлар тўғрисида ҳам гапиришга тўғри келади.
Биринчидан, қабул жараёнларига рақамли технологияларнинг татбиқ этилиши ва бу жараёндаги шаффофлик ота-оналарнинг “Биз ёрдам бермасак, болаларимиз ўқишга кира олмайди”, деган тушунчаси ўрнини “Давлат имтиҳонлар жараёни назоратини шу даражада кучайтирибдики, энди ғирромликка, нопок йўлларга ўрин қолмабди”, деган фикри эгаллаётганини кўрсатди.
Иккинчидан, кундузги бўлимга талабгор абитуриентлар қабул чоғида топшириладиган спортнинг ҳар бир тури бўйича нормативларни олдиндан билиши ва шунга қараб тайёргарлик кўришлари маълум. Аммо сиртқи бўлимга ариза берган абитуриентларнинг имтиҳон топширишлари ҳайратланарли бўлди. Уларнинг айримларининг ёши катта – оилали, фарзандли бўлишига қарамасдан, имтиҳонларни нормативлар асосида топширишга жон-жаҳди билан интилди.
Яна бир эътиборли жиҳат, университетда таҳсил олаётган спортчи талаба қизлар мусобақаларда муносиб иштирок этмоқда. Масалан, яқинда Бирлашган Араб Амирлигининг Дубай шаҳрида ўтказилган бокс бўйича Осиё чемпионатида жисмоний маданият факультети 1-курс талабалари Ситора Турдибекова биринчи, Навбаҳор Ҳамидова иккинчи ўринни қўлга киритди. 4-7 август кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган самбо бўйича Осиё чемпионатида шу факультет талабаси Эъзоза Абдумўминова олтин медални қўлга киритиб, Осиё чемпиони бўлди.
Спортни оммалаштириш ва бу орқали соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш ишлари шу тарзда таълим муассасалари доирасидан оилаларга, маҳаллаларга кўчади. Ундан минтақалар ва республика даражасига чиқиб, оммавий ҳаракатга, мақсадга айланади.
Зебинисо Раҳмонова,
Самарқанд давлат университети проректори.