Президент долзарб масалаларга тўхталди. Энди гап айтилганларнинг ижросини таъминлашда
Ўзим пенсионерман, кўп йиллар қурилиш соҳасида ишлаганман. Шу боис давлатимиз раҳбарининг «Илм йўқ жойда тўғри йўлдан адашиш бўлади, илм бизга ҳаводек зарур, энг катта бойлик ақл-заковат, энг катта қашшоқлик - бу билимсизликдир», деган гапларини тўла қўллаб-қувватлайман.
Чиндан ҳам ҳозир кўплаб соҳалар қатори, қурилишда билими етарли бўлмаган, уқувсиз ишчилар кўп. Бундай шароитда фақат стандарт ишларни амалга ошириш мумкин. Илм-фансиз соҳага янгилик киритиб, тараққиётга эришиб бўлмайди, ривожланган давлатлар билан бўйлашолмаймиз.
Маърузада мени таъсирлантирган жиҳати, қайси масалада бўлмасин, реал ҳақиқат айтилди. Мисол учун, камбағал атамаси кейинги вақтда умуман ишлатилмаётганди. Президент Ўзбекистонда шундай одамлар борлиги, умуман, камбағалликни тугатиш бўйича янгича ишлаш ҳақида аниқ йўналишларни айтиб ўтди.
Умуман, маърузада қарийб барча соҳаларда ишни мутлақо янгича ташкил қилиш бўйича аниқ вазифалар белгиланди.
Энди гап фақат уларни амалга оширишда қолди. Бу йўлда барчага куч-қувват тилайман!
Суюнбой ТИЛАБОВ,
Пайариқ тумани.