Президент Шавкат Мирзиёев раислигида видеоселектор йиғилиши ўтказилмоқда

Кун тартибига иккита муҳим масала киритилган:

- аҳолини сифатли уй-жой билан таъминлаш, "Янги Ўзбекистон" массивларини барпо этиш;

- шаҳарлар, туман марказлари ҳамда аҳоли пунктларида экологик вазият ва ҳаво тозалигини яхшилаш мақсадида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш.

***

Йиғилиш аввалида давлатимиз раҳбари “Инсон қадри учун” тамойили асосида келгуси беш йилдаги барча ислоҳотлар аҳолига муносиб турмуш шароити яратишга қаратилишини таъкидлади.

"Сўнгги йилларда ипотека дастурлари доирасида 140 мингдан ортиқ уй-жой барпо этилди. Мамлакатимизда ҳар йили 300 мингга яқин никоҳ қайд этилмоқда, аҳоли сони келгуси беш йилда 38 миллионга етиши кутилмоқда.

Буларни инобатга олиб, аҳолини уй-жойга бўлган талабини қондириш учун келгуси беш йилда йилига 80 мингтадан хонадон қуришимиз зарур.

Жойлардаги сайловолди учрашувларида ҳар бир ҳудудда барча иқтисодий ва ижтимоий инфратузилмага эга бўлган “Янги Ўзбекистон массивлари”ни барпо этиш, бу орқали келгуси беш йилда 250 мингдан зиёд хонадон қуриш режа қилинган", деди Президент.