Қалбида қуёши бор инсон
Ўзбекистон қаҳрамонлари
Манзил сари ошиққан йўловчи қоронғи кечада йўл тополмай қийналганида узоқдан милтиллаб кўринган чироқ шуъласи кўнглига таскин бериб, яна олға юришга ундайди. Йўл нотекис, манзил эса ҳали олис. Минг битта синовларга дуч келиши, қоқилиб йиқилиши, ҳолдан тойиб, қадам босиши азоб бўлса ҳам шу биргина чироқ шуъласи томон юраверади, юраверади. Ўша бир тутам нур йўловчининг оёқларига мадор, қалбига қувват бағишлайди. Сен тўғри йўлдан одимлаяпсан, сабр қилсанг, манзилга етасан, дегандек милтиллаб ўзига чорлайверади.
Асли бу кўҳна ҳаётда ҳар бир инсон йўловчи. Оддий бир йўловчи. Кўнглида не муддаоси бор, таниш-нотаниш манзилларни излаб, баъзан ишонч, баъзида хавотир билан олға юради. Лекин шундай дамларда унга йўл кўрсатиб, мадад бериб турадиган, мушкул йўлларни хайрли томонларга бурадиган, кези келганда кўзларига нур берадиган оқибатли инсонлар борки, уларни учратганда беихтиёр “Қалбида қуёши бор экан”, деб юборганингизни билмай қоласиз.
Шундай инсонлар ҳақида ўйлаганимда, юзидан мудом нур таралиб турадиган, нозиктаъб, зукко, ҳар бир сўзни ўз ўрнида дона-дона ишлатадиган, неча-неча олим-у зиёлиларнинг устози, самарқандлик бағрикенг, маърифатпарвар инсон Ҳасан Нормуродов кўз олдимда гавдаланади.
Иккинчи жаҳон уруши бошланган, бутун дунё нотинч чайқалиб турган оғир кунларда – 1939 йил 16 ноябрь куни қуёш Қоратов елкасига ёнбошлаган пайтларда, Зарафшон дарёсининг сўл соҳилида, Каттақўрғон туманининг Кичик кўрпа қишлоғида, кайвони инсон Нормурод ота бошчилигидаги ҳалол меҳнат орқасидан кун кечирадиган оддий деҳқон оиласида Ҳасан ва Зуҳра эгизаклар дунёга келди.
Кичкинтойларини қўлига олиб, бағри фарзандга, кўнгли қувончга тўлиб ўтирган Нормурод ота тўсатдан ҳужум қилган юрак хуружи оқибатида жон таслим қилди. Воажабо, ҳаётнинг ҳукми билан ҳали кичкина чилласи чиқмаган йигирма кунлик чақалоқлар отадан маҳрум бўлди. Бу синов кузнинг аччиқ қировига ўхшаб уларнинг бошига жуда эрта тушди. Волидаи муҳтарамаси Мисқол ая олти фарзанд: уч ўғил, уч қизни бағрига босганча ёлғиз қолди. Отадан сўнг бир неча кун яшаб Зуҳра ҳам дунёдан ўтди.
Кўп ўтмай иккинчи жаҳон уруши ҳамма қатори каттақўрғонликларнинг ҳам тинчини бузди. Ўшанда Ҳасан эндигина тетапоя бўлиб қолган пайтлар эди. Совуқ уруш изғиринлари ҳамма қатори Мисқол онанинг хонадонини ҳам четлаб ўтмади.
Таъбир жоиз бўлса, у даврлар ҳозиргидек тўкин-сочинлик, фаровонлик даври эмас эди. Очарчилик даври. Кун бўйи бир тишлам нонга зор бўлган одамлар қанча. Шунга қарамасдан оқибат бор. Бир қишлоқда кимдир битта янги кийим ёки пойабзал олса, бутун қишлоқ алмашиб кияди, бир коса овқатнинг атрофида тўрт-беш бола уймалашиб, бир қошиқда навбатма-навбат овқат ейди. Кимдир ёлғиз ўғлини урушга кузатади. Яна кимдир эридан “қора хат” олиб, додини фиғонга келтиради. Кимдир нон ўрнида кунжара истеъмол қилса, яна кимдир овқат ўрнида ўт-ўлан ейди. Бир томондан оғир қора меҳнат-у очарчилик, иккинчи томондан уруш оқибатлари Ҳасан Нормуродовни ўз тандирида пиширди. У ана шундай қийинчиликларда оёққа туриб, тўққиз-ўн ёшларида акалари ёнида меҳнатга кирди. Нафақат уй ишларига, дала ишларига ҳам ёрдам бера бошлади.
Йўқчиликда улғайган, қийинчиликларнинг жабрини тортган, ҳаётнинг қадрини, тирикчилик ташвишларини эрта англаб етган Ҳасан Нормуродов бошланғич синфда ўқиб юрган кезларидан адабий китоблар ўқишга киришди. Бир бурда нон топиш амримаҳол бўлган замонда, китоб анқонинг уруғи бўлгани шубҳасиз. Интилганга толе ёр, деганлар ҳақ экан. Мактаб кутубхонасидаги китоблар етмагандек, улғайган сайин Каттақўрғон шаҳар кутубхонасининг фаол аъзосига айланди. Мактабни, сўнгра Каттақўрғон педагогика билим юртини аъло баҳолар билан тамомлаб, 17 ёшида ўқитувчилик қила бошлади.
Шунга қадар ота ўрнини билдирмасликка ҳаракат қилиб, барча масъулиятни елкасига олиб, уч ўғил, икки қизни оқ ювиб, оқ тараб келган волидаи муҳтарамаси Мисқол ая 1957 йил кузида оғир касалликка чалинди. Кеч кузакка келиб, аҳволи ёмонлашди. Она оқила аёл эди. Биринчи қор ёққан кеча фарзандларини ёнига чақирди.
– Очилой, Эргаш, Ҳамдам, энди катта бўлиб қолдингиз, касб-корингиз бор, сизлардан кўнглим тўқ, – деди она бошини ёстиқдан сал кўтариб. – Ҳасан техникумни битириб, мактабда ишлаяпти. Ҳали ёш. Олий маълумот олиши керак. Унга ёрдам беринглар. Ўқишга кираман деса, қўллаб-қувватлаш керак. Шунда, раҳматли ота-боболарингизнинг руҳлари шод бўлади. Ёддан чиқарманглар, ота-боболаринг оч қолса ҳам, етишмовчилик бўлса ҳам нон устида талашмаган, аксинча, бир майизни қирқ бўлиб ейишган, иноқ бўлишган. Сизлар ҳам битта мақсадда, обрўли бўлиш ва уни сақлаш мақсадида яшанглар. Бирлашинглар болаларим, қўлни қўлга бериб, бир-бирингни қўлларингдан тортиб, ёрдам беринглар...
Мисқол аянинг оламдан ўтиши фарзандлар учун катта йўқотиш бўлди. Ҳам ота, ҳам она ўрнини босиб келган волидаи муҳтарамасидан айрилиш доғи фарзандлар қалбида сақланиб қолди.
Орадан кўп ўтмай Ҳасан мажбурий ҳарбий хизматга чақирилди. Меҳрибон опаси ва акалари топган-тутгани билан сийлашиб, уни ҳарбий хизматга кузатиб қолишди.
1958 йил баҳори. Поезд саккиз кеча-ю кундуз деганда Украинага етиб борди. Ҳарбий қисм вакиллари томонидан кутиб олинган эшелон юзлаб солдатлар билан вокзалга кириб келди. Поезддан юк халтасини елкасига ортганича сакраб тушаётган ўзбек йигитлари орасида Ҳасан Нормуродов ҳам бор эди. Ўша куни кечга яқин ҳарбий хизматга чақирилганлар махсус ҳарбий қисмнинг 3-рота казармасига жойлаштирилди ва кечки овқатдан кейин ҳаммомга олиб борилди.
Ҳамма қатори ҳаммомдан ҳарбий формада казармага қайтган Ҳасан Нормуродов кўркамлиги туфайлими ёки ҳар ҳолда ўқитувчи бўлиб ишлаб, бирмунча тажриба орттирганлиги сабаблими, ҳарқалай рота командирининг эътиборини тортди.
– Нормуродов Ҳасан, қатордан чиқинг, – деди саф тортиб турган солдатларга қараб рота командири Василий Петров. – Штабга, штаб бошлиғи Александр Сергеев кабинетига боринг ва натижаси ҳақида ахборот беринг.
Шахдам қадамлар билан қатордан отилиб чиққан Ҳасан Нормуродов бир зумда Александр Сергеев хонасига кириб борди.
– Рухсат этинг, ўртоқ командир.
– Киринг, – деди командир бошини қимирлатиб.
– Оддий солдат Ҳасан Нормуродов буйруғингизга биноан етиб келди, – деганча ўнг қўлини кўтариб бошига текказди ва шу заҳоти бош кийимини қўлига олди.
– Ўтиринг, қандай келдингиз, йўлда қандай воқеалар содир бўлди, шулар ҳақида мана бу қоғозга тушунтириш хати ёзинг, – деди командир жиддий оҳангда.
Бундай совуқ муносабатдан ҳайрон бўлган Ҳасан Нормуродов имо билан кўрсатилган ўриндиққа ўтириб, командир узатган қоғозга Самарқанддан етиб келиш тарихини баён этди.
Уни кузатиб турган командир ўрнидан туриб, қоғозга кўз югуртирди.
– Рус тилини яхши биларкансан, ҳуснихатинг ҳам чиройли экан, бугундан бошлаб штабда ишлайсан, – деди майин табассум билан оддий аскар Ҳасан Нормуродовга юзланиб. – Махфий ҳужжатлар билан ишлайсан. Менинг ёрдамчим бўласан. Тушундингми?
– Хўп бўлади ўртоқ майор. Кетишга рухсат беринг...
Армия Ҳасан Нормуродов учун қийин бошланмади. Аммо, эндигина бошқа тилли мамлакатдан бориб, бир йўла ҳужжатлар билан рус тилида иш юритиш осон эмас эди. Шундай бўлса-да, у бу ишни уддалади. Ўша кундан бошлаб рус тилини мукаммал ўрганишга киришди. Куни билан штабда ишлади, кечки овқатдан кейин ярим тунгача казарманинг маънавият хонасига кириб, рус тилини ўргана бошлади. Унинг қўллари ёзув тахтасига айланди. Тунлари қўлларини устига, кафтига тўлдириб ёзди, кун бўйи шу ёзувларни иш жараёнида қўллади. Чап қўли таржимон-луғат вазифасини бажарса, ўнг қўли келишиклар ҳақида маълумот бериб турарди. Кўп ўтмай барча қийинчиликларни ортда қолдирди.
Шундай қилиб, ҳар куни эрталабки нонуштадан кейин ҳамма солдатлар ўз вазифаларини адо этишга кетишади, Ҳасан Нормуродов эса идорага, штаб бошлиғининг хонаси ёнида жойлашган, барча қулайликларга эга, бир қисми бошқалар кирмаслиги учун тўсиб қўйилган махсус хизмат хонасига кириб, иш юритади. Ҳар бир хизматчи ва солдат учун махфий хизмат варақаларини тўлдириб боради.
– 1959 йили ҳарбий хизматни ўтаб юрган кезларим Украинада туриб Ўзбекистонга оид хабарларни штаб кутубхонасига келадиган газеталардан ўқиб-билиб олардим, – дейди Ҳасан Нормуродов. – Кунларнинг бирида газетада Ўзбекистон Компартияси Марказий комитетининг пленуми бўлиб, унда ташкилий масала кўрилганлиги ҳақидаги мақолага кўзим тушди, Пленумда собиқ биринчи секретарь Собир Камолов ўрнига Шароф Рашидов Ўзбекистон Компартияси Марказий комитетининг биринчи секретари этиб сайланганлигидан хабардор бўлдим. Унга қадар Шароф Рашидовни ёзувчи, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг раиси, шунингдек, Ўзбекистон Олий Кенгаши Президиумининг раиси сифатида оммавий ахборот воситалари орқали билардим. Бу хабарни эшитиб, ўзимда йўқ хурсанд бўлганман. Нега-ки, Шароф Рашидовнинг яхши хусусиятлари, фазилатлари ҳақида кўп эшитгандим. Асарларини ўқигандим. Айниқса, “Ғолиблар” қиссасини ўқиб, унга нисбатан болаликдан меҳрим ошган эди. Кўп ўтмай ҳарбий қисмда миллатлараро дўстлик масаласида йиғилиш бўлди ва мен унда ўзбеклигимдан ғурурланиб, Шароф Рашидовнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида рус тилида маъруза қилгандим...
Оддий аскар Ҳасан Нормуродов ҳарбий қисмда тез танилди. Бир неча бор қисм раҳбарларининг мукофотларига сазовор бўлди. Унинг тартиб интизоми, ташкилотчилиги, меҳнатсеварлиги, айниқса, китобсеварлиги кўпчиликда қизиқиш уйғотди. Ҳарбий қисм кутубхонаси маъмурияти томонидан энг кўп китоб ўқиган китобхон сифатида эътироф этилди. Ҳарбий қисм командири уни энг зукко китобхон-аскар сифатида мукофотлаб, туғилиб ўсган юртига миннатдорчилик хати йўллади ва бу хат 1960 йил “Ленин йўли” (ҳозирги “Зарафшон”) газетасида чоп этилди. Хатда “Сержант Ҳасан Нормуродов китоб ва газета ўқиш, мазмун-моҳиятини тушунтириб беришда сафдошларига ўрнак. Ундаги шижоат ва жўшқинликка ҳавас қиламиз” деган сўзлар битилган эди.
1961 йил. Баҳор. Уч йиллик ҳарбий хизматни намунали ўтаб, оддий аскарликдан лейтенант унвонига қадар кўтарилиб Каттақўрғонга қайтди. Уч йил мобайнида рус тилини мукаммал ўрганган, ҳарбий ва сиёсий жиҳатдан чуқур билим ва кўникмаларга эга бўлган, юзлаб китобларни мутола қилган, “Мусофир бўлмагунча мусулмон бўлмайсан” деганларидек, мусофирчиликни ҳам бошидан ўтказган ва шу билан бирга ўзга мамлакатлар халқларининг ҳаёти ва шароитларини яқиндан ўрганган Ҳасан Нормуродов ўша йили Самарқанд давлат университетининг ўзбек филологияси факультетига ўқишга кирди. Очиғи, унинг билими, нутқининг равонлиги, ҳуснихати, кўплаб миллий ва хорижий бадиий адабиётларни, шеърларни билиши ва теран мушоҳада қилиши имтиҳон комиссияси аъзоларида катта қизиқиш уйғотди, университет раҳбариятининг эътиборини тортди.
Шу зайлда у Самарқанд давлат университетига талаба сифатида қадам қўйди. Талабалик йиллари домлаларнинг, тенгдош-талаба дўстларининг назарига тушди. Ўзининг юриш-туриши, муомаласи, одоби ва устозларга нисбатан ҳурмати билан кўпчиликка намуна кўрсата бошлади. Ким ўқиш ёки ёзишдан ёрдам сўраса “йўқ” демади. Семинар дарсларида домланинг бошқалардан сўрашига вақт қолдирмайдиган даражада минбардан тушмади... Фанларни чуқур ўзлаштириб, ҳар бир курсни аъло баҳолар билан якунига етказиб борди. Битирув курсида диплом ишини каттақўрғонлик мумтоз шоирлар ижодига бағишлади. Мазкур диплом иши имтиҳон ҳайъати томонидан аъло баҳоланди ва битирувчи талаба аспирантурага тавсия қилинди. Аммо, у моддий аҳволини ўйлаб, илмий иш қилишдан воз кечди.
Ўз фаолиятини Каттақўрғон шаҳридаги 3-ўрта мактабда ўқитувчиликдан бошлаган Ҳасан Нормуродов тез орада Каттақўрғон шаҳрида иқтидорли ва ташаббускор ўқитувчи сифатида танила бошлади. Академик Воҳид Абдулла, таниқли олимлар Улуғ Турсунов, Ботурхон Валихўжаев, Худойберди Дониёров, Орифжон Икромов, Ҳамдам Бердиёров, Нуриддин Шукуров, Сайдулла Мирзаев каби устозларининг сабоқларини олган талантли ўқитувчи мактабда дарс бера бошлаганданоқ эл оғзига тушди. Негаки, ёш муаллимда фикр ёки ғояни одамларга лўнда, чиройли, тушунарли етказа олиш қобилияти бор эди. Энг муҳими у тенгдошларинигина эмас, кўплаб ҳамкасбларини ҳам ўз сўзига ишонтира оларди. Ёш ўқитувчининг очиқ дарсларига ташриф буюрган ҳамкасбларида, ота-оналарда унинг дарсларга ижодий ёндашуви катта таассурот қолдира бошлади. Қисқа вақт ичида ўқувчиларнинг жонкуяр ва меҳрибон устозига айланди.
У ўқитувчилик оддий касб эмаслигини, қачонки ўқитувчи ўз фаолияти йўлида катта меҳнат ва жасорат қилиш кераклигини ҳис этса, бу касб энг улуғ, энг шарафли ва обрўли касб эканлигини қисқа фурсат ичида атрофидагиларга кўрсата билди.
“Меҳнат қилган элда азиз” деганларидек, Ҳасан Нормуродов ўз меҳнати билан каттақўрғонликларнинг эътиборини, ҳурматини қозона бошлади. У 1963 йилнинг ўзида Каттақўрғон шаҳар Ёшлар қўмитаси йўриқчиси лавозимига қабул қилинди. Ёш ва тиришқоқ, ҳаракатчан ходим кўп ўтмай бўлим мудири лавозимига кўтарилди.
Йигирма кунлик чақалоқлигида меҳрибон отаси – падари бузрукворидан айрилиб қолган, ўшандан бошлаб йигирма беш йил оралиғида ўтказган кунларнинг, бошидан кечирган воқеа-ю ҳодисаларнинг: айрилиқ, етишмовчилик, қора меҳнат сингари ҳаётнинг аччиқ синовларини бардош билан енгиб келган Ҳасан Нормуродов 1965 йил сиёсий майдонга чиқиб келди.
Ўша даврнинг якка ҳукмрон партияси шаҳар қўмитасининг ташкилий бўлими мудири лавозимига ўтирди. Шундан кейин унинг лавозимларга кўтарилиши тезлашиб борди. Кечаги ўқитувчи бугуннинг илғор раҳбарларидан бирига айланди. Самарқанд вилояти партия қўмитаси инспектори, Жомбой тумани партия қўмитаси иккинчи секретари, Самарқанд вилояти партия қўмитаси бўлим мудири лавозимларига дадиллик билан чиқиб борди. Албатта, у даврларда ҳам бундай лавозимларда ишлаш учун алоҳида: интизом, ҳар бир ишда шахсий намуна, ҳалоллик, поклик, тўғрилик, тозалик, маданият... каби талаблар бор эди. Бу хислат ва фазилатларнинг барчасини ўзида мужассам этган Ҳасан Нормуродов 1978 йилда Ўзбекистон компартияси Самарқанд вилояти қўмитасининг мафкуравий секретари курсисига ўтирди ва шу орада ишдан ажралмаган ҳолда Москва шаҳрида КПСС марказий Комитети ҳузуридаги Ижтимоий фанлар академиясини имтиёзли диплом билан тугатди.
– Узоқ йиллар давомида фидойи инсон Ҳасан Норбекович билан бақамти ишлаганимдан фахрланаман, – дейди меҳнат фахрийси Мансур Абдураимов. – У Самарқанд вилояти партия қўмитаси секретари бўлиб ишлаган кезларда мен “Большевик” (ҳозирги Пастдарғом туманининг бир қисми) тумани партия ташкилотининг биринчи секретари бўлиб ишлаганман. У вилоятимизнинг энг истеъдодли, ишбилармон раҳбарларидан бири эди. Мафкуравий ишлар бўйича вилоят раҳбари сифатида бизга кўп ёрдам берган. Суҳбатларидан, тажрибаларидан, имкониятларидан кенг фойдаланганмиз. Одамлар қалбига йўл топиш, фикрни тушунарли ифодалаш, керакли гапни керакли жойда айтишда ундан ибрат олса арзийди. У ажойиб нотиқ, обрўли кайвони, меҳрибон дўст сифатида қалбимиздан чуқур жой олган. Унинг инсонийлик ва раҳбарлик фазилатларига ҳавас қиламиз. Шу сабабли, саксон ёшни қаршилаган бир пайтда ҳам Ҳасан ака халқнинг ҳурмат-эъзозида.
Дарҳақиқат, собиқ компартиянинг мафкуравий ишлар бўйича вилоят раҳбари бўлиш осон иш эмас эди. Ҳасан Нормуродов бу ишни моҳирлик билан бажарди. Маълумки, Самарқанд вилояти аҳоли сони жиҳатидан ҳам, майдони жиҳатидан ҳам, бошқа жиҳатлардан ҳам мамлакатда ўз ўрнига эга бўлган вилоят. Унинг ҳар бир гўшаси, ҳар бир қарич ер майдони, чўпон-чўлиғию деҳқони, зиёлиси-ю заргари, барча-барчаси Ҳасан Нормуродовнинг эътиборида бўлди. Асосий эътиборни аҳолининг сиёсий ва ҳуқуқий билимларини оширишга, халқнинг кайфиятини кўтаришга, одамлар билан яқин муносабатда бўлишга қаратди. Ўша кезларда вилоят компартиясининг бош нашри сифатида чоп этиладиган “Ленин йўли” (ҳозирги “Зарафшон“)газетасининг ҳар бир корхона-ю муассасага: меҳнат жамоасига, ишчига, хизматчига; ҳар бир дала майдонига: деҳқонга, сувчига, чорвадорга; ҳар бир хонадонга: ўқитувчига, уй бекасига, ўқувчига етказиш чораларини кўрди. Вилоят газетасида оддий деҳқон ёки чўпонга бағишланган мақолалар сони ортиб борди. Одамларни кайфиятини кўтариш, уларга ички руҳ бериш масалаларига биринчи галдаги вазифа сифатида қаради. Ва бу каби саъй-ҳаракатлари билан вилоятнинг ҳам иқтисодий, ҳам ижтимоий ривожланишига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшди. Мана шундай катта тажриба билан 1985-1988 йилларда Ўзбекистон Компартияси Нарпай тумани қўмитасининг биринчи котиби лавозимида фаолият юритди.
– Нарпай тумани партия ташкилотининг биринчи котиби Ҳасан Нормуродов ҳақида кўп яхши фикрларни эшитиб юрардиму, аммо у билан 1987 йилга келиб юзма-юз кўришиш имконига эга бўлдим, – дейди меҳнат фахрийси Акром Раҳматов. – Бу вақтда Оқтош шаҳридаги 4-умумий ўрта таълим мактабида ўқитувчи бўлиб ишлардим. Мактаб бошланғич партия ташкилотининг тавсияси билан ҳужжатларим КПСС сафига қабул қилиш учун тақдим қилинган эди. Ўшанда 11 кишилик бюро йиғилишида Ҳасан Норбекович ҳужжатларимни кўриб, бизга асосан сут соғувчи, пилла боқувчи, қурувчи, тракторчи, сувчиларнинг ҳужжатлари тақдим қилинган, ўқитувчини ҳам тавсия қилса бўлар экан-ку, деб ҳужжатларимни кўздан кечира бошлади ва менга юзланиб, “Партиянинг жамиятни қайта қуриш сиёсатини қандай тушунасиз”, дея савол берди. Мен Ўзкомпартия Марказий комитетининг 16-Пленуми қарорлари ва “Жамиятни қайта қуриш стратегияси” ҳақида гапириб бердим. Ўшанда бюро раиси йиғилганларга қараб: “Кўрдингизларми, бизда шундай илмли, партия сиёсатини яхши тушунадиган ёшлар бор, биз уларни излаб топишимиз, тарбиялаб боришимиз керак. Акс ҳолда эртага бизнинг ўрнимизга ким келади, бизнинг ишимизни ким давом эттиради? Ўртоқлар, кадрлар масаласи муҳим масала, бу масалага ҳаммамиз ва ҳар доим бош қотиришимиз керак, айниқса, ёш кадрларни қўллаб-қувватлаш вақти келди, улар сиз билан бизнинг ўрнимизга келиши керак” деган гапларни айтди. Унинг ёшларга бўлган эътибори, ғамхўрлиги натижасида ўттиз йилга яқин раҳбарлик (мактаб директори, туман ва шаҳар халқ таълими бўлими мудири, туман ҳокимининг ўринбосари) лавозимларида ишладим.
– Ҳасан Норбекович вилоятдаги энг катта туманлардан бири бўлган Нарпай туманига раҳбарлик қилган кезларини яхши эслайман, – дейди меҳнат фахрийси Неъмат Обилов. – Мен ўшанда “Қишлоқхўжаликкимё” бирлашмаси раиси эдим. У тез орада туманда ҳурмат қозонди. Халқ билан мулоқотга, ижтимоий-сиёсий вазиятни барқарорлаштириш, маънавий-маърифий ва маданий ҳаётни равнақ топтириш масалаларига киришди. Унинг овозидаги майинлик, сўзидаги шира, айни вақтда салобат билан юриш, таъсирчан ва синовчан қараш орқали туман бошқарув идоралари раҳбарларини ва мутахассисларни ўзига ром қилиб қўйди. Мулойимлик ва айни вақтда ҳар томонлама намуна кўрсатиш принципи ўз натижасини берди ва у бу билан нарпайликларнинг суянчиғига айланди. Туманда пахта ва пахта саноати, полиз ва боғдорчилик, ғалла, чорва ва бошқа хомашё базаси фаолияти айнан мафкуравий ёндашувлар эвазига ривожланди. Аҳолини камситиш, қўрқитиш билан эмас, руҳиятини, кайфиятини кўтариш, ўз вақтида рағбатлантириш орқали туманда барча йўналишлар бўйича иш сифати ва самарадорлиги оширилди. Таълим-тарбия ва спорт йўналишлари туман раҳбарининг биринчи навбатдаги ишига айланди. Мен буни туман партия қўмитасида бўлим мудири лавозимида ишлаган давримда аниқ ҳис этдим.
Ҳа, бу биргина Неъмат Обиловнинг фикри эмас, бутун нарпайликларнинг фикри. Кези келганда айтиш жоизки, 1994 – 1997 йилларда Нарпай туманлараро судининг раиси бўлиб ишладим. Ўшандан буён нарпайлик, оқтошлик одамлар билан кўп суҳбатлашишимга тўғри келган. Қайси даврада бўлмайлик, албатта, Ҳасан Нормуродовни яхши хислатлари билан, хусусан ҳалол ва пок, кўзи тўқ раҳбар сифатида тилга олишади. “Бир кун туз еган жойга қирқ кун саломни Ҳасан акадан ўргандик”, “Ҳали-ҳамон Нарпайдан, нарпайликлардан узилиб кетмаган, тўй-маъракадан хабардор”, “Катта-ю кичикка, бой ва камбағалга бирдек раҳбарни Ҳасан Нормуродов тимсолида кўрганмиз”, каби гапларни кўп эшитаман. Замонамиз қаҳрамони ўзининг камтарлиги, самимийлиги, одамохунлиги ва оқибати билан Нарпай халқининг кўнглини забт эта олган раҳбар эди, десак ҳеч қандай муболаға бўлмайди.
1988 йилдан халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгаши ижроия қўмитаси халқ таълими бошқармаси бошлиғи лавозимида иш бошлаган Ҳасан Нормуродов ўз касбий фаолиятига қайтганидан хурсанд эди. Мамлакат тақдирини ҳал қилувчи куч – таълим-тарбия эканлигини яхши билган қаҳрамонимиз ишни мактаб ва мактабгача таълим муассасаларида таълим сифатини ва уларнинг моддий-техник аҳволини ўрганишдан бошлади. 1989 йил Ислом Каримовнинг мамлакат раҳбари сифатида иш бошлаши, ўша йилнинг ўзида Ўзбекистон ССР Конституциясида ўзбек тилига давлат тили мақоми берилиши ва бошқа жиддий ўзгаришлар бошқарма бошлиғини тўлқинлантириб, илҳомлантириб юборди. Пировардида, у Ўзбекистоннинг ўз таълим-тарбия тизими бўлиши керак ва унда ҳар бир ўқувчи адолатли равишда, ҳеч кимдан кам бўлмаган ҳолатда, тенг шароитда ўқиши керак, деган мақсад билан ҳаракат қилди. Ҳар бир фан ўқитувчиси, педагогик кенгашлар олдига дарсларни олдиндан пухта тайёргарлик кўрган ҳолда кўргазмали қуроллар ёрдамида, интерфаол услубда ўтиш масаласини қатъий белгилаб қўйди. Ўқитувчилар малакасини ошириш, уларни энг сўнгги педагогик-методик қўлланмалар билан таъминлаш, очиқ дарсларни кўпайтириш, мактаб ва синф ота-оналар кенгашлари фаолиятини тубдан яхшилаш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.
– Ҳасан Нормуродов Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи бўлган даврлар вилоятда халқ таълими ривожланиш босқичига чиққан эди, – дейди меҳнат фахрийси Акром Раҳматов. – Ҳамма иш тартибли, режали ҳамда ўз вақтида амалга ошириларди. Масалан, туман (шаҳар) халқ таълими мудирлари билан ойида бир марта йиғилиш ўтказарди. Йиғилишни белгиланган вақтдан бир минут ҳам кечиктирмасдан бошлаб, белгиланган вақтда тугатарди. Бир қарашдан инсоннинг ички дунёсини билиб оладиган, ниҳоятда синчков, хотираси кучли, ҳар бир масалани биладиган ва таҳлил қиладиган ноёб истеъдодли раҳбаримиз ҳаммамиз учун намуна эди, десам муболаға бўлмайди. Мажлисни санъат билан бошқарарди. Қош-қовоқ солиш, дўқ уриш, бақириш, сўкиниш каби иллатларга бегона бўлган Ҳасан Нормуродов яхши кайфият, очиқ юз билан йиғилиш ўтказарди. Йиғилишда масалани ичига кириб, уни тагига етганлиги ойдек равшан бўлиб турарди. Хатога йўл қўйган маҳаллий раҳбарларнинг сўзларини диққат билан тинглаб, “Бундай хато ва камчиликлар сизга умуман ярашмабди. Ахир сиз жуда қобилиятли, зукко раҳбарсиз-ку, ишонгим келмайди”, деган сўзлар билан эътироз билдириб қўярди, холос. Бундай жозибали муносабат қўл остидаги раҳбарларни куйиб-ёниб ишлашга руҳлантирарди.
Маълумки, игна билан қудуқ қазиш сингари оғир касб эгалари – фан, таълим фидойилари ҳар доим ҳимояга, кўмакка, қўллаб-қувватлашга муҳтож. Ҳасан Нормуродовнинг 1995 йили халқ таълими ва фан ходимлари касаба уюшмаси Самарқанд вилояти қўмитаси раиси лавозимида иш бошлаши соҳа ходимларини қувонтириб юборди. Истеъдодли, тадбирли ва айни вақтда ғамхўр, меҳрибон раҳбар соҳа вакилларини қўллаб-қувватлаш учун жон-дилдан киришди.
– Халқ таълими ва фан ходимлари касаба уюшмаси Самарқанд вилояти қўмитаси раиси лавозимида иш бошлаган даврларда ҳам, ундан олдин ҳам, ундан кейин ҳам Ҳасан Норбекович Самарқанд давлат университети, хусусан, ўзбек филологияси факультети домлалари билан шогирдлик алоқасини узган эмас, – дейди филология фанлари доктори, Самарқанд давлат университети профессори Раҳмонқул Орзибеков. – Ҳали ҳам давом эттириб келаётган алоқалари ҳам ўта ибратли. У киши имкони борича университетда бўладиган ҳар бир учрашув ва тадбирда қатнашади, ўзининг доно фикрлари билан университет ҳаётидаги ривожланишларга ҳисса қўшади. Олимлар, аспирант ва талабалар ўртасида давом этиб келаётган алоқаларини янгилаб, бойитиб туради. Биз ҳам у кишининг университет олимларига бўлган илиқ муносабатини юксак даражада қадрлаймиз, ҳурмат қиламиз.
Самарқандга борсам, маҳаллий газеталар билан қизиқиб қоламан. Кунларнинг бирида Ҳасан Нормуродов ҳақидаги мақолага кўзим тушди. Унда, жумладан, шундай сатрлар бор эди:
– Ҳаётда истеъдод деган муқаддас тушунча бор, – дея сўз бошлаган Самарқанд вилоят “Баркамол авлод” маркази раҳбари Абдуҳалим Мелиев. – Курраи заминда минглаб, миллионлаб одамлар яшаса-да, ҳар кимга ҳам насиб этмас бир ноёб неъмат бор – бу истеъдод. Ўйлайман-ки, Самарқанд қадим-қадимдан дунё халқларининг диққат марказида бўлиб келган. Бу ерда илм фаннинг ривожланганлиги, деҳқончилик маданияти, боғдорчилик ривожи-ю қурилиш ва ободончиликдаги ўзига хослик барчани ҳайратга солган ва бундан кейин ҳам солаверади. Бугун ҳам бу анъана таъсирчанлиги, кучи ва мазмунини йўқотган эмас. Ҳасан Норбековичга боқиб таъсирланаман: истеъдодли одамлар кўп, жуда ҳам кўп. Аммо, Самарқандда мингта бўлишса гар улар, биттаси устоз Ҳасан Нормуродов, – дея баралла айта оламан:
Шундай яралгандир дунё азалдан,
Ҳар кимга ҳам насиб этмас истеъдод.
Самарқандда мингта бўлишса улар,
Биттаси, Сиз, устоз – Ҳасан Нормурод.
– Ҳасан Нормуродов билан узоқ йиллардан буён ёнма-ён меҳнат қилиб келяпмиз, – дейди шогирди Маҳмуд Бобоёров. – Устознинг ҳар бир босган изи ибрат, намуна. Қаерда ишлаган бўлмасин, яхши из қолдирган, яхши ном қолдирган. Ҳар бир ишга сидқидилдан ёндашиш, топшириққа масъулият билан қараш, натижадорлик, сифат ва самарадорлик учун курашиш, бугунги ишни эртага қолдирмаслик каби одатлари биз учун жуда катта намуна, жуда катта мактаб. Самарқанд вилояти таълим тизимини кўтариб берганлигини, соҳага иқтидорли, талантли кадрларни олиб кирганлигини, натижадорликка эришганлигини, кейинчалик касаба уюшмаси раиси сифатида соҳа ходимларини ижтимоий қўллаб-қувватлаганлигини, уларни меҳнат қилиш ва дам олиш шароитларини бутунлай янгича тизимга олиб чиққанлигини гувоҳимиз. Қаерда, қайси лавозимда ишлаган бўлмасин, ёшу қарига бир хил самимий муносабат, оқибат кўрсатиш, сўз ва иш бирлиги, юксак ҳуқуқий маданият билан иш тутиш каби фазилатлари кўпчиликни ҳайратлантиради. Тўғрисини айтсам, у билмайдиган ишнинг, тушунмайдиган ёки аралашмайдиган масаланинг ўзи йўқ. Вилоятимизнинг жонли архиви. Биз кимни ёки нимани ахтарсак, Ҳасан Нормуродов орқали топамиз, биз нимадан қийналсак, унинг маслаҳатларига таянамиз.
Шу ўринда айтиш жоизки, узлуксиз раҳбарлик лавозимларида ишлашнинг ўзи бўлмайди. “Мансабга чиқиб олиш осон, аммо уни сақлаб қолиш қийин”, деган гап бежиз айтилмаган. Мансаб юкини кўтариш, масъулиятини ҳис этиб яшаш ҳамманинг ҳам қўлидан келадиган иш эмас, аслида. Ҳасан Нормуродов ана шу юкни виждон билан, ҳалоллик ва поклик билан, самимият ва садоқат билан кўтарди. Яхшиликни ҳаёт йўлининг бош шиорига, камтарликни иш қуролига айлантирди. Одамларга меҳрибонлик билан муомалада бўлди. Ҳар бир инсон билан табассум остида мулоқотга киришди. Энг муҳими, 17 ёшида бошлаган ўқитувчилик касбини унутмади. Ҳар бир ишга педагог нуқтаи назаридан ёндашди. Агар мендан педагог қандай хислатларга эга бўлиши керак, деб сўрашса, албатта, Самарқандга бориб Ҳасан Нормуродовни кўринг, деган бўлардим.
У теварак-атрофидаги одамлардан фақат яхшилик излашга, уларнинг гўзал, инсоний фазилатларини аниқлашга ва қадрлашга, ўксик қалбларга малҳам бўлишга одатланган. Вилоятда турли раҳбарлик лавозимларида фаолият кўрсатганида, айниқса, халқ таълимини бошқарган кезларида ана шундай моҳир педагоглиги қўл келди ва пировардида кўпчиликнинг самимий ҳурмат-эътиборига мушарраф бўлди.
– Вазифа, мартаба инсоннинг ўзига бино қўйиб кибру ҳавога берилиши учун эмас, аксинча, эзгу амаллари билан ўзгалар қалбида яхшилик чаманзорларини бино этиш учун берилган имконият, – дейди Ҳасан Нормуродов. – Қайси бир раҳбар шу қоидага амал қилиб иш кўрса, доимо халқнинг назарида бўлади. Ота-онасига, таълим-тарбия берган устозларига раҳмат келтиради. Мен ҳам ҳолми қудрат меҳнат қилиб, ҳазрат Алишер Навоий айтганидек халқ ичидаман, халқникиман, халқ билан биргаман...
Одамий эрсанг, демагил одами
Ониким, йўқ ҳалқ ғамидин ғами.
Ўз тинчини, фароғатини ўйламаган, ўз манфаатларидан ўзгалар манфаатини устун қўйган, бутун умрини жамоат ишларига, жамоатчиликка бағишлаган, халқ ғами ва ташвишларини ўзиники деб билган бу олиҳиммат инсон шундан кейин ҳам жамият ишларидан узилиб қолган эмас. У 2003 йилдан бошлаб “Нуроний” жамғармаси Самарқанд вилояти кенгашига раислик қилиб келмоқда.
– Ер юзининг сайқали бўлган азим Самарқандда яшаб ва ишлаб тафаккуршунос-муаллим, зукко донишманд, серқирра раҳбар бўлиб етишган Ҳасан Нормуродовни ҳар кўрганимда юзида чақнаб турган комиллик нуридан кўзларим қамашади, – дейди таниқли ҳуқуқшунос, Самарқанд вилояти судининг раиси, Ўзбекистон Республикаси адлия вазири, Самарқанд вилояти ҳокими ва бошқа масъул вазифаларда ишлаган, биринчи даражали давлат адлия маслаҳатчиси Алишер Мардиев. – Айниқса, унинг кўплаб сифатлари менда жуда катта қизиқиш уйғотган. Уларни санайдиган бўлсак бир-бирига уланиб кетаверади. Аввало, Ҳасан Норбековични ўта маданиятли шахс ва юксак маънавиятли замондош сифатида яхши биламан. У одамлар билан муомала ва муносабатда жуда маданиятли. Ҳеч кимнинг кўнглини оғритмайди. Ҳар бир одамнинг ҳурматини жойига қўйиб муомала қила билади. Ҳар бир қадамини ўйлаб босади, етти ўлчаб, бир кесади. Қайси лавозимда бўлишидан қатъи назар, ўша лавозимнинг ҳурматини жойига қўйиб, давлатга ҳам, ҳокимиятга ҳам, халққа ҳам садоқат билан хизмат қилиб келмоқда. Ўз вазифасига ва берилган ҳар қандай топшириққа масъулият билан ёндашишини нафақат мен, бутун жамоатчилик яхши билади. Шу сабабли ҳам Ҳасан Норбекович кенг жамоатчиликнинг эътиборини, ҳурматини қозонган. Кези келганида таъкидлаш жоизки, Ҳасан Нормуродовнинг болалиги уруш йиллари ва урушдан кейинги очарчилик, қаҳатчилик, инсон сабр-тоқати ҳамда меҳр-оқибати синовдан ўтган оғир йилларга тўғри келган. Ўша давр ва унинг қийинчиликлари ҳам Ҳасан Нормуродов учун катта мактаб вазифасини ўтаган, деб ўйлайман. Қийинчиликларни кўрган бу авлод вакиллари ҳалол, меҳнаткаш, тирикликнинг, яхшиликнинг қадрига етадиган меҳр-оқибатли одамлардир. Ҳасан акадаги ҳаётга муҳаббат, ота-онага, маҳаллага, она юртга садоқат, шу Ватан учун ҳалол ва сидқидилдан меҳнат қилиш тушунчаси таҳсинга лойиқ. Қолаверса, у киши туғилиб ўсган оиладаги муҳит ва берилган тарбия ҳозирга қадар ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган. Энг муҳими, ота-боболаридан ўтган тарбия, шижоат, меҳнатсеварлик белгилари сўнган эмас. Аксинча, авж олиб, замондошларининг меҳрибон дўстига, нуронийларнинг, ногирон ва ёрдамга муҳтож инсонларнинг ғамхўр отасига айланган. У киши ҳаётининг саксонинчи баҳорини қаршилаш арафасида ҳам Юрт равнақи, Ватан тараққиёти, Халқ фаровонлиги йўлида самарали меҳнат қилиб келмоқда, ёниб-ёниб, ҳар бир ишидан завқланиб яшамоқда.
Дарҳақиқат, Ҳасан Нормуродов ҳар бир муваффақиятга эришганида болалигида ўтиб кетган ота-онасини эслаб туради. Ҳа, Нормурод отадан ўтган хислатлари талайгина. Айниқса, кайвоничилик. Чунки, Нормурод ота ҳам яхшигина оқсоқол-кайвони эдилар-да. Қишлоқ аҳолиси, ён-веридаги одамлар, қариндошлар ҳаётий фалсафаси чуқур бўлган отахонни ўзларининг маслаҳатчиси деб тан олишган. Оқсоқол қишлоқдаги ободонлаштиришдан тортиб тўй-маъракаларгача бошқарган. Ҳар бир кишининг қобилияти ва истеъдодига қараб иш буюрган. Ҳамма вақт тўғри фикрни қадрлаган ва қувватлаган. Буни билган кўплаб каттақўрғонликлар Нормурод ота билан бамаслаҳат иш тутган. Бугун ана шундай отамерос хислатлари намоён бўлган Ҳасан Нормуродов самарқандликларнинг севимли отахонига, фахрли кайвонисига айланган.
У бугунги кунда Самарқанд вилоятидаги 255 минг нафардан ортиқ меҳнат фахрийси – нуронийларга бош-қош. Унинг бутун вужудини Ватанга муҳаббат, аждодларга ҳурмат, вазифага масъулият эгаллаб олган. Ана шу масъулият унга битмас-тугунмас куч-қувват, ёшларга хос ғайрат-шижоат бахш этмоқда.
– Орамизда шундай инсонлар борки, улар ҳақида гапириш, улар ҳақида ёзиш, уларнинг қилган кенг қамровли ишларини эътироф этиш, энг муҳими, улар билан замондош ва даврадош бўлиб, елкама-елка туриб меҳнат қилиш нафақат бахт, балки саодат ҳамдир, – дейди Пўлат Абдураҳмонов. – Ҳасан Нормуродов ана шундай фахр-ифтихорга муносиб инсон. Ундаги юксак билим ва савия, кучли хотира, меҳнаткашлик, сабр-тоқатлилик, инсонийлик, халқпарварлик, кишиларнинг эзгу фазилатларини ҳамиша ижобий баҳолаш, яхшилик учун яшаш, бошлаб юборилган хайрли ишларни охиригача етказиш, энг муҳими, ҳаммага бирдек мақбул келадиган лойиҳаларни амалга ошириш барчанинг ҳам қўлидан келавермайди. Мен салкам 50 йил мобайнида Ҳасан Нормуродов билан ҳамфикр бўлиб, давлат идораларида елкама-елка хизмат қилганимдан фахрланаман. У киши 1970 йилда вилоятнинг ғоявий-мафкуравий масалалари бўйича етакчиси бўлиб тайинланганидан бери халқ маънавияти ва маърифати учун хизмат қилиб келмоқда. Бир муддат Самарқанд вилоятининг Нарпай туманида биринчи раҳбар вазифасида ишлади. Қайда бўлмасин, қайси идорада, қандай лавозимда фаолият юритмасин ҳамиша ҳалол бўлиб, сидқидилдан меҳнат қилди. Ҳамкасбларига меҳрибон бўлиб, улардан ёрдамини аямайдиган севимли устоз ва етакчи бўлиб яшади. Мен у киши билан бир вақтда вилоятда қурилиш ишлари бўйича раҳбар бўлиб ишладим, турли лавозимларда фаолият юритдим. 1984-1989 йилларда Тошкент вилояти ижроия қўмитаси раиси бўлдим. Бироқ ҳамиша Ҳасан Нормуродов билан ҳамфикр бўлганман. Мустақилликнинг дастлабки йилларида 8 йил Самарқанд вилояти ҳокими вазифасида ишладим. Бу пайтда Ҳасан Нормуродов вилоят халқ таълими бўлими раҳбари, кейинчалик халқ таълими ходимлари касаба уюшмасини бошқарди. Вилоятнинг нафақат иқтисодий, балки, маънавий, маданий салоҳиятини юксалтиришда, энг кўп сайёҳлар ташриф буюрадиган, ҳамиша дунё эътиборида бўлган Самарқанд шаҳрининг ободлиги, кўркамлиги ва жозибаси учун курашишда Ҳасан Нормуродовнинг хизматлари катта. Ҳасан Нормуродов бугун республика “Нуроний” жамғармасининг вилоят бўлими раиси сифатида ҳам ибратли ишларни амалга оширмоқда. Бу вилоятимиз нуронийлари учун берилаётган имкониятлар ва қилинаётган амалий ишларда ҳам кўриниб турибди. Кексаларни эъзозлаш, ардоқлаш, уларнинг бой меҳнат тажрибасини муносиб баҳолаш, ёшларга ибрат намунаси қилиб кўрсатиш, уларнинг ҳаётдан ризолиги ва мамнуниятини ошириш учун барча саъй-ҳаракатларни амалга оширмоқда. Ҳасан Нормуродов нафақат ибрат олишга арзигулик раҳбар, балки тажрибали ташкилотчи, кучли нотиқ ҳамдир. Мен меҳнат фаолиятим давомида у кишининг нотиқлик санъатига, зукколигига ва зийраклигига қойил қолганман. У кишидаги фикрларнинг теранлиги, ҳар бир нутқининг долзарблиги, жамиятнинг барча соҳалари бўйича ўзига хос билимга эга эканлиги, тажрибаси юқорилиги таҳсинга лойиқ. Бунинг сабабларини эса Ҳасан Нормуродовнинг доим ўқиш ва изланишдаги китобхон эканлигидан, меҳнатдан қочмаслигидан, инсонларга фақат ва фақат яхшилик соғинадиган қалби дарёлигидан деб биламан. Бундай саодат ҳаммага ҳам насиб этавермайди. Орамизда, сафимизда Ҳасан Норбекович каби инсонларнинг борлиги, нафақат бизнинг, балки, келажак авлоднинг ҳам бахтидир.
Ҳа, Пўлат Мажидович эътироф этганидек, тиниб-тинчимас бу фидойи инсон ҳали ҳамон вилоятнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётида фаол иштирок этиб келмоқда, узоқ йиллардан бери вилоят кенгашининг депутати сифатида ёш депутатларга намуна бўлиб, ибратли ишларни амалга оширмоқда. Маҳаллий Кенгашларга сайлов ўтказиш бўйича вилоят сайлов комиссиясининг раиси, кейинги беш йил оралиғида Президент сайловларида икки марта ишончли вакил сифатида иштирок этиб, самарқандликларнинг қалбидан яна бир бор жой олди. Хусусан, 2015 йилда ўтказилган Президентлик сайловида Республика Президентлигига номзод Ислом Каримовнинг, 2016 йилги Президентлик сайловида Республика Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёевнинг Ишончли вакили бўлишдек юксак ва шарафли масъулиятга эга бўлиб, номзодлар ишончини тўлиқ оқлади.
У ҳар доим жамиятнинг устунлари адолат пойдеворидан қад ростласагина мустаҳкам бўлишини қайта-қайта таъкидлайди. Шу боис юз бераётган ижтимоий жараёнларга теран назар билан қараб адолат мезонларининг қарор топишида астойдил кўмакдош бўлмоқда. Кўпни кўрган, кўпчилик билан тиллаша оладиган адолатпарвар инсон бугун вилоятда ижтимоий масалаларни ҳал этишга дахлдор кўплаб комиссиялар аъзоси этиб сайлангани ҳам бежиз эмас. Бу комиссияларнинг ҳар бири давлат органлари билан бевосита ҳамкорликда ишлаб, умумхалқ манфаати учун энг тўғри қарорлар қабул қилиш билан бирга жамоатчиликнинг ижтимоий жараёнларга нисбатан фаол иштирокини таъминлашга ҳам хизмат қилмоқда.
У Самарқандда амалга оширилаётган давлат ислоҳотларига нодавлат ташкилотининг улушини қўшаётган, дахлдорлик ҳисси билан меҳнат қилаётган жамоат арбоби. Ҳар бир бунёдкорлик ва яратувчанлик ишларининг, юксалишларининг том маънодаги иштирокчиси. У кўҳна ва муаззам шаҳарнинг тарихий қиёфасини сақлаб қолган ҳолда уни янада ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш, кўча-хиёбонларини кенгайтириш, тураржойларини замонавийлаштириш учун ҳисса қўшиб келаётган инсонлардан бири. Самарқандни беш-ўн йил муқаддам кўриб кетган сайёҳ бугун ташриф буюрганида унинг гўзаллиги, бетакрорлиги қаршисида такрор ҳайратга тушиши тайин. Чунки Самарқанд — бу кўҳна ва мўъжизакор шаҳар, уни қадрлаган ҳар бир кексаю ёшнинг, қурувчи-ю муҳандиснинг, меъморнинг кўз нури, қалб қўри билан қайта сайқал топмоқда. Қаҳрамонимизнинг ана шу улуғвор ишларда ҳам муносиб ҳиссаси бор.
Ҳозирга қадар ҳам маънавий-маърифий ҳаёт унинг жону дили, у билан илм-у фан, маданият ва санъат соҳасида суҳбат қурсангиз унинг қувваи ҳофизаси нақадар баландлигига, мустаҳкамлигига тан берасиз. Ҳаётдан илҳомланиш, келажакка интилиш, воизлик, фозиллик ва комиллик ҳамиша ҳам одамни улуғлар, етукликка чорлар экан. Етуклик йўлида собитқадамлик билан бораётган қаҳрамонимиз бугунги кунда 80 ёшни қаршилаб турган бўлса-да, ҳамон жўшқин, ҳамон ишчан.
– Ҳасан акани шеър ёзмаган шоир дейишади, – дейди таниқли журналист-шоир Фармон Тошев. – Отахон нафақат филолог, айни вақтда файласуф ҳам. Мумтоз ва ҳозирги ўзбек адабиётининг зукко билимдони. Каттақўрғонлик Завқий, Ноқис, Мирий, Самариддин Сирожиддинов каби беназир инсонларнинг издоши. Шу сабабли таниқли ижодкорлар ҳам у кишининг олдида ҳушёр туришади. Газеташуносликнинг ҳам кўп сирларидан хабардор, бизни доим қўллаб-қувватлайди, ёрдам беради. Кези келганда хатомизни ҳам кўрсатиб қўяди... Ҳасан Нормуродовни ҳаммамиз кайвони инсон деб ҳурмат қиламиз. Кайвонилик дегани, у ёки бу даврани очиб бериш, давраларнинг тўрида ўтиришгина эмас. Кайвонилик, бу – ҳар бир юмушда масъулиятни зиммага олиш, бировга маслаҳат бера оладиган маънавий обрўга эга бўлиш, одамларни ўз ортидан эргаштира олиш демакдир. У ана шундай инсон. Очиғи ўзини, ўз тинчини ўйлаган инсон эмас. Тиниб-тинчимайди. Ҳалигача вилоятимизда амалга оширилаётган барча ислоҳотлар иштирокчиси. Энг чекка қишлоқларгача боришдан, одамларни тинглашдан, уларга ёрдам беришдан эринмайди, чарчамайди...
Ҳа, бу маърифатпарвар инсон билмаган масала, қизиқмаган соҳанинг ўзи йўқ. “Юз йил яшасанг, юз йил ўқи” шиорини маҳкам ушлаб олган. Бўш вақти бўлдими, китоб мутола қилишга, газета-журнал ўқишга киришади. Алишер Навоий ғазалларини ёддан айтиб, хотирасини мустаҳкамлайди. Китобдан олган билимларини одамларга улашади. Унинг ибратли хислатларидан яна бири – одамларга яхшилик қилиш, яхши гапириш, яхши амаллари билан ўрнак кўрсатишдир. Айниқса, инсонлар қалбига йўл топишни, ҳар қандай оддий инсонни ҳам жуда салоҳиятли, улуғвор қилиб кўкларга кўтариб, адашган одамни эса тўғри йўлга солиб қўйишнинг ҳадисини олган...
Очиғи, айрим кексалар нафақага чиқиб, энди қарилик гаштини сураман, деб чойхонада ўтирган бир пайтда Ҳасан Нормуродов ҳали-ҳануз ғайрат-шижоатда, эл-юртга ибратли ишлари билан банд. Унинг раҳбарлигида жамғарманинг Самарқанд вилояти ижтимоий маънавий ҳаётидаги таъсири, айниқса, ёшларни тарбиялаш, уларни миллий қадриятларимизни эъзозлашга, жонажон Ватан равнақи учун хизмат қилишга, халқ фаровонлиги йўлидаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлашга чақириш, уч авлод вакилларини бирлаштириш, кези келганда етаклаш борасидаги эзгу ишлари таҳсинга лойиқ, бардавом.
Оқсоқол бошчилигида нуронийлар мамлакат раҳбарининг ҳар бир оила учун муносиб турмуш шароитини муҳайё этиш йўлида олиб бораётган халқпарвар сиёсатини маъқуллаган ҳолда кўплаб ташаббусларга бош-қош бўлишмоқда. Биргина мисол. Давлатимиз раҳбарининг саъй-ҳаракатлари билан бундан икки йил муқаддам “Обод қишлоқ” дастури асосида Самарқанд вилояти Нуробод туманининг Жом қишлоғида, хусусан, Жом ва Гирдиқўрғон маҳаллаларида замонавий маҳалла марказлари, “Нуронийлар маскани” ва чойхона, иккита мактабгача таълим муассасаси қурилди. Ҳудуддаги маданият ва аҳоли дам олиш маркази атрофида замонавий боғлар, хотира майдони, ёзги амфитеатр, музей ва бошқа иншоотлар бунёд этилди. Жом бозори замонавий архитектура талаблари бўйича реконструкция қилинди. Қишлоқ ҳудудидаги 5,4 километр йўлга асфальт ётқизилди, 22 километр ички йўлларга қум-шағал тўкилиб, текисланди. Қишлоқ ҳудудидаги таълим ва тиббиёт муассасалари ҳам эътибордан четда қолмади.
Аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида иккита артезиан қудуғи қазилиб, сув миноралари ўрнатилди. Мавжуд сув тармоқлари таъмирланиб, 500 метр масофага янги қувур ташланди. Эски, яроқсиз симёғочлар янгисига алмаштирилди ва янги тармоқлар тортилди, замонавий, кичик трансформатор қўйилди, маиший газ баллонлари тарқатилди.
Бу каби улкан бунёдкорлик ишлари ажойиб якун топгани, эски, хароба уйлар ўрнида замонавий яшаш уйлари, истироҳат боғи, сервис хизмат масканлари қад ростлагани, ўнқир-чўнқир йўллар текисланиб асфальтлаштирилгани, электр таъминоти изчил йўлга қўйилгани ҳар қандай одамда фахр-ифтихор, ҳавас уйғотади. Ана шу бунёдкорликнинг илк кунларидан бошлаб самарқандлик нуронийлар оқсоқол бошчилигида Жомда қурувчи-ю меъморлар билан ёнма-ён юриб, эзгу ишларнинг самарали якунига етиши учун ўзларининг қимматли маслаҳатлари, йўл-йўриқлари билан мададкор бўлишди. Ўнлаб оилаларнинг аҳволидан хабар олишиб, уларни иш билан таъминлаш, тиббий даволаш, томорқа хўжалигини йўлга қўйишларига ёрдам беришди. Бундай мисолларни узоқ давом эттириш мумкин.
– Шу йилнинг ўзида Самарқанд вилояти бўйича қўшимча равишда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар асосида 711 та арзон уй-жойлар, шаҳарларда 840 та хонадонли 20 та кўп қаватли уйлар, 233 та боғча, ўнлаб меҳмонхоналар қурилади, борлари таъмирланади, – дейди қаҳрамонимиз. – Кам таъминланган оилалар, ногиронлар, узоқ вақт уй ололмай, навбатда турган аҳолига уй-жойлар берилади. Ҳарбийлар учун уй қурилиши кўпайтирилади. Йўлларимиз кенгайтирилиб, кўприклар бунёд этилади. 2018 йил дастурига қўшимча равишда шаҳар ва туманлардаги 87,1 километр ички хўжалик йўллари таъмирланади. Йўловчиларга қулай шароит яратиш мақсадида Каттақўрғон шаҳри, Пастдарғом, Пахтачи, Оқдарё, Пайариқ, Нарпай, Нуробод, Ургут туманларида 11 та янги йўловчи ташиш йўналишлари ташкил этилиб, 86 та автобус харид қилинади. Бу вазифаларни бажаришга аллақачон киришилди. Муҳими, аҳоли бундай эзгу ишларни бажаришда фаол иштирок этмоқда. Демоқчиманки, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг ҳар бир ташрифи нафақат вилоятимизнинг гуллаб-яшнашига, балки маънавиятимиз ривожига кенг йўл очмоқда. Бундай юксак туйғулар бугун вилоятимизда яшаётган ҳар бир фуқаронинг қалбида жўш урмоқда, уларни янги марралар сари руҳлантирмоқда. Бундай эзгу ишлар рўёбида биз, кекса авлод вакиллари ҳам асло четда турмаймиз.
– Биз фахрийларнинг Тошкент ва бошқа зиёратгоҳ жойларга уюштирилган ниҳоятда завқли сафарларимиз асло ёдимиздан чиқмайди, – дейди меҳнат фахрийси, филология фанлари доктори, профессор Раҳмонқул Орзибеков. – Ҳасан Нормуродовнинг бундай ишлари фахрийларимизнинг унга бўлган ишончи ва ҳурматини йилдан-йилга ошириб бормоқда. Улар ўзларининг ташкилотига шундай доно ва ишбилармон, ғамхўр ва шижоатли инсон раҳбарлик қилаётганлигидан хурсанд. У вилоятимиз фахрийларининг ишчан ва ақлли сардори, фахрийларимизнинг фахрли фахрийсидир.
Ҳа, унга нисбатан бундай эътирофларни жуда кўп эшитиш, халқ орасидаги ҳурмати ва мавқеини одамлар орасидаги гаплардан, фикрлардан англаб олиш қийин эмас.
– Ҳасан Нормуродов билан суҳбатлашсам, билимлар денгизига шўнғиб кетгандек бўламан – дейди шогирди Муҳиба Бобобекова. – Дарҳақиқат, устоз билан суҳбатлашган инсон қайтадан туғилиб, қайтадан яшаб, яна ва яна ўқигиси келади. Айниқса, таълим-тарбиясидаги масъулият, таълимнинг жамият ривожидаги аҳамияти, боланинг қалбига йўл топиш, ҳаётга қизиқтириш орқали дарсга, китобга қизиқтириш, унда ватанпарварлик туйғуларини шакллантиришда ўқитувчининг ўрни тўғрисидаги қарашлари, ўқитувчи маданияти ва маҳоратига доир фикр-мулоҳазалари ҳар доим бизлар учун катта мактаб.
– Ҳасан Нормуродов деганда кўз ўнгимизда Самарқандда амалга оширилаётган ислоҳотлар-у, уларда фахрийларнинг иштироки, нуронийларнинг шижоати кўз ўнгимизда гавдаланади, – дейди “Нуроний” жамғармаси марказий кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Шуҳрат Усмонов. – Самарқанд вилояти “Нуроний” жамғармаси барча ишларда қолган ҳудудларга ҳамиша намуна бўлиб келмоқда. Раҳбарнинг салоҳияти, ташкилотчилиги ва масъулияти вилоятдаги ишларнинг натижадорлигидан далолат. Бевосита унинг ташаббуси билан ўтказилаётган “Бир нуроний ўн оилага маънавий ҳомий”, “Ёшлар маънавиятига нуронийлар маърифати”, “Қишлоқ тараққиётига нуронийлар маънавияти” каби тадбирлари нафақат натижаси билан, ҳатто номи билан ҳам эътиборга молик. Айниқса, Самарқанд вилоят телерадиокомпаниясида ташкил этилган “Нуроний” студияси, “Зарафшон” газетасида жорий этилган “Эъзоз” саҳифаси “Нуроний” жамғармасининг ёрқин кўзгусидир, деб баҳоласак тўғри бўлади.
Халқнинг севимли фарзанди оилавий масалаларда ҳам барчага намуна. Зуҳра ая билан оила қуриб, тўрт фарзанд – икки ўғил икки қизни вояга етказди. Оиладаги муносабатлар ўзаро ҳурмат, вафо ва садоқат билан суғорилган. Турмуш ўртоғи марҳума Зуҳра аянинг нақадар оқила, доно ва фариштали аёл бўлганлигини унинг фарзандларидан билиб олиш қийин эмас. Фарзандларнинг отага бўлган ғамхўрлиги, ҳурмати, меҳр-муҳаббати даражасини ҳеч нарса билан қиёслаб-ўлчаб бўлмайди. Оиладаги муҳитни, озодалик ва маданиятни кўрган кишининг лол қолмасдан иложи йўқ. “Қани эди, ҳар бир ўзбек оиласи ана шундай намунали оила бўлса”, дегиси келади.
Кимлардир атрофига бир қараб олиб “Кимсан, Ҳасан Нормуродов – эллик беш йиллик раҳбар, остонаси тиллодан тўрт қаватли шоҳона уйларда яшаса керак”, деб ҳам ўйлар. Лекин бундайлар адашади. Олтмиш уч йиллик меҳнат фаолиятининг эллик беш йилини раҳбарлик лавозимларида ҳалол ва пок ўтказаётган қаҳрамонимиз атиги бир сотих ер майдонида жойлашган бир қаватли оддийгина уйда, Самарқанд шаҳридаги Теракзор маҳалласида, Махтумқули кўчаси, 45А хонадонда яшайди.
Дарвоқе, қаҳрамонимиз ўзининг самарали меҳнати ва эришаётган ютуқлари билан мамлакатимизнинг мустақиллигини мустаҳкамлаш ҳамда иқтисодий қудратини оширишга, шахсий ибрати билан халқимизни, айниқса, ёш авлодни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялашга қўшган улкан ҳиссаси, меҳнатсеварлиги, ватанпарварлиги, жамоат ишларидаги фаоллиги билан умумхалқ иззат-ҳурматига сазовор бўлгани учун мамлакатимизнинг бир неча давлат мукофотларига муносиб топилган.
Яқинда Ҳасан Нормуродов ҳузурида бўлдим. Анча давом этган суҳбатимиз жуда қизиқарли ўтди. Ўшанда, яна бир бор амин бўлдим-ки, суҳбатдошим тўлиб-тошиб оқадиган жўшқин дарёга ўхшайди. У ўзига хос равишда севиниб-тўлқинланиб, бугунги ислоҳотлар ривожи ва аҳамияти ҳақида гапирди. Давлатимиз раҳбарининг кекса авлод вакилларига кўрсатаётган ғамхўрликларидан нафақат самарқандлик нуронийлар, мамлакатимиз оқсоқоллари ҳам жуда мамнунлигини алоҳида таъкидлади. Бугунги кунда пенсионерларга ишлаш учун яратилаётган шароитлардан, берилаётган имкониятлардан, энг муҳими, эътиборлардан қувониб, шукуроналар айтди. Ўшанда суҳбатдошимизнинг Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов ҳамда амалдаги Президент Шавкат Мирзиёевга бўлган ғойибона меҳр-муҳаббати, садоқатини яна бир карра ҳис этдим.
Ҳа, ҳаётнинг иссиқ-совуғини татиган, инжиқликларини ўзига маҳкам бўйсундирган, аччиқ ҳақиқатларини чидам билан енгиб, бардош ва матонат билан олға бораётган, саксон ёшлик умрининг қарийб етмиш йилини жўшқин меҳнат, юртига, халқига ҳалол хизмат қилиш билан ўтказаётган халқ маорифи аълочиси, истеъдодли раҳбар, Ўзбекистон Республикасининг “Дўстлик”, “Меҳнат шуҳрати”, “Эл-юрт ҳурмати” каби нуфузли орденлари соҳиби, садоқатли ва оқибатли замондош, Турон фанлар академиясининг фахрий академиги, табаррук ва донишманд устоз, қалбида қуёши бор инсон Ҳасан Нормуродовнинг ҳар бир иши маърифат, босиб ўтган йўли ибратли китоб, умр манзиллари ҳаёт мактабидир. Ана шу мактабнинг чироғи ҳам, қаҳрамонимизнинг қалб қуёши ҳам ҳеч қачон сўнмасин...
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 28 августдаги фармонига биноан, мамлакатимиз иқтисодий салоҳиятини мустаҳкамлаш, унинг жаҳон миқёсидаги шон-шуҳратини юксалтириш, Ватанимиз ободлиги, турмушимиз фаровонлигини таъминлаш борасидаги улкан хизматлари, сўнгги йилларда юртимизда жадаллик билан олиб борилаётган туб ислоҳотлар жараёнидаги ташаббускорлиги ва фидойилиги, давлат ва халқ манфаатларини рўёбга чиқариш йўлидаги фидокорона меҳнати, ишлаб чиқариш ва ижтимоий-маънавий соҳалардаги кўп йиллик самарали ва ибратли фаолияти, ёш авлодни ватанпарварлик, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашга қўшган катта ҳиссаси ҳамда ижтимоий ҳаётдаги фаол иштироки учун уч нафар юртдошимизга – “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони берилиб, олий нишон – “Олтин юлдуз“ медали топшириладиган бўлди. Улар орасида Ҳасан Нормуродов ҳам бор.
Устозни ушбу юксак мукофот билан табриклаб, бундан кейинги фаолиятига муваффақиятлар тилаймиз.
Абдукамол РАҲМОНОВ,
Ўзбекистон Ёзувчилар
уюшмаси аъзоси.
ЎзА