Халқимиз қиз фарзандга ҳар доим ор-номус, ҳаё тимсоли сифатида қарашган

Бугун ижтимоий тармоқларда кенг тарқалган “I said yes” ибораси остида қизлар томонидан жойланаётган постлар беихтиёр эътиборимизни тортмоқда.
Ушбу мазмунда пост қўйганларнинг мақсади - унга турмуш қуриш таклифи қилинганини ва у бу таклифга розилик берганини билдиради.
Энди савол туғилади: ўзбек қизининг ижтимоий тармоқда “I said yes” дея пост қўйиши одоб ва ҳаё мезонларига қанчалик тўғри келади?
Халқимиз қиз фарзандга ҳар доим ор-номус, ҳаё ва тарбиянинг тимсоли сифатида қарашган. Қиз бола бу нафақат оила, балки жамият шаънининг бир парчасидир. Унинг ҳар бир қадамида босиқлик, мулойимлик, камтарлик сезилиши керак. Айниқса, турмуш қуриш каби нозик, маънавий ёндашувни талаб қиладиган ҳолатлар борасида қиз боланинг ортиқча очиқлиги жамиятда муносабатлар маданиятига салбий таъсир кўрсатади. Унаштирув, турмуш қуриш ҳақида хабар бериш авваламбор ота-она, оилавий доира орқали, яъни босиқ ҳамда камтарона тарзда билдирилгандагина одобга тўғри келади ва бу қадимий урфимизда ҳам, бугунги одоб-ахлоқ мезонларида ҳам бор. Бугун ёшлар орасида никоҳсиз, расмий бўлмаган муносабатларни “янги урф” сифатида тарғиб қилаётганлар ҳам борки, уларнинг ижтимоий тармоқлардаги очиқ ҳаракатлари — нафақат ўз шаънини, балки ота-онасининг, жамиятнинг ишончини ҳам савол остида қолдиради. Йигитининг бағрида суратга тушган, ҳали жуфти ҳалоли бўлмаган инсон билан яқинликни одатий ҳол деб қабул қилаётган қизнинг иффатига, тарбиясига ким кафолат беради? Ота-оналар фарзандининг қорнига луқма солишдан аввал, унинг қалбига иймон, онгига тарбия сингдириш зарурлигини ҳам яна бир бор ёдда тутиши лозим.
Ахир ҳанузгача қизлар никоҳ пайти сўраладиган, “Фалончининг турмуш ўртоғи бўлишга розимисиз?” саволига жуда паст овозда “ҳа” деб жавоб бериладику. Нега энди ҳали тўй бошланмасиданоқ ижтимоий тармоқлада “Мен розиман!!!” дея жар солишга уялмай қўйдик?!
Бу каби ҳолатларга кўпчилик кўз юмади, лекин ҳақиқат шуки — қиз бола нафақат ўзининг, балки бутун бир авлоднинг ахлоқий баҳосини белгилайди. Бугун жамият оғушида улғаяётган ҳар бир қиз боланинг ор-номуси, иймони ва ғурури — бизга намуна бўлиши керак. Турмуш қуриш бу бахт, лекин уни қандай баён қилиш, энди, бу маданият масаласи. Биз, қизлар, аввало ўз шаънимизни асраш, кейин эса жамият шаънини юксалтириш учун жавобгармиз.
Дилдора Самандарова,
Ўзбекистон-Финландия педагогика институти талабаси.