Қалин туман сабабли тўртта "Нексия" юк автомашинасига урилди
Бугун, 18 январь куни соат 11:00 ларда Фарғона вилояти, Боғдод туманида йўл-транспорт ҳодисаси рўй берди.
ИИВ ЙҲХББ ахборот хизмати хабарига кўра, Фарғона ҳалқа автомобиль йўлида қалин туман тушиши оқибатида кўриш даражаси пасайганлиги сабабли 1997 йилда туғилган Ю.Н. шу манзилда яшовчи отасига тегишли «Камаз-5511» русумли автомобилини катта йўлда буриб олаётган бўлган. Шу вақтда қарама-қарши йўналишдан ҳаракатланиб келаётган 4 та «Нексия» русумли транспорт воситалари Ю.Н. бошқарувидаги юк автомобилига келиб урилиб, йўл-транспорт ҳодисаси содир этган.
Оқибатда «Нексия» автомобилларининг уч нафар йўловчиси ва бир нафар ҳайдовчиси тан жароҳати олиб касалхонага ётқизилган.
Шунингдек, яна бир йўловчи олган тан жароҳати оқибатида касалхонада вафот этган.
ЙҲХББ йўл ҳаракати иштирокчиларидан йўлларда ҳаракатланганда йўл ҳаракати қоидаларига амал қилишни, республикамиз ҳудудида об-ҳаво шароитининг кескин ўзгариши, айрим ҳудудларда қор ёғиши ва автомобиль йўлларида музламалар ҳосил бўлиши, қалин туман тушиши сабабли автомобиль йўлларида ҳаракат қатнашчилари учун бир қатор ноқулайликлар келтириб чиқаришини инобатга олиб, йўлларда хушёрлик билан ҳаракат қилишларини сўраган.