Қамчиқдаги ЙТҲда икки фуқаро вафот этди
Кеча, 8 июль куни соат 07:30 да Поп тумани ҳудудидан ўтувчи “Тошкент-Ўш” автомобиль йўлининг 223-километрида 28 ёшли Ж.Ж. бошқарувида бўлган, цемент юкланган “ISUZU” русумли автомашинасини “Тошкент” йўналиши бўйлаб бошқариб бораётиб, ҳаракат хавфсизлигини таъминлай олмай, йўлнинг қарама-қарши томонига чиқиб кетган ва жарликка ағдарилган. Бунинг оқибатида автомашина ҳайдовчиси Ж.Ж. ва йўловчиси, 23 ёшли Ш.Ж.лар тан жароҳати олиб, ҳодиса жойида вафот этган.
Мазкур ҳолат юзасидан Поп тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми “а” банди (одамлар ўлимига сабаб бўлган транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ҳурматли фуқаролар транспорт воситасини бошқараётганда ҳушёр ва сергак бўлишингизни ҳамда амалдаги “Йўл ҳаракати қоидалари”га қатъий риоя қилишингизни, агарда сизда чарчоқ аломатлари бўлса, транспорт воситасини бошқармаслигингизни сўраймиз, дейилади Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабарида.