Қарийб 92 мингга яқин фуқаромиз карантин муддатларини ўтаяпти

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи, Республика бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков коронавирусга чалинган беморлар ҳақида маълумот берди:

– Мамлакатимизда айни дақиқаларга келиб, коронавирус касаллиги билан 1582 бемор рўйхатга олинган. Вирусология илмий-текшириш институтидан олинган маълумотга кўра, ушбу институт клиникасида даволанаётган 94 беморнинг 29 нафарида пневмония клиник белгилари кузатиляпти, 4 нафарининг аҳволи оғир, 1 нафарининг аҳволи ўта оғир. Эпидемиология-микробиология ва юқумли касалликлар илмий текшириш институтида даволанаётган 83 бемордан 2 нафарининг аҳволи оғир. Тошкент тиббиёт академияси кўп тармоқли клиникасида даволанаётган 194 бемордан 54 нафарида пневмония клиник белгилари бор, 5 нафарининг аҳволи оғир, деб баҳоланяпти.

Карантин тадбирлари давом этяпти. Қарийб 92 мингга яқин фуқаромиз карантин муддатларини ўтаяпти. Охирги бир кун давомида 11 минг 800 дан кўпроқ ҳолатда вирусологик текширишлар ўтказилди. Бундан асосий мақсад касалликка чалинганларни эрта аниқлаш, касаллик ўчоғини жиловлашдир.

Карантин тадбирларига риоя қилишимиз шарт. Қачонки, ушбу тартиб-қоидаларга риоя этар эканмиз, вазиятни барқарорлаштиришга кўмаклашган бўламиз. Бу ҳеч биримизнинг ёдимиздан чиқиши керак эмас. Келинг, соғлиғимизга қаратилган тадбирларга тўлиқ риоя қилиб, карантин муддатини сабр-қаноат билан ўтказайлик.