Қарнабота ғорида қандай синоат яширинган?

“Зиёвуддин тоғларининг жанубий ёнбағрида яшовчи аҳоли орасида меваларнинг тошга айланиб қолганлиги ҳақида афсона бор. Улар Гунжак ғоридаги (бу ғор Қарнабнинг шимоли жойлашган) сталактитларни айни афсонанинг сақланиб қолган ёдгорлиги деб ҳисоблашади. Унга кўра, Шаддод исмли подшоҳ ўз гуноҳларини ювиш учун шу ерда сунъий боғ яратган. Гўёки боғнинг дарахтлари, барглари, гуллари ва мевалари чақнаб (ёниб) турадиган ва рангли тошлардан қилинган. Эски вақтда ясалган қимматбаҳо тошларни маҳаллий заргарлар “Шаддод боғи”нинг қолдиқлари деб ҳисоблайди...”.

Бу қисқа маълумот 1956 йилда нашр этилган “Ўрта Осиёнинг геологик ўрганиш тарихига оид баёнотлар” асарида келтирилган. Таърифланаётган ғор Пахтачи туманининг Қарнабота қишлоғидан 10 километр узоқликдаги Тўритоғ бағрида жойлашган. Турли манбаларда уни Гунжак, Ғори Ошиқон, Қарнаб Ато сингари номлар билан аташади ва у билан боғлиқ афсонаю ривоятлар ҳам талайгина.

Zarnews.uz жамоаси юртимизнинг ҳали тўлиқ ўрганилмаган, ўзига хос ва бетакрор манзиллари бўйлаб экспедициясини давом эттиради. Англаганингиздек, навбатдаги манзилимиз сирли Қарнабота ғори.

Чўл ўртасидаги чаман

М37 автомобиль йўлидамиз. Йўл бошловчи илова Пахтачининг Зиёвуддин шаҳарчасига етмасдан чапга бурилишни буюрди. Шу йўналишда нақд 30 километр юрсак, манзилга етиб борамиз. Қизиқ томони, бир неча километрдан кейин аҳоли пункти тугайди. Хаёлан бепоён чўлга кириб бораётгандек бўласиз. Ён-атрофда бирор жон, иморат ёки яшиллик йўқ.

Қарнабота қишлоғи икки – Қарнабота ва Чашма маҳалларидан ташкил топган. Туманнинг энг олис ҳудудларидан бири бўлиб, Қарнаб чўлининг ўртасида жойлашган. Туман маркази ва қўшни Навоий вилоятидан 35 километр, Нуробод туманидаги Саҳоба қишлоғидан 30 километр масофада жойлашган.

— Қишлоғимиз 3 минг йиллик тарихга эга, - дейди Қарнабота маҳалласи раиси Учқун Бегматов. – Қишлоқнинг ўртасида Қўрғонтепа ёдгорлиги жойлашган. Уни ўрганган олимларнинг айтишича, қадимда ота-боболаримиз кундузи чорвачилигу деҳқончилик қилиб, кеч тушганда шу қўрғонга киришган ва душманлар, босқинчилардан ҳимояланишган. Ўрта Осиёдаги энг биринчи масжид ҳам шу ерда қурилган экан. Мазкур масжид ёдгорлигини ўрганиш бўйича ишлар бошланиш арафасида. Ҳудудимизда бошқа тарихий-маданий ёдгорликлар ҳам кўп.

Албатта, Қарнаб қишлоғи жуда қадимий, табиати оғир манзиллардан бири. Унинг тарихи Самарқанд, Бухоро тарихидан кам эмас. Бу ҳақда тарих саҳифаларида кўплаб асарларни кўрса бўлади. Жумладан, Қарнаб, унинг тарихи, қишлоқ атрофидаги қадимги қалай конлари, ер ости бойликлари, чорвачиликнинг илғор тажрибаси ҳақида ўтган асрнинг 50 йилларида олимлар, жумладан, филология фанлари доктори, профессор Н.Ражабовнинг "Ўзбек тилининг қарнаб шеваси" (С:1959 йил) мавзуидаги илмий иши, П.М.Кулангиев, С.А.Вейцбмомларнинг "Передовой каракулеводческий колхоз "Ленинчи-чорвадор” (Т:1955 йил) асари, Б.А.Литвинскийнинг "К истории добичи олова в Узбекистане" (Т:1950 йил) китобларида маълумотлар келтирилган.

Қарнаб қишлоғи Бухоро амирлиги даврида Кармана беклиги таркибига кирган аҳоли пункти бўлиб, бу ҳақда илмий далиллар етарли.

Яна бир манба: академик Б.Валихўжаев ва профессор Б.Ўринбоевнинг “Бобо Худойдоди Вали” рисоласида шайх Худойдоди Вали (XV асрнинг охири ва XVI асрнинг биринчи ярмида яшаб, ижод қилган тасаввуф шоири, Вали бобо сифатида шуҳрат қозонган)нинг Қарнобда (Қишлоқнинг асл номи Қарноб бўлиб, аҳолиси қарнобий (қарноблик) деб юритилган. Кейинчалик сўз шакли бироз ўзгариб, манзил “Қарнаб” шаклида қўлланган, аҳолиси эса қарнабий (қарнаблик) деб аталган) бўлганлиги тўғрисида маълумот келтирилган.

Унда келтирилишича, шайх Қарнобга ташриф буюриб, бу ердаги ноҳақликларни кўриб, ачинади. Бекнинг халққа қилган зулм-ситамларидан дарғазаб бўлади. Қишлоқ оқсоқоллари маслаҳатига кўниб, қарнобликларни бу мушкул аҳволдан қутқариш учун Бухорога боради.

Шаҳарда қизғин давом этаётган тантанали сайлда иштирок этади. Кенг майдонда беллашаётган полвонларни кўриб ғайрати жўшади. Катта сайлда елкаси ерга тегмаган машҳур полвонни йиқитади. Эл ҳурматига сазовор бўлган Худойдоди Валини ҳузурига чақирган Бухоро ҳукмдори уни рағбатлантириш мақсадида орзу-тилагини сўрайди. Молу дунё ҳирсидан узоқ, яхшилик йўлида жонини ҳам аямайдиган Худойдоди Вали Қарнабдаги оғир вазиятни, бекнинг зулмидан эл озор чекаётганини айтиб, қўрғонда тартиб ўрнатилишини илтимос қилади. Ҳукмдор ғолиб полвоннинг талабига кўра, Қарнаб бегини қаттиқ жазолайди. Шу тариқа қишлоқда адолат ўрнатилади.

Айрим тарихчиларнинг таъкидлашича, қадимда бу қишлоқ савдогар ва аскарлар учун муҳим қўналға вазифасини ўтаган. Балки биз у ерга транспортда осон етиб боргандирмиз, лекин қадимда туя ёки отда йўлга чиққан аждодларимиз учун бу қишлоқ чўл ўртасидаги чаман каби бўлганига шубҳа йўқ.

Қарнаб нафақат ўтмиши, балки ҳудудидаги табиий бойликлари билан ҳам эътиборли. Қарнаб атрофлари ўтган асрнинг 1945 йилидан бошлаб аввал геология ва минерология йўналишида ўрганилган. 1957 йилда Қарнаб руда конлари ишга тушган, чўл зонасида 100 дан ортиқ қазилма бойликлари (касситерит, арсенаперит, пирит, сфалерит, серицит, турмалин, каолин, халькоперит, галенит, фмоорит, циркон, сфен, рутил лиманит ва бошқа) захиралари борлиги аниқланган. Руда конларидаги қазишмаларда кварц материаллари, қора кулранг кварц билан бирга сфалерит топилган.

Бугун Қарнабота қишлоғида 5600 нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Қишлоқ врачлик пунктидан ташқари ўз кичик шифохонаси, 3 та мактабгача таълим ташкилоти, мактаби ва ҳатто, мусиқа мактаби бор. Ҳудудда савдо ва бошқа хизмат кўрсатиш соҳалари ривожланган. Одамлари ҳам фавқулодда ишбилармон, асосий даромадни чорвачилик, тадбиркорлик ва кончиликдан қилишади.

Ғорда Амир Олимхон нима қилган?

Ғор хусусида кўпроқ афсонаю ривоятлар орқали маълумот олиш мумкин. Айрим манбаларда у Амир Темур номи билан боғланса, бошқалари ундан ҳам қадимги воқеаларни ҳикоя қилади.

Жумладан, Низомуддин  Ибн Садриддин Бухорийнинг тарих фанлари доктори Маҳмуд Ҳасаний томонидан таржима қилинган “Қарнаб  ото  ғори”  рисоласида бy жой Ғори Ошиқон ва Мақоми Маъсума дейилиши ҳазрати Мусо алайҳиссаломнинг умматларидан бири Хожа Ҳумой Ғорийнинг манзили эканлиги билан боғланади. Унга кўра Мусо алайҳиссалом айнан шу ерда Аллоҳнинг жамолини кўрган.

Манбада “Асъад ал-Бухорийдан ривоят қилинади, у Анас ибн Молик розийаллоҳу анҳудан, у Расул саллаллоҳу алайҳи васалламдан, у Жаброил алайҳиссаломданки, айтди: "Туркистон диёрида бир жой бор. Байт ул-Муқаддас, Каъба, Байт ул-киром, Масжиди Ахзар, Тури Синони истисно қилганда, бу муборак жой ҳар бир жойга нисбатан қуёшдан ҳам, ойдан ҳам нурлироқдир, у Ғори Ошиқон деб аталади, барча устунлардан устун ва унинг асли Тур тоғидаги икки ғордан бири бўлиб, Қарнаб Ато томондадир”, дейилади. Катта эҳтимол билан гап шу ғор ҳақида кетмоқда.

Пахтачилик адабиётшунос ва тарихнавис Исмат Санаев эса ўзининг “Қарнабота” китобида бу ерларни улуғ саркарда Амир Темурнинг пойқадами босилган муборак замин, дейди. Унда қайд этилишича, Низомиддин Шомий Амир Мусонинг Амир Ҳусайн томонига қочганлиги ва лашкар тортиб Амир соҳибқирон устига келганлиги хусусида қуйидагиларни баён қилган: "Амир Ҳусайн (юқорида айтилган) аҳволдан хабардор бўлгач, Амир Мусо, Улжойту, Жаҳоншоҳ ва Пулод Буғоларни жўнатди. Улар Танги Чакчакка етдилар. Қаҳлаға ва Танги Чакчак ўртасида келиб тушдилар. Жанг тайёргарлигини кўриб, душманлик камарини жон белига боғлайдилар. Уларнинг хабари Амир соҳибқиронга етгач, кутилмаганда ҳужум қилиш учун ўша томонга равона бўлди. Улуғлик эгаси Тангри ҳазратига таваккал қилиб, ёғийни излаб Ялғузбоғ йўлидан қор кечиб Қарнобдан ўтди. Бир неча кишини юқори йўлдан айғоқчилик қилиш учун жўнатди. Улар бориб ёғийни ўрганиб, душманлардан йигирма кишини ушладилар. Қўлга тушганлардан ғанимлар тунда Танги Чакчакдан ўтиб, Жигдоликка тушганларини билиб олдилар". (“Зафарнома”. "Ўзбекистон". Тошкент, 1966, 61-бет).

Биз экспедиция вақтида ғор ҳақида маҳаллий аҳолидан ҳам сўрадик. Улар боболаридан бу ерга Амир Олимхон келгани ва ғор ичига киргани ҳақида эшитганини айтишди. Шундан кейин кўп йиллар аҳоли тоғ тепасидаги туйнукдан ғорга озиқ-овқат тушуриб турган экан. Кейинчалик бу ишлар унут бўлган. Амир Олимхон ғорга нима сабабдан келгани ва нега у ерга озиқ-овқат тушуриб турилгани ҳақида аниқ маълумот йўқ.

Ғор ичидаги булут, тилларанг деворлар...

Ғор томон бепоёндек кўринадиган кенгликларни кезиб борасиз. Йўлингизни сел оқиб ўтган “анҳор”лар тўсиб, ҳаракатни қийинлаштиради. 11 километр масофани босиб ўтишимиз учун транспортда ярим соат сарфладик.

Одатда, ғорлар оғзи ёнга қараган бўлиб, уларга кириш нисбатан қулай бўлади. Бироқ бу ғорга ўз вақтида фақат тепадан, тоғ устидаги туйнукдан, арқон ёрдамида тушилган экан. Ўша туйнукни ҳам маҳаллий чўпонлардан бошқа одамнинг топиши амримаҳол. Биз фойдаланган, ён томондаги кириш жойи эса кейинчалик сунъий ҳосил қилинган. Бир неча юз метрли ушбу туйнукни очиш осон бўлмагани аниқ. Чунки ундан ўтиб борарканмиз, йўл тошни йўниш орқали очилганига гувоҳ бўлдик. Бу иш қачон ва нега қилингани ҳақида ҳам маълумот йўқ.

Ғорнинг ичи анча кенг. Тепадаги ғира-шира ёруғлик ўтказадиган туйнукдан оқиб тушган сув асрлар давомида деворларда ўзига хос нақшлар чизган. Томчилар йиғилишидан юзага келган сув йўлаги ғорнинг зулмат қоплаган бағрига қараб кетади. Қарноблик кексаларнинг айтишича, ғор тубидаги бу ариқчадан илгари қишин-ёзин сув оқиб турган.

Fop шифтида осилган сумалаксимон оҳаклар ўзига хос бир жозиба кашф этган. Табиатнинг бу ғаройиб мўъжизасига тикилар экансиз, зулмат қаърида булутлар сизиб юргандек туюлади. Ҳар бир тош ёруғлик шуълалари остида турлича жилоланади. Тилларанг деворлар бу манзарага улуғлик бахш этади.

Ғор ичидаги кенг майдонда бир вақтнинг ўзида юзлаб одамни сиғдириш мумкин. Уни ўрганаётиб, пастга қараб кетган яна бир йўлакка кўзимиз тушди. Бироз юриб билдикки, ғорнинг асосий қисмидан 30 метрлар пастда яна бир ўтиш жойи бор. Бу биз учун ҳам янгилик бўлди. Сабаби манбаларда ғорнинг давоми борлиги ҳақида айтилмаган. Одатда, ғорлар қаердадир тугайди. Яхши ўрганилмаган ва охирига борилмаган бу каби ғорлар эса саноқли. Қашқадарёдаги Тарағай ғорига уюштирган экспедициямизда ҳам шундай ҳолатга дуч келган эдик.

Афсуски, ғор ичига қараб юришни шу жойда тўхтатишга мажбур бўлдик. У ёғи ҳаракатланиш учун хавфли, таваккал қилиш яхши оқибатларга олиб келмаслиги аниқ.

Ғордалигимизда бир қизиқ ҳолатни пайқадик. Ташқари салқин бўлса, ғор ичига кириб боришимиз баробарида ҳаво ҳарорати ҳам кўтарилиб борди. Ҳароратдаги бу ўзгариш биз олдин борган ғорлардагидан анча юқори. Катта эҳтимол билан жараён ғор тубида яширинган синоат билан боғлиқ. Буёғи олимларимиз эътиборига ҳавола.

Илмий манба излаб...

Қарнабота манзили тарихий ҳужжатлар, илмий мақолаларда кўп маротаба тилга олинган. Лекин уларнинг асосий қисми ҳудуддаги қазилма бойликлар ва тарихий ёдгорликлар ҳақида.

Суриштирувлар давомида география фанлари номзоди, доцент Мади Абдужабборов Самарқанд ғорлари, хусусан Қарнабота ғори бўйича илмий изланиш олиб боргани ҳақида хабар топдик. Афсуски, олим 1991 йилда, илмий ишини ҳимоя қилишга саноқли кунлар қолганида оламдан ўтган экан. Самарқанд давлат университетининг география ва экология факультетида фаолият юритган домланинг айни изланишлари натижалари сақлаб қолинмаган. Биз манба унинг фарзандларида қолганлигига умид боғлаб, олим яшаган маҳаллага ҳам бордик. Самара бўлмади.

Умуман, мавзу юзасидан кўп жойга мурожаат қилдик. Самарқанд археология институти, Самарқанд давлат университети география ва экология факультети, археология кафедралари профессор-ўқитувчилари жараёнда бизга яқиндан кўмак берди. Шунга қарамай, топилган маълумотларнинг деярли барчаси умумий характерга эга бўлиб, уларда асосан Зарафшон водийси ҳақида гапирилади. Айрим манбаларга кўра, 1972-йилда мазкур ғорга “Красногорск” экспедицияси ташкил этилган. Шу ҳақда масъуллардан маълумот сўраб юборган хатларимиз ҳам натижа бермади.

Жараёнда топганларимизни ўртага ташлаймиз: Жумладан, Самарқанд давлат университети география ва экология факультети декани ўринбосари Элшод Эшмаматовдан олинган маълумотга кўра, 2012 йилнинг ёзида Ўзбекистон Республика Фанлар академияси Археология институтининг археологик гуруҳи Пахтачи тумани ҳудудида қидирув ишларини олиб борган. Қарнаб қишлоғига яқин жойдаги Чашма номли қадимги булоқнинг атрофида ибтидоий одамлар яшаши учун қулай жой бўлган. Аммо бугунги кунда бу жойлар табиий ва антропоген таъсирлар натижасида бузилган. Шундай бўлса-да, булоқнинг шимолий чеккасида олиб борилган кузатишлар натижасида қадимги одамлар томонидан ишлов берилган тош буюмлар топилган. Ундаги материаллар ўрта палеолитга оид Қўтирбулоқ манзилгоҳи комплексларига ўхшашлиги аниқ бўлган.

Яна бир манбаа – 2015 йил Дилфуза Жўрақулова муаллифлигида чоп этилган “Зарафшон ҳавзасининг ибтидоий давр тарихи” номли ўқув қўлланмада Зарафшон водийсининг жўғрофик жойлашиши, геологик ётқизиқлари, палеоэкологияси, хуллас, табиати ва иқлим шароитлари ҳақида қисман бўлса-да, тушунчалар бериб ўтилган. Бироқ унда ҳам Қарнабота манзили ва ғори ҳақида аниқ маълумотлар йўқ.

Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети Ўзбекистон тарихи кафедраси ўқитувчиси Наргиза Юсупованинг 2022 йилда ўтказилган “Марказий Осиё тарихининг долзарб муаммолари” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференциядаги “Зиёвуддин воҳаси тарихини ўрганишга доир айрим мулоҳазалар” номли маърузасида Зарафшон воҳасининг ўрта қисмида – Зарафшон дарёсининг чап соҳилида жойлашган, жанубий томонидан Қарнаб чўли ўраб олган Зиёвуддин воҳаси тилга олинган. Унда келтирилишича, Зиёвуддин воҳаси бағрида ўрта полеолит даврига мансуб Қўтирбулоқ, Зирабулоқ ёдгорликлари мавжуд. Мазкур қадимий ёдгорликлардан топилган тош қуроллар, ҳайвонларнинг суяклари Зиёвуддин воҳасининг 100 минг ёшдан ошганини исботлайди. Пахтачи туман марказидан (Зиёвуддин ш.) 30 километр жанубдаги Қарнаб (Қарнаб ота) қишлоғининг шимоли-шарқий йўналишида дарадаги қоя тошда тоғ такасининг сурати ишланган. Унча катта бўлмаган тош устига чопаётган ёввойи тоғ эчкисининг тасвири аниқ ўйиб туширилган. Қоятошни биринчилардан бўлиб ўрганган олим Г.В.Шаский қуйидаги фикрларни билдирган: “Чуқур бўртириб, юқори даражада тасвирланиш нуқтаи-назаридан ҳамда ҳайвоннинг жўшқин ҳолатда туриши, қоя тошдаги суратни инсон ҳаётидаги овчилик даврига нисбат беришга имкон беради. Эҳтимол, бу тош асри асаридир”.

Маърузанинг биз учун энг қимматли жойи: “Қишлоқнинг шимолий-ғарби қисмидан 10 километр узоқликда жойлашган Гунжак ғоридан милоддан аввалги III-II ва милоднинг дастлабки асрларига тааллуқли хум, кўза қолдиқларининг топилиши, ғорнинг чорвадорлар учун маскан бўлганлигини англатади. Қишлоқ атрофидаги Оллоёр ота, Буришеқ, Қирбулоқ ота, Ҳўкизбақирди, Оқмозор ота ва Толлик каби манзилгоҳлар ҳам чорвадорларнинг табаррук масканларига айланган”.

Бу биз ғорни ўрганиш давомида эшитган, ундан ўйиб ишлаш орқали туширилган қадимий ёзув ва суратли тошларнинг олиб кетилгани ҳақидаги гаплар ҳақиқатга яқин эканлигини англатади. Афсуски, бир неча ойга чўзилган изланишлар давомида ҳам бу тошлар ким томонидан олиб кетилгани ва қаерда сақланишини аниқлаб бўлмади.

Хулоса қилиб айтганда, Қарнабота ғори ҳали ҳам ўз сир-синоатини ҳеч кимга очмаган. Жамоамиз томонидан амалга оширилган экспедиция эса кўпроқ ижодий сафар ҳисобланади. Ўйлаймизки, вақти келиб у ўрганилади ва халқимизнинг тарихи яна бир саҳифа билан тўлдирилади. Бу юртимизнинг туризм салоҳиятини оширишда ҳам муҳим аҳамиятга эга эканлигини эслатишга ҳожат йўқ, деб ўйлаймиз.

Анвар МУСТАФОҚУЛОВ,

Асқар БАРОТОВ,

Zarnews.uz мухбирлари.