Қарнабота йўлини таъмирлаш муддати нега узоқ қўйилган, унинг сифатига жавоб берадиганлар борми?
Шу йил 29 январда телеграм каналимизда “Пахтачидаги йўл “шудгор” қилинганми?” мавзусида танқидий мақола ва видеолавҳа берилган эди.
Унда кўтарилган муаммони ўрганиш ва ҳал этиш юзасидан вилоят ҳокимлигида ишчи гуруҳи тузилди. Таҳририятга ишчи гуруҳ аъзоларидан - қурилиш соҳасида вилоят ҳудудий назорат инспекцияси бўлим бошлиқлари У.Мирзаев, К.Холмўминов ҳамда “Ўзйўлинспекция” Самарқанд вилоят ҳудудий бўлинмаси давлат инспектори Ж.Янгибоев имзоси билан жавоб хати тақдим этилди. Унда қуйидагилар билдирилган:
“Пахтачи туманидаги 4Р185-“М37 автойўлидан - Қарнабота қишлоғи” автомобиль йўлининг 0-30 километр (1-босқич 0-5 км.) қисмини мукаммал таъмирлаш ишлари "Умумфойдаланишдаги автомобиль йўлларини қуриш вa реконструкция қилиш" дирекцияси буюртмаси билан "Равон йўл қурилиш" МЧЖ томонидан 2021-2023 йилларда амалга оширилиши белгиланган. Дастур бўйича йўлнинг 5 километри мукаммал таъмирлаш режалаштирилган бўлиб, бугунги кунда шундан йўлнинг асос қисмига қум-шағал аралашмаси тўшаш ишлари, йўлнинг 3,5 километр қисмига 1-қатлам асфальт қоплаш ишлари амалга оширилган.
Бажарилган ишлар ишчи гуруҳи томонидан ўрганилганида кўпгина камчиликлар аниқланди. Жумладан, йўлнинг асос қисмида бажарилган қум-шағал аралашмаси тўшамасининг зичлаш ишларига тегишли лаборатория хулосалари тақдим қилинмади. Бажарилган 3,5 км. биринчи қатлам асфальт йўли сифати қониқарсиз ҳолатда, айрим жойлари нотекис бажарилган, қисман жойларида асфальт қопламасида емирилиш ҳолатлари мавжуд.
Йўлнинг ПК49-ПК-50 гача бўлган оралиғида йўл асос қисми, ПК48-ПК-49 гача бўлган оралиғи ўнг қисмида йўл асос қисми сифатсиз бажарилган. Ишлаб чиқилган лойиҳада мавжуд савдо дўконлари ва лойиҳаланган йўл оралиғида ирригация тизими кўзда тутилмаганлиги ёғингарчиликлардан ҳосил бўлган сувнинг чиқиб кетмаслигига сабаб бўлган.
Йўл қурилиш ишларида қурилиш технологияси, қурилиш-монтаж ишларининг кетма-кетлигига амал қилинмаганлиги сабабли биринчи асфальт қопламаси тўшалиб, ундан кейин бетон ариқлар (лоток) ўрнатилган. Баъзи жойларда ўрнатилган сув қочириш бетон ариқларининг ер остида колувчи қисми белгиланган тартибда гидроизоляция қилинмаган. Объектда фойдаланилган қурилиш материаллари, қум-шағал аралашмаси ва асфальт тўшамаси учун сифатни тасдиқловчи тегишли ҳужжатлар тақдим қилинмади.
Амалга оширилаётган йўл қурилишининг баландлик кўрсаткичи (отметка) мавжуд йўллар ва биноларга нисбатан номутаносиб. Шунингдек, ишчи гуруҳи томонидан мавжуд савдо дўконлари ва қурилаётган йўл ўртасидаги баландлик тафовутини инобатга олган ҳолда табиий ёғингарчилик сувларини кетказиш мақсадида қўшимча бетон ариқлар ўрнатиш, ушбу ишларини аҳоли ҳамда тадбиркорлик субъектлари билан ўзаро келишилган ҳолда амалга ошириш зарур. Бу борада йўл қурилиши корхонаси мутахассис ва ишчиларига тушунтирилди”.
Ишчи гуруҳ хулосаларидан маълум бўляптики, М37 автомагистраль трассасидан Қарнабота қишлоғига борувчи йўлни таъмирлаш ишлари нафақат муддатидан кечикяпти, балки сифатсиз бажариляпти. Яна бир жиҳати кишини ҳайрон қолдиради: бизга тақдим этилган ҳужжатларда ушбу йўлни таъмирлаш 2021-2023 йилларда амалга оширилиши белгиланган экан. 30 километр йўлни таъмирлаш учун наҳотки уч йил зарур бўлса? Ўтган бир йил давомида лойиҳанинг 5 километри бажарилибди, афсуски унинг сифати видеолавҳада ҳам, ишчи гуруҳ хулосасида ҳам яққол билиниб турибди. Нега бунча узоқ муддат белгиланган? Бунга сабаб нима? Тендер ўтказилаётганда бу жиҳатларга эътибор қаратиш керак эмасми? Ё Қарнабота қишлоғи атрофида яшовчилар уч йил “шудгор”ланган йўлда юришга маҳкумми? Сифати-чи?
Бу ҳақда лойиҳа ижрочиси "Равон йўл қурилиш" МЧЖ, шунингдек, унинг ижросини назорат қилувчи вазирлик масъуллари ўйлаб кўрармикан?