Қарз

Сайим тоға Иккинчи жаҳон урушидан ногирон бўлиб қайтганди. Ярадор бўлиб Брянск шаҳрида ҳарбий госпиталда узоқ даволанди, бироқ яна фронтга қайтиб, душман билан жанг қилиш насиб этмади. Урушга яроқсиз, ногирон бўлиб қолганди. Қишлоғига қайтаришди. Умрининг охиригача жароҳат азоби билан яшади. Чеккан изтироблари тинчлик бермасди. Кўз олдидан ҳамшира Мария Шабринанинг меҳрибон нигоҳи кетмасди. Беш ой давомида гоҳ беҳуш, гоҳ ҳушида ўлим билан олишиб ётганида бошида парвона бўлди, ташналигида оғзига сув томизди, иситмаси чиққанида сочиқни ҳўллаб пешанасига босди. Уйга жавоб беришганида вокзалга кузатиб чиқди.

- Сайим, мана бу пулни ол, йўл узоқ, егулик олиб, еб кетарсан! – Мария унга учта қизил ўн ўсумлик узатди.

- Керакмас Мария, шундоқ ҳам менга кўп яхшилик қилдинг, умрбод олдингда қарздорман, уруш тугаса, Ўзбекистонга бор, манзилимни биласан, кутаман, хайр!

- Йўқ, аввал пулни ол, кейин хайрлашамиз. Сайим ҳамширани хафа қилишни истамай, ноилож пулни олди.

- Қарззингни учрашганимизда қайтарасан, - ҳазиллашди Мария. – Энди хайр, соғ-саломат етиб ол юртингга! – ҳамширанинг кўзларида ёш милтиллади.

- Хайр, ҳамшира!

Уруш тугагач, Сайим тоға Брянск госпиталига бир неча марта хат ёзиб, Марияни йўқлади, жавоб бўлмади. Мариядан олган қарзи эгасини топмай қайтиб келди. Яна ёзди, бу гал Брянск шаҳар почта бошқармасидан жавоб келди: “Ҳарбий госпитал урушдан кейин ёпилган, ходимлари тарқаб кетган...”.

Сайим тоға сезяпти, умри ниҳоясига етиб бормоқда. “Қандай қилиб Мариянинг дарагини топса, тирик бўлса, ўзига, дунёдан ўтган бўлса, бирор яқинларига ундан олган қарзини узса...”.

Бир таъзияга бориб келгач, руҳан эзилиб, камгап ва хомуш бўлиб қолди. Жаноза олдидан имомнинг марҳумни фарзандларидан “Отангиз бировлардан қарз олган бўлса, далиллар билан сўраб келса, қайтарасизларми? Қарзнинг қиёматда сўроғи оғир”, дегани қулоғидан кетмасди.

- Бобо, сиз кўп куйинаверманг, албатта ўша ҳамширани топамиз, - кўнглини кутарди журналист набираси Дилшод. – Номингиздан Брянск шаҳар газетасига хат ёзамиз. Кўрасиз, ёрдам беришади.

- Барака топ, болам! - дуо қилди кўнгли ёришган Сайим тоға. Тоғанинг хатига жавоб бўлмади. Кейинги пайтларда урушдан орттирган жароҳати тез-тез хуруж қиладиган бўлиб қолганди. Қон босими ошиб, кўнгли чўкиб ётиб қолган кунларидан бирида Брянск шаҳри газетасидан хабар келди:

“Ҳурматли Сайим Хошимов! Сиз қидираётган ҳамшира Мария Шабрина урушдан кейин Ростовга кўчиб кетган. Унинг невараси Ольга Шабрина билан боғландик, бувиси ўтган йили вафот этган экан. Ольга билан алоқа ўрнатишингиз мумкин. Манзили: Ростов шаҳри, Дон кўчаси, 8-уй”.

- Бобо, мана, Ольга Шабринага воқеани ёзиб, бувисидан олган қарзингизни жўнатиб, квитанциясини келтирдим, - деди Дилшод.

- Унинг овозини эшитиб, Сайим тоға ҳорғин кўзини очди.

- Худога шукур. – У чуқур хўрсиниб, яна кўзларини юмди, елкасидан тоғ ағдарилиб, енгил тортди. - Балли ўғлим!

Бундан эллик йил аввал бўлган бу воқеани эслар эканман, бугун ота- боболаримиз нечоғлик ардоқлаб келган яхшилик, бурч, меҳр-оқибат сингари юксак инсоний қадриятлар сал унутилаётганидан афсусландим.

Тоғаймурод ШОМУРОДОВ.