Қашқадарёда қизлар ёппасига йўқолаётгани ҳақидаги миш-мишларга аниқлик киритилди

Яқинда Тошкент шаҳар ИИББ матбуот-хизмати қашқадарёлик 14 яшар Севинч Раззоқованинг йўқолиб қолгани ҳақидаги хабарни эълон қилган эди. Шундан сўнг бу вилоятда Севинч ёшидаги ўнлаб қизлар йўқолгани ҳақида миш-мишлар тарқалиб кетди.

Тошкент шаҳар ИИББ ахборот мультимедиа маркази раҳбари Ирина Сайфутдинова ИИВ томонидан ташкил этилган брифингда Қашқадарёда қизлар ёппасига йўқолаётгани ҳақидаги хабарлар ҳақиқатга мутлақо тўғри келмаслигини айтди, деб хабар бермоқда Sputnik.

«Биз чиндан ҳам Севинч Раззоқованинг йўқолгани ҳақидаги хабарни эълон қилган эдик. Биз буни қашқадарёлик ҳамкасбларимиз илтимосига биноан бажардик. Негаки, уларда Севинчни Тошкентда кўрганлар бор, деган маълумот бўлган. Қашқадарё ҳақидаги бошқа фактларга тўхталадиган бўлсак, бундай хабарларга эга эмасмиз. Фикримча, бу омма орасида босимни оширишдан бошқа нарса эмас», деди Сайфутдинова.

ИИББ вакилининг сўзларига кўра, кўп ҳолларда «серташвиш» оналар 10-15 йил олдинги хабарларни топиб, ижтимоий тармоқларда бўлиша бошлайдилар. Шу тариқа кераксиз шов-шув пайдо бўлади.

«Биз бир неча маротаба бу эски маълумот эканлигини, фуқаролар ўртасида ваҳима ёйиш керакмаслигини сўраб, илтимос қилганмиз», деб қўшимча қилди у.