Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Қўшни вилоятларда нима гап?: “Ишчиларимга тўлаган пулим билан мақтанаман”

- Қарши шаҳрига келганларга “Одина” масжидига бир кириб ўтишни тавсия қиламан, - дейди шаҳар ҳокими матбуот котиби Умид Жабборов. - Негаки, узоқ тарихга эга бу маскан ўзига хос тарихга эгалиги, бу эса ўтган кунлардан хулоса, бугунги кунга шукрона қилиш учун тугал асос бўла олади.

Маскандаги йўлбошловчилар маълумотларидан Умид Жабборовнинг гаплари нақадар тўғрилигига амин бўлдик.

Масжид, қамоқхона энди музей

Тарихдан маълум, Қарши беклиги Соҳибқирон ва ундан кейинги даврларда ҳам муҳим стратегик объектлардан бўлган. Ипак йўли чорраҳасида жойлашган бу қадимий шаҳарда ҳамма вақт илм-фан, маданият тараққий этган. Йигирманчи асрнинг бошларигача Қарши ва унинг атрофидаги 46 та мадраса маданият ва маърифат ривожига хизмат қилган.

Ҳозирги кунда 46 та мадрасадан бор-йўғи учтасигина сақланиб қолган. Улардан қамоқхона сифатида фойдаланилгани учун қолдирилган. Бу обидалар орасида Соҳибқирон бобомиз Амир Темур даврида қурилган “Одина” масжиди энг қимматлисидир.

Масжид ҳақида гап кетганда, аввало, мустабид тузум даврида миллий маданиятимизга, маънавиятимизга қилинган хуружларни эсламасликнинг иложи йўқ. Негаки, 1386 йилда Амир Темур томонидан бунёд этилган бу масжид рус босқинчиларининг шаҳарга кириб келиши биланоқ тўпга тутилиши оқибатида олд айвон қисми бузилади. Шунга қарамай, ўтган асрнинг 30-йилларига қадар бу ерда намоз ўқилиб, жума ибодатлари адо этиб келинган. Аммо чор ҳукумати 1930 йилларга келиб, ушбу муқаддас мажмуани аввалига омборхона, бироз ўтиб эса қамоқхонага айлантирган. Икки-уч кишилик хонада бир неча ўнлаб маҳбуслар сақлангани айтилади.

Фақатгина Қарши шаҳрининг 2700 йиллиги олдидан, аниқроғи, 2004 йилда ҳибсхона бошқа ерга кўчирилган ва “Одина” масжиди қайта тикланган. Бу ер ҳунармандлар марказига айлантирилган. Давлатимиз раҳбари имзолаган ҳужжат асосида бу ерда 2018 йил Қарши давлат университети ҳузуридаги Қатағон қурбонлари музейи иш бошлади.

Қайд этиш лозимки, мустабид тузум даврининг аёвсиз зулмларига гувоҳ бўлган мажмуада вилоятнинг айнан ўша даврдаги ҳаётини акс эттирадиган музей ташкил этилиши ҳар томонлама рамзий ифодага эга. 

Маълумотларга кўра, вилоят ҳудудида беш мингдан ортиқ маданий мерос объекти мавжуд. Истиқлол йилларида уларнинг деярли барчасида қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилган. Ушбу манзиллар вилоятнинг туристик салоҳиятини оширишга хизмат қилмоқда.

Касс, Кисе, Каш ва Кеш

Милод бошларида ва илк ўрта асрларда турли номлар билан аталган Шаҳрисабз Ўзбекистондаги қадимий шаҳарлардан бири. Археологик маълумотларга кўра, шаҳарга милоддан аввалги 1 минг йилликнинг ўрталарида асос солинган.

Шаҳарда илм-маърифат ривож топиши натижасида “Коший, Кеший” тахаллуси билан машҳур олим-фозиллар етишиб чиққанлиги туфайли Кеш шаҳри “Қуббат ул-илм вал адаб”, яъни “илм ва таълим гумбази” деган сифат билан шуҳрат топган.

Амир Темур ва темурийлар даврида Шаҳрисабз улкан салтанатнинг йирик шаҳрига, борлос амир ва бекларининг ёзги қароргоҳига айлантирилган. Шаҳар атрофи қалъа девори билан ўраб олинган, Испания элчиси Клавихо ўз кундалигида Шаҳрисабзда кўплаб маҳобатли бинолар ва масжидлар борлигини ва яна қурилаётганлигини таъкидлайди.

Соҳибқирон Амир Темур Шаҳрисабз шаҳрида бир қанча обидалар барпо эттирган. Улардан бири – Оқсаройнинг қурилиши 1380 йилнинг баҳорида бошланиб, 1404 йилгача давом этади. 

Клавихонинг ёзиб қолдирган қўлёзмасига асосан, Оқсарой баландлиги ва катталиги жиҳатидан ўша даврда ягона эканлиги, порталларнинг баландлиги 71 метр, кенглиги эса 125х250 метр, яъни 4 гектар бўлиб, саройнинг ичи барча шарт-шароитлари, хоналарнинг ички безаклари бир-биридан ажралиб турган. Ички бинолар икки қаватда бўлиб, 1000 га яқин хоналар мавжуд бўлган. Ҳозирги кунда Оқсаройнинг фақатгина кириш қисми, яъни порталлари сақланиб қолган. Порталларнинг ҳозирги баландлиги 38 метрни ташкил этиб, катталиги жиҳатидан Марказий Осиёда ягона ҳисобланади.

Бошқа ҳудудлар каби мустақиллик йилларида Шаҳрисабз том маънода қайта тикланиб, қурилиш, миллий ўзликни англаш, асрий маънавий-ахлоқий қадриятларни замон талаблари асосида ривожлантиришга юз очди. Хусусан, Оқсарой мажмуаси атрофидаги майдон кенгайтирилиб, Чорсу бозори, Кўкгумбаз, Дорут-тиловат, Дорус-саодат обидаларини боғловчи сўлим хиёбон барпо этилди.

Дарвоқе, муассаса хизматчилари билан суҳбатлашаркансиз, Шаҳрисабзда 2018 йилда ўтказилган халқаро мақом фестивали шаҳарни халқаро жамоатчиликка кенг танитишга хизмат қилганини таъкидлайди.

Гастрономик сайёҳлик ёки Қаршидаги Тожмаҳал

Воҳада чорва, хусусан, қўй-эчки республикамизнинг бошқа ҳудудларига нисбатан кўплиги аён. Шу боис бу ҳудуд аҳолиси кўп гўшт истеъмол қилиши ҳақида турли латифалар ҳам ўйлаб топилган. Аммо ҳақиқат шуки, вилоятда гастрономик сайёҳлик ҳам жадал ривожланиб бормоқда.

Сафаримиз давомида Қарши кўприги ва бу ерда амалга оширилган бунёдкорлик ишлари билан танишдик. Ўз навбатида, Зарафшон дарёсининг Самарқанд шаҳридаги Қорасув массивига ёндош ҳудудида амалга оширилаётган ишлар моҳиятини англагандек бўлдик. Чунки Қарши кўприги обида сифатида кўпчиликни жалб қилмаслиги мумкин. Аммо унинг остидан ўтган дарё сувининг сунъий тўсиқлар билан тўплангани, соҳилда дам олувчилар учун яратилган шароитлар ажиб таассуротлар уйғотади. Табиийки, бу ерга ташриф буюрувчилар сонини оширади.

Соҳил бўйида маданий ҳордиқ чиқариш билан бирга, турли ширинликлардан баҳраманд бўлишингиз мумкин. Ва асосийси, кўприкдан 1000 метрлар чамаси узоқликдаги Чорсу чойхонасига (ошхона ёки ресторан эмас) кирмасликнинг иложи йўқ. 

- Бу ерда пиширилган тандир гўшти республикамизнинг барча ҳудудларига жўнатилади, - дейди ҳамроҳим – “Қашқадарё” газетаси бош муҳаррири ўринбосари Ботир Темиров. – Йигитларнинг қўли-қўлига тегмайди, яъни савдоси жуда яхши. Бундан 4-5 йил аввал иш бошлаганларида икки хонали пастқам бинода хизмат кўрсатишарди. Бугун, қаранг, баланд чойхонанинг Тожмаҳалдан фарқи йўқ.

Рост, янги бино жуда дид билан қурилган. Аммо менинг эътиборимни бошқа нарса тортди. Чойхонага киришда “Йигит-қизларни ишга таклиф қиламиз, ойлик 5 миллион сўм”, деб ёзилганди.

Ишчиларимга тўлаган пулим билан мақтанаман”

Қарши шаҳрида хизматлар нархи Самарқанддагидан бироз арзонроқдек туюлди. Чунки кўҳна кентда таксичи 5 минг узатсангиз, 2 минг сўм қайтим бермайди. Ўша пулга печда пиширилган бир дона сомса тановул қилишингиз ҳам мумкин.

Яна бир аҳамиятли жиҳати, биз кирган меҳмонхоналарда афт-ангоримизга қараб муомала қилишмади, шароитимизни тушуниб, тўғри маслаҳат беришди.

- Кейинги кўчага ўтиб, шарққа томон юрсангиз, отел эмас, ҳостел бор.

Шундай муносабатдаги тўрт юлдузли меҳмонхоналардан бирининг раҳбари билан суҳбатлашиб қолдик. Маҳаллада ҳоким ёрдамчиси бўлиб ишлайдиган тадбиркор исм-шарифини ошкор қилмаслигимизни сўради.

- Миллиардер тадбиркорлардан бирнинг “Қиммат машинам, замонавий уйим билан эмас, ишчиларимга кўпроқ ёрдам берганим, уларга бошқалардан кўра яхшироқ тўлаганим билан фахрланаман,” деган гапи бор, - дейди у. – Буни мен ўзимга шиор қилиб олганман. Шу боис одамларга халққа кўпроқ хизмат қилишни асосий мақсадим деб биламан.

Фаолияти ҳақида маълумот оларканмиз, истараси иссиқ, айни дамда самимий бу инсон билан аввалдан қадрдондек ҳис этдик ўзимизни. Тўрт юлдузли меҳмонхона қургач, оддий одамларга қулай бўлсин, деб барча шароитга эга, арзон меҳмонхона қуриш ҳамманинг ҳам хаёлига келмайди. Камига тадбиркор тикувчилик фабрикаси қуриб, 20 турдан зиёд кийим-кечак тайёрлашни йўлга қўйган. Нархи арзон маҳсулотлар отел ва меҳмонхонада ҳам сотиляпти. 

Ҳа, Насафийдек алломалар, Амир Темурдек саркардаларга бешик бўлган воҳадан бир олам таассурот олдик. Мавриди билан унинг қолган қисмларини ҳам эълон қилиб борамиз.

Ёқубжон Марқаев.