Қашқадарё вилояти ҳокимлиги инновацион лойиҳалар учун 1,8 миллиард сўмлик ижтимоий грант эълон қилди

Танловда Қашқадарё вилоятидаги олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган талабалар қуйидаги 6 та йўналиш бўйича ўзларининг инновацион лойиҳалари билан иштирок этишлари мумкин:

👉 Нефть ва газ, кимё саноати;

👉 Энергетика;

👉 Қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати;

👉 Сув хўжалиги ва экология;

👉 Фан ва таълим;

👉 IT технологиялар.

Лойиҳаларга қанча маблағ ажратилади?

Талабалар таклиф этаётган лойиҳалар қиймати 1 миллион сўмдан 100 миллион сўмгача бўлиши керак. Ҳар бир йўналиш бўйича танлов комиссияси лойиқ деб топган учтагача лойиҳани вилоят ҳокимлиги молиялаштириш учун сотиб олади ва уни ҳаётга татбиқ қилиш билан боғлиқ барча ташкилий жараёнларни ўз зиммасига олади.

Шундай қилиб мазкур танлов натижасига кўра, жами 1 миллиард 800 миллион сўмгача бўлган инновацион лойиҳаларни молиялаштириш режа қилинган (мазкур миқдор ғолиб бўлган лойиҳалар бюджетига қараб ўзгариши мумкин).

Танловда қандай қатнашиш мумкин?

Бунинг йўли жуда оддий.

1) Энг аввало Metsenat.uz сайтида рўйхатдан ўтиш ва анкетадаги барча сўралган маълумотларни тўлдириш;

2) Инновацион лойиҳа ҳақида қисқача анкетани тўлдириш. Намунавий анкетани мана бу ердан юклаб олиш мумкин;

3) Инновацион лойиҳа ҳақида 10 та слайддан ошмаган ҳолда тақдимот тайёрлаш;

4) Metsenat.uz сайтидаги танлов саҳифаси орқали ариза юбориш. Бунда ариза юбораётган пайтда 2 ва 3-банддаги сўралган файллар албатта илова қилиниши керак.

Танлов комиссияси келиб тушган ҳужжатларни кўриб чиқади ва мақбул дея топилган лойиҳаларни молиялаштириш тўғрисида ижобий хулоса беради.

Танлов Низоми билан қуйидаги ҳавола орқали тўлиқ танишишингиз мумкин:

Шошилинг! Танловга ҳужжатлар 2021 йилнинг 21 январига қадар қабул қилинади.