Қайнотамнинг совғаси керак эмас

Инсон йиллар давомида йиққан пулини битта тўйга сарфлайди. Узоқ вақт тайёргарлик кўрилади, аммо дабдабали тўй икки соатда ўтади-кетади. Тўйдан кейинги ташвишчи?

Мебелни ҳовлига чиқариб ташлади
- Қишлоқдан туман марказига келин бўлиб тушдим, - деб хўрсиниб гапириб қолди яқинда турмушга чиққан дугонам. - Ота-онам қурби етганича мебель олиб берди. Қайнонам у жиҳозни уйига қўймади, оддий олибсан, деб ҳовлига чиқариб ташлади. Ҳозир ҳовлида чанг босиб турибди. Ота-онам шу мебелни ҳам қийналиб сотиб олишганди. Тўйдан олдин шаҳар бозоридан парда олиб, қайнонам айтган тикувчига қарзга тиктиргандик. Қарзни қариндошимиздан олгандим, ота-онамдан парданинг нархини яширганман. Ҳозир ҳар ойлигимдан қарзимни тўлаяпман. Турмуш ўртоғим, қайнонам билиб қолмасин, деб юрак ҳовучлаб яшайман. Қайнонам ҳар сафар ота-онангнинг орзу-ҳаваси йўқ экан, тузук мебель қилишмади, деб юзимга солади.

Бошим қарздан чиқмай қолди
-Ўғлим ўзига тўқ оиланинг қизига уйланди, - дейди тўй номли орзу-ҳавасдан куйган яна бир онахон. - Тўйга биз мўлжал қилгандан ҳам кўра кўп пул кетди. Хўжайиним тўрт йил чет элда ишлаб келган пули урвоқ ҳам бўлмади. Фоизга ва танишлардан қарз олишга мажбур бўлдик. Қанийди, шунга яраша фарзандим бахтли бўлганда. Тўйдан сўнг бир йил ўтиб ажрашиб кетишди. Қарзни 5 йилда тўлаб қутулдик.

“Ўғлим “ўжар чиқди”
- Яқинда ўғлимни уйлантирдим, - дейди оналардан бири. - Келин учун 3 хона ажратдим, яшириб нима қилдим, тўлдириб жиҳоз олиб келади деб ўйлагандим. Тўсатдан ўғлим ҳеч нарса керак эмас, қайнотам олиб берган нарсани ишлатмайман, деди. Қудаларга чиройли қилиб тушунтирдик. Келиним фақат битта уйга парда олиб келди, шунга ҳам ўғлим қовоқ уйди. Тўйни камхарж, чиройли қилиб ўтказдик. Қўни-қўшни, ҳамкасбларга ўғлимнинг қилиғини айтганимда, ҳайрон қолишди. Айримлари келинлари олиб келган жиҳозни мақташди. Келинимни туғилган кунига қудаларим телевизор совға қилишди. Ўғлим ишлатгани рухсат бермади, олиб қўйди. Келиним ўғлимни қилиғидан хафа бўлмадимикан деб секин кўнглига қўл солиб кўрдим.
– Дугоналарим келин бўлиб тушган уйини замонавий чет эл жиҳозлари билан тўлдиришди, хозиргача ота-онаси келин бўлиб тушган уйига нарса ташишади. Лекин қайнонаси доим гап топади. Рўзғори тинч эмас. Улар ота-онамиз қарз-қавола қилиб бўлса-да, қайнонам айтган нарсани олиб боради, дейишади. Уйларидаги музлаткич бузилиб қолса ҳам ота-онангга айт, тузатиб келсин деб айтаркан, – деди келиним.
Шундан сўнг ўғлимнинг хатти-ҳаракатлари тўғри экан, дедим.

Муниса ШАМСИЕВА.