Қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатдан ўтказиш: Уни ташкил этишдан мақсад нима?  

Жомбой туманида қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатдан ўтказиш ишларига бағишланган кўргазмали семинар ташкил этилди.

Давлат статистика қўмитаси, вилоят статистика бошқармаси ҳамда туман ҳокимлиги ташаббуси билан ташкил этилган семинарда Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 26 февралдаги «Қишлоқ хўжалиги соҳасида статистик маълумотлар базасини кенгайтириш ва такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, республикамизда 2024 йилда қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатдан ўтказишни амалга ошириш белгиланганлиги таъкидланди.

- Мазкур жараён уч босқичда амалга оширилиб, биринчи босқич 2022-2024 йилларни ўз ичига қамраб олган тайёргарлик даври ҳисобланади, - дейди Давлат статистика қўмитаси масъул вакили О.Сиддиқов. – Рўйхатдан ўтказиш тадбирини қай даражада ўтказилиши ҳамда рўйхатдан ўтказиш натижасида шаклланадиган маълумотларнинг сифати ва ҳаққонийлиги кўп жиҳатдан ушбу босқичда амалга ошириладиган ишларга боғлиқ. Шу жиҳатдан Вазирлар Маҳкамаси қарорига мувофиқ, 2022 йилнинг август ойида республиканинг 2 та ҳудуди - Самарқанд вилоятининг Жомбой ҳамда Тошкент вилоятининг Паркент туманида синов тариқасида рўйхатдан ўтказиш ишлари амалга оширилади.

Синов тариқасида рўйхатдан ўтказиш ишлари деҳқон ва томорқа хўжаликлари, дала ҳовли участкалари эгалари, фермер хўжаликлари ва қишлоқ хўжалиги фаолиятини амалга оширувчи бошқа ташкилотларда ташкил этилади. Ушбу тоифадаги хўжаликларнинг ҳар бири бўйича алоҳида сўровнома шакли ишлаб чиқилган бўлиб, уларнинг қишлоқ хўжалиги фаолияти тўғрисидаги маълумотлар сўров ўтказиш ва уларнинг жавоблари асосида маълумотларни планшет ёрдамида рўйхатдан ўтказиш орқали амалга оширилади.

Жомбой туманида 38 маҳалла мавжуд, уларга 142 нафар рўйхатга олувчи  мутахассис жалб қилинган. Улар учун тегишли услубий қўлланмалар, видео дарсликлар, рўйхатдан ўтказиш сўровномаларини тўлдириш бўйича тушунтиришлар ва бошқа тегишли қўлланмалар ишлаб чиқилган ва ўқув курслари ташкил этилган.

– Менга маҳалламиз ҳудудидаги 400 та хонадон бириктирилди, – дейди Деҳқонобод маҳалласидан Раҳимжон Баҳриев. – Мазкур ўқув курсида рўйхатдан ўтказиш сўровномаларини тўлдириш, респондентлар билан суҳбат жараёнида маълумотларни аниқ киритиш, шунингдек, планшетдан фойдаланган ҳолда сўровномаларини тўлдириш бўйича амалий машғулотларда қатнашдим. Ўйланманки, олган билимларим менга бириктирилган ҳудудга фаолият олиб боришимда асқотади.

Синов натижаларига кўра, 2024 йилда қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатдан ўтказиш дастури, услубий қўлланмалар ва меъёрий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ҳамда маълумотларни қайта ишлаш усуллари ва қишлоқ хўжалигида рўйхатдан ўтказиш якунларини шакллантириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқилади.

Семинар сўнгида семинар иштирокчилари аҳоли хонадонларида бўлишди.

Бахтиёр Мустанов.