«Қизларжон» саммити: хорижда мақоласи чиққан, қорақалпоқ тилида луғат тузган ва бир ойда минг АҚШ доллари миқдорида пул топадиган қизлар...

Хабарингиз бор, Самарқандда республика миқёсида “Илм-фан – келажак пойдевори” шиори остида “Қизларжон” ўқувчи-қизлар саммити ўтказилмоқда. Унда республикамизнинг барча вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасидан иқтидорли қизлар иштирок этмоқда. 23 март куни бошланган саммитнинг дастури ранг-баранглиги ва замонавий мавзулари билан эътиборни тортади. Хусусан, замонавий АКТ имкониятлари ва уларни ҳаётга татбиқ этиш усуллари, америкалик мутахассислар томонидан мақсадларга эришиш учун тренинглар, қизларнинг хотин-қизлар қўмиталари ролида иштирок этиши кабилардир. Шунингдек, қизлар Самарқанд вилоятидаги қатор ишлаб чиқариш корхоналарида ҳам бўлиб, уларнинг фаолияти билан яқиндан танишди.
Иштирокчи қизлар билан суҳбатлашаркансиз, турли соҳаларда эришган ютуқларидан фахрланасиз. Хусусан, улар орасида хорижда мақолалари чоп этилган, нафақат инглиз, балки хитой, корейс ва бошқа тилларда сўзлашадиган қизлар ҳам бор.
- Саммитнинг турли мавзуларга бой ўтгани, замонавий лойиҳаларни амалиётга татбиқ этишда хориж университети ўқитувчиларининг интерактив дарслари менга манзур бўлди, - дейди Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманидаги 14-мактаб ўқувчиси Умида Худойбердиева. - Ўзим мактабда таҳсил олиш билан бирга хитой тилидан ўқув марказида дарс бераман. Қизиғи, хитой тилини мутлақо бепул ўрганганман. Онам туманимизда жойлашган, хитойликлар билан ҳамкорликдаги қўшма корхонада ошпаз бўлиб ишларди. Ёрдам беришга бориб, на ўзбек ва на рус тилидан хабардор хитойликлардан бу тилни ўргандим. Айни пайтда уларга тилмочлик қиламан. Қолаверса, тилни ўрганиш ниятидаги ёшлар кўп, аммо мутахассислар бўлмагани учун дарсдан бўш вақтимда уларга дарс ўтаман. Ойига ўртача 1000 АҚШ доллари миқдорида маблағ топаман. Режаларим катта. Мақсад сари интилишимда бу саммитнинг ўрни аҳамиятли.
Айни пайтда вилоят Ёшлар марказида анжуманнинг якуний қисми бошланди.
Сайтимизни кузатиб боринг.
Гулруҳ Мўминова.