Қобулга уюштирилган ракета зарбалари оқибатида 3 киши ҳалок бўлди, ўндан ортиқ одам жароҳатланди

Қобулнинг учта ҳудудига 14 та ракета зарбаси амалга оширилди. Бу ҳақда Tolo News телеканали мамлакат ички ишлар вазирлиги берган маълумотга таяниб хабар берди.
Афғонистоннинг Pajhwok агентлиги тақдим этган маълумотга кўра, ракеталар аҳоли истиқомат қилаётган ҳудудларга ва маҳаллий касалхонага келиб тушган. Содир бўлган воқеа учун ҳозирча ҳеч ким жавобгарликни ўз зиммасига олмади.
АҚШ ҳарбийларининг Афғонистондан тўлиқ чиқиб кетиши арафасида, шунингдек, Афғонистонаро музокаралар бошланиши соясида мамлакатда террорчилик ҳужумлар сони ошгани кузатилмоқда. Бир ҳафта олдин Ғазни шаҳридаги турар жойларга уюштирилган ҳужум оқибатида 8 киши ҳалок бўлган ва 7 киши жароҳатланган эди.
Мамлакат расмийлари берган маълумотга кўра, сўнгги уч ой ичида террорчилик ҳужумлар оқибатида 200 дан ортиқ тинч аҳоли ҳалок бўлган ва 400 дан ортиқ одам жароҳатланган.