Қоғоз – билимлар сақланадиган улкан хазинадир

Вақт қанча нарсаларни эскиртирди, камайтирди ва йўқ қилди. Фақат илмгина ўтган сайин янгиланди, кўпайди ва давом этди. Дунёнинг кўп хазиналари ер тагида қолди, кўмилди, аммо илм хазинаси кўмилмади. Қанча олимлар дафн қилиндилар, бироқ илмлари боқий қолди. Хўш, улар қолдирган адабий меърос бизга қандай етиб келди?

Қадимда одамлар тошларга, дарахт пўстлоқларига ёзган. Орадан маълум вақт ўтиб қоғоз ҳам пайдо бўлди, инсонларнинг мушкули осонлашди. Шу ёзув битиладиган қоғозлар орқалигина тарих, инсоният турмуши, маданияти ва урф-одатларидан бохабар бўлдик.

Масалан, мусулмонларнинг энг муқаддас китоби Қуръони Карим ҳам, Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в)нинг ҳадислари,  диний ва дунёвий илмлари ҳам бизгача қоғоз ҳолида етиб келди. Шундай экан биз қоғозга бўлган муносабатимизни ўзгартиришимиз зарур. Негаки, қоғозлар келгуси авлодлар учун ҳам хизмат қилиши керак.

Афсуски, кейинги пайтларда қоғозга нисбатан ҳурматсизлик бўлаётгани, ўринсиз ишлатилаётганига гувоҳ бўляпмиз. Ачинарлиси, муборак сўзлар битилган қоғозларни ҳар хил ножойиз жойларда кўрамиз. Муборак ҳадисларда, оятларда бирор нарсани исроф қилиш ўшанга зорликни келтириб чиқариши ҳақида сўз боради. Биз бугун қоғозга нисбатан шундай муносабатда бўлаётганга ўхшаймиз.

Шуни билишимиз керакки, аждодларимиз илмида барака бўлган. Шу сабабли уларни илми бутун дунёга танитган. Барчамиз боболаримиз тутган йўлдан бориб, нафақат қоғозни, балки жамики неъматларни асрасак, авайласак кўзлаган мақсадларимизга, етамиз, иншооллоҳ.

Озод Назаров,

Паст Дарғом туман бош имом-хатиби.