Қўмондон фахрий ҳарбийларни янада фаол бўлишга чақирди

Марказий ҳарбий округ маънавият ва маърифат марказида фахрий ҳарбийлар иштирокида "Қўмондон ва фахрийлар" учрашуви ўтказилди.

Унда дастлаб Марказий ҳарбий округ қўмондони, полковник Айбек Саидов, Ўзбекистон Қаҳрамони Ҳасан Нормуродов Ўзбекистоннинг халқаро миқёсда обрў-эътибор қозониши, нуфузининг ошишида миллий армиямиз қудрати, чегараларимиз дахлсизлиги, юртимизда ҳукм сураётган тинчлик-осойишталик муҳим ўрин тутишини алоҳида таъкидлаб ўтди. Шунингдек, фахрийларни Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил топганлигининг 28 йиллиги ҳамда 14 январь - Ватан ҳимоячилари куни билан қутлаб, уларнинг ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялашдаги хизматлари катта эканлигини эътироф этди.

Тадбирда жорий йилнинг 10 январь куни хавфсизлик Кенгашининг навбатдаги йиғилишида белгиланган вазифалар, яъни ҳозирги ахборот маконидаги қарама-қаршилик, инсонлар, айниқса ёш авлоднинг онги ва қалби учун кураш кучайган даврда ҳарбий-ватанпарварлик руҳидаги тарбиянинг ўрни ва аҳамияти тобора ортиб бораётгани қайд этилди. Суҳбат давомида, аввало, ёшларни шундай руҳда тарбиялаш тизимини такомиллаштириш, уларнинг интеллектуал ва ижодий салоҳиятини рўёбга чиқариш, шунингдек ҳудудлардаги уюшмаган ёшлар билан ишлаш, уларни касбга йўналтиришда  фахрийларнинг ўрни катта эканлиги айтилди.

Тадбирда округ қўшинлари қўмондони Жиззах, Навоий вилоятларидан келган фахрийларга байрам муносабати билан диплом ва эсдалик совғаларини топширди.

Санъаткорларнинг юрт, ватан ва тинчликни мадҳ этувчи куй-қўшиқлари тадбирга ўзгача шукуҳ бахш этди.

А.Темиров.