Қонунчилик палатасидаги депутат аёллар нега жим?

Яқинда Самарқанд туманида туғилган Солиҳа, Муслима, Муҳаммадумар, Муҳаммадусмон ва улар мисолида бошқа эгиз чақалоқли оилалар ҳақида яна ёзишга қарор қилдик.

Хабарингиз бор, аввалроқ Самарқанд туманида тўрт эгизак туғилган оила кўмакка муҳтожлиги ҳақида ёзгандик.

Мақолага ижтимоий тармоқларда ҳам жуда кўплаб муносабат билдирилди. Кўпчилик уч ёки тўрт эгизак туғилган оилаларни қўллаб-қувватлаш механизми қачон шаклланади, деган саволни бот-бот такрорлашди. Мақола чиққач, тегишли мутасаддилардан Меҳрибон Тоҳированинг ота хонадонига газ берилгани ҳақида маълум қилишди. 

- Ҳа, мақола чиққач, кўп ўтмай, газ, электр идораларидан ходимлар келиб, масалани ўрганишди ҳамда хонадонимизда газ пайдо бўлди, - дейди биз билан суҳбатда Меҳрибон Тоҳирова. – Аммо кунлар совиши билан газ яна йўқолди, электр токидаги доимий узилишлар ҳам қийнаяпти. 

Фарзандларим туғилган туғруқхонага жуда кўплаб амалдорлар келишди, тўғриси, уларнинг ҳаммасини танимайман. Болалар учун зарур жиҳозлар беришди. Соғлиқни сақлаш вазири гўдаклар катта бўлгунига қадар уларни бўтқа билан таъминлаб туришини айтди. Ҳозирча бу масалада муаммо йўқ. 

Уч ёки тўрт болани катта қилишнинг заҳматини нафақат аёллар, шу оиладаги эркаклар ҳам жуда яхши ҳис қилишади. Уларга қачон жиддий, асосланган ёрдам кўрсатилади?

Мақолада газ муаммоси билан бирга, эгизак фарзанд туғилган оилаларга давлат томонидан тегишли ёрдам кўрсатилиши ҳақида аниқ таклифлар билдирилди. Афсуски, ҳанузгача бу таклифларнинг амалиётга жорий этилиши тугул, тегишли идораларда кўрилиши ҳақида ҳам маълумотга эга бўлмадик. Нега?

Биз ҳар сафар Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, маҳаллий Кенгашларга сайланган депутатлар орасида аёллар сони тобора ортяпти, деб гапирамиз. Одатда мазкур идораларда аёллар сонининг кўп бўлиши улар шу қатлам эҳтиёжлари, болалар масалаларини яхшироқ билиши ва уни ҳукумат даражасигача олиб чиқиб, ҳал этишга ҳисса қўшиши билангина эътиборлидир. Афсуски, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутат аёлларини бу масала қизиқтирмайди, шекилли. Акс ҳолда, эгизак фарзандлар масаласи ҳамон очиқлигича қолмаган бўларди. 

Қонунчилик ташаббусига эга субъектлар вазирлик ҳамда идораларни наҳотки уч-тўрт эгизак туғилган оилаларнинг тақдири қизиқтирмайди? Айниқса, тўғридан-тўғри вазифаси оилалар билан ишлайдиган оила ва хотин-қизлар давлат қўмитасининг бу масалада жимлиги кишини ҳайрон қолдиради.

 

Гулруҳ Мўминова.