Қонуний ажрашмасдан уйланиш мумкинми?

Бугун энг кўп баҳсларга сабаб бўлаётган мавзулардан бири - бу қонуний ажрашмасдан туриб, иккинчи аёл билан яшаш масаласи. Бу масала, айниқса, эркаклар орасида тез-тез тилга олинмоқда. Кимдир буни дин рухсат берган, деб ҳисоблайди, яна кимдир қонун бунга йўл бермаслигини айтади. Оқибатда одамлар орасида турли хил қарашлар пайдо бўлмоқда.

Фикримча, бу баҳсли мавзунинг тарқалишига бир неча омиллар сабаб бўляпти. Масалан, ижтимоий тармоқларда аслида ҳақиқатдан йироқ бўлган ҳаёт тарзи тарғиб этилмоқда. Чет давлатлардаги айрим ҳолатларни кўриб, у ерда қандай қонунлар борлиги, қандай масъулият талаб қилиниши ҳақида билмасдан, айрим ёшларимиз уларга эргашмоқда.

Қолаверса, динимизда кўп хотинлилик масаласи бор. Бундай рухсат шунчаки эмас, балки жуда қатъий шартлар билан берилган. Қуръони каримнинг “Нисо” сураси 3-оятида аёллари ўртасида адолат қила олишига ишончи бўлмаган эркак битта аёл билан кифояланиши кераклиги айтилади. Бу ерда розилик масаласи, моддий таъминот, вақтни тенг тақсимлаш ва оилавий масъулият - буларнинг барчаси бирдек бажарилиши шарт. Шу шартларнинг биттаси ҳам бажарилмаса, диний нуқтаи назардан ҳам бунга рухсат йўқ. Чунки ислом дини адолатни биринчи ўринга қўяди.

Шу ўринда ҳар юртнинг ўз қонуни борлигини унутмаслик керак. Ўзбекистон Республикасида кўп хотинлик қатъиян тақиқланган. Бу нафақат маънавий жиҳатдан қораланган, балки қонун билан ҳам ҳимояланган. Ҳатто кўп хотинликни тарғиб қилиш жавобгарликка сабаб бўлиши мумкин. Жиноят кодексининг 126-моддасида бу масала аниқ белгилаган бўлиб, унга кўра, умумий рўзғор асосида икки ёки ундан ортиқ аёл билан эр-хотин бўлиб яшаш жиноят ҳисобланади. Бунинг учун жарима, ахлоқ тузатиш ишлари, озодликни чеклаш ёки ҳатто озодликдан маҳрум қилиш жазоси бор.

Хулоса қилиб айтганда, ажралмасдан туриб, иккинчи аёл билан яшаш мумкин эмас. Чет давлатларда бўлаётган ҳолатларга қараб, у ердаги қонун ва масъулиятни ҳисобга олмасдан тақлид қилиш нотўғри.

Муҳаммадали КОМИЛОВ,

Тошкент давлат юридик университети талабаси.