Қорақасмоқми ёки Қораосмоқ?
Жой номлари билан боғлиқ атамаларни ўзгартириб талаффуз қилиш унинг маъносига ҳам таъсир қилиши мумкин.
Яқинда қишлоғимизга кираверишда “Хитойболо” деб ёзиб қўйишди. Шунча вақт уни бошқа мазмунда тушунган эканмиз. Биз бу номни “Хитойбола” деб талаффуз қилардик. Аслида эса у “Хитойболо”.
Энциклопедик луғатда “хитой” туркий халқлардан бирининг номи сифатида келтирилган. “Боло” эса форс-тожикчада “баланд”, “юқори” деган маъноларни англатади. Буни кексаларимиз ҳам тасдиқлашди. Қишлоқнинг географик жойлашуви шу тарзда ном олишига туртки бўлган. Яъни, у тоғолди ҳудудда жойлашган.
Жомбой туманида “хитой” сўзи билан боғлиқ жой номлари талайгина. Хитойпоён маҳалласи, Хитой қишлоғи, деган ҳудудлар бор. “Хитой” туркий қавмлардан бирининг номи ҳисобланади. Уларнинг айнан бу ҳудудга келиб қолиши ҳақида манбаларда батафсил баён этилган.
ХI асрга келиб киданларнинг Шимолий Хитойдаги давлати тугатилгач, бир қисми Ўрта Осиёга кўчиб келган. Манбаларда уларни қорахитойлар деб аташган.
ХVI асрга келиб хитойларнинг бир қисми Шайбонийхон қўшинлари таркибига кирган. Тарихдан маълумки, Шайбонийхон Самарқандни эгаллашда бугунги Жомбой ҳудуди томондан юриш қилган.
Юқорида тилга олинган қишлоқ аҳолиси шу тариқа вужудга келган, деган хулосага келишимиз мумкин. Демак, “Хитойболо” баландроқда яшовчи аҳоли қишлоғи маъносини беради. Уни шу тарзда ифода этиш мақсадга мувофиқ.
Шундай қишлоқлардан яна бири Қорақасмоқ қишлоғи ўзининг табиати, аҳолисининг меҳмондўстлиги билан ажралиб туради. Бу манзилда Шайх Худойдод Валининг муборак зиёратгоҳи ҳам мавжуд. Шунингдек, қадимий қоятош суръатларига ҳам кўзингиз тушади. Асрларга туташ бу ҳудуд туман тарихининг бир бўлагидир.
Аҳолининг айтишича, собиқ тузум даврида аҳолининг кўпчилиги пахта етиштириш учун мажбуран пастроққа кўчирилган экан. Қишлоқнинг нега айнан бундай аталгани хусусида турлича қарашлар бор.
Хусусан, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси, адиб Абдуалим Сулаймон ўғли бу борада ўзининг фикр-мулоҳазаларини баён қилган эди.
– Тоғ этагидаги қишлоқнинг номи Қорақасмоқ эмас, Қораосмоқдир, – дейди у. – Одатда, аёллар таом тайёрласа, “овқат қилдим”, “овқат осдим” кўринишида ифода этади. Зиёратга борган кишилар бу жойга жонлик олиб бориб сўйишади. Жонлик бўлган қорамол, қора қўйни сўйдик, уни осдик, таом тайёрладик, дейишади. “Қора”ни осиб, еб келгани учун бола пайтимизда “Қораосмоқ”қа бордик, дер эдик.
Таъкидлаш керак, мамлакатимизнинг Навоий, Қашқадарё ва Самарқанд вилоятлари таркибида шундай номли қишлоқлар мавжуд. Барчасида айнан “Қорақасмоқ” шаклида учрайди.
Бинобарин, Ўзбекистон Фанлар академияси топонимика илмий-тадқиқот институти аъзолари Тўра Нафасов ҳамда Вазира Нафасова томонидан нашрга тайёрланган “Ўзбек тили топонимларининг изоҳли луғати”да Нурота туманидаги Қорақасмоқ қишлоғи мисол сифатида келтирилган. Қолаверса, Қорақасмоқ атамаси минг йиллар аввал пайдо бўлган генезис. Ўзбек уруғларидан бири бўлган Қўштамғалининг бир шохобчаси Қорақасмоқ ҳисобланади.
Маълумот учун, Қорақасмоқ элати Марказий Осиёда биринчилардан бўлиб исломни қабул қилган. Яна бир маълумот. Абу Тоҳирхўжанинг “Самария” асарида Ғўбдин тоғлари ҳақида қайдлар учрайди. Жумладан, тарихчи бобомиз “Ҳуддун этаклари ушрийдир…”, деб ёзади. Ушр солиғи исломни қиличсиз қабул қилган халқларга имтиёз сифатида қўллангани маълум.
Демак, икки маълумотни бирлаштирсак, ҳозирги Ғўбдин этакларида минг йилча аввал Қорақасмоқ элати яшаган бўлиши мумкин. Шундан келиб чиқиб, қишлоқ номини Қорақасмоқ шаклида қўллаш ҳақиқатга яқинроқ.
Зотан, замонавий расмий ҳужжатларда ҳам Жомбой туманининг Қўнғирот маҳалласи таркибидаги бу қишлоқ номи шу шаклда тасдиқланган.
Дилмурод МАҲРАМОВ,
“Адолат” СДП вилоят кенгаши раиси ўринбосари.