Қорасув массивида яна бир мактабгача таълим ташкилоти ишга тушди
Самарқанд шаҳар Қорасув массивида 300 ўринли мактабгача таълим ташкилоти фойдаланишга топширилди.
Ушбу 51-сон давлат мактабгача таълим ташкилоти Инвестиция дастури асосида “ПМК-7” МЧЖ томонидан 13,5 миллиард сўм маблағ ҳисобидан янгидан қурилди. Вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси томонидан ташкил этилган пресс-турда журналистлар боғчада яратилган шарт-шароитлар билан танишди.
- Мактабгача таълим ташкилотимиз жорий йилнинг 15 июнь кунидан ўз фаолиятини бошлади, - деди мактабгача таълим ташкилоти директори Ҳилола Раҳимова. – Замонавий шарт-шароитларга эга бўлган боғчамизда болажонлар учун алоҳида 150 ўринли ошхона, спорт зал, ётоқхона, ёзги бесеткалар, бассейн мавжуд. Бу ерда болаларни қабул қилишдан тортиб машғулот жараёни, овқатланиш, бассейнда чўмилиш, ухлаш ҳаммаси камералаштирилган. Бундан ташқари, боғчамизда инглиз ва рус тилига мўлжалланган гуруҳимиз бор. Сентябрда француз тилига мўлжалланган гуруҳ ҳам очишни режалаштиряпмиз.
Шунингдек, ота-оналарнинг талабига кўра, таэквандо, гимнастика, рақс ва тасвирий фаолият тўгараклари ташкил этдик.
Мактабгача таълим ташкилотда 45 нафар ишчи ходим фаолият юритмоқда. Улардан тарбиячиларнинг барчаси (20 нафар) олий маълумотли педагоглардир.
- Вилоятда 3 ёшдан 7 ёшгача бўлган болаларнинг 261910 нафари, яъни 70,6 фоизи мактабгача таълим билан қамраб олинган, - деди вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бўлим бошлиғи Фурқат Жиянов. – Жорий йилнинг ўтган олти ойи давомида жами 13 та давлат мактабгача таълим ташкилоти, 288 та оилавий, 9 та давлат-хусусий шериклик асосида 4 та хусусий мактабгача таълим ташкилотлари фойдаланишга топширилди. Булар ҳисобига 10400 дан ортиқ янги қувват яратилди.