Қўшработ ва Нуробод туманларида иккита янги буюртма қўриқхона ташкил этилади

Бу бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Самарқанд вилоятида “Фозилмон” ҳамда “Чўнқаймиш” давлат муҳофаза этиладиган буюртма қўриқхоналарини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳукумат қарори лойиҳаси эълон қилинди.
Лойиҳада Экология қўмитаси, Кадастр агентлиги, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, Самарқанд вилояти ҳокимлигининг;
табиатни муҳофаза қилиш давлат муассасаси шаклида Самарқанд вилояти Қўшработ туманида 24 000 гектар бўлган “Фозилмон” ҳамда Самарқанд вилояти Нуробод туманида 4 600 гектар бўлган “Чўнқаймиш” давлат буюртма қўриқхоналарини ташкил этиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилиши кўрсатиб ўтилган.
Белгиланишича:
а) буюртма қўриқхоналар Ўрмон хўжалиги қўмитаси тузилмасига киради;
б) давлат буюртма қўриқхоналари фаолияти Вазирлар Маҳкамаси қарори билан тасдиқланган Ўрмон хўжалиги қўмитаси тўғрисидаги низомга мувофиқ молиялаштирилади;
в) давлат буюртма қўриқхоналари жорий харажатларини молиялаштириш ҳамда бюджетдан молиялаштириладиган штат бирликларини сақлаш Ўрмон хўжалиги қўмитаси тизимидаги ер майдонлари қисқартирилаётган давлат ўрмон хўжаликлари тегишли маблағларини ҳамда штат бирликларини мақбуллаштириш ҳисобидан ҳамда белгиланган меъёрларга асосан амалга оширилади.
г) давлат буюртма қўриқхоналари ҳудудидаги табиий мажмуалар ва ландшафтлар, ноёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида бўлган ўсимлик ва ҳайвонот турлари муҳофазага олинадиган асосий объектлар ҳисобланади.