Қўшработда гидропоника усулида майса ўстирилмоқда

«Навоий кон металлургия комбинати» давлат корхонаси тасарруфидаги “Дўстлик” агрофирмаси томонидан Қўшработ туманининг лалмикор ер майдонида узумзор, ёнғоқзор ва чорвачилик мажмуаси ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Самарқанд вилоятига ташрифи чоғида берган топшириғига асосан амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида янги иш ўринлари яратилиши, фойдаланмай келинаётган ерлардан мўл ҳосил олиш режалаштирилган. Экин экиш учун 300 гектар ер майдони ажратилиб, шундан 170 гектарида узумзор барпо этилди. 50 гектар майдонда ташкил этилган ёнғоқзорда эса Хитойдан келтирилган ҳосилдор “Х-185” навли ёнғоқ кўчатлари парваришланмоқда. Қиймати 10,4 миллиард сўмлик мазкур лойиҳа амалга оширилиши натижасида 114 нафар маҳаллий аҳоли иш билан таъминланди.

Яқин келажакда, яъни 2021 йилда узумзордан 120 тонна, ёнғоқзордан 30 тонна ҳосил йиғиб олиш кутилмоқда.

Яқинда маҳаллий иқлимга мос 300 бош наслли қорамол боқишга мўлжалланган чорвачилик мажмуаси фойдаланишга топширилди.

- Лойиҳа қиймати 9,0 миллиард сўм бўлган чорвачилик мажмуасида келаси йилдан бошлаб йилига 100 тоннагача сифатли қорамол гўшти олинади, - дейди “Дўстлик” агрофирмаси бош агрономи Ҳалим Бўронов. – Қўшработ туманининг ҳосилдорлиги кам бўлган ер майдонларида ташкил этилган узумзор ва ёнғоқзорлардан ташқари, мазкур чорвачилик мажмуасининг ҳам қуриб фойдаланишга топширилиши шу ҳудудда яшовчи аҳолининг кўнглидаги гап бўлди. Туманнинг Қўрғон маҳалласида ташкил этилган мажмуада 33 нафар маҳаллий аҳоли иш билан банд бўлди. Келгусида фаолиятимизни янада кенгайтириб, йил охиригача қўшимча 50 га яқин янги иш ўринларини яратамиз.

Мажмуада озуқа тайёрлаш пункти, уларни сифатли сақлаш учун махсус омборхона, ветеринария хизмати кўрсатиш шохобчаси, қорамолларни чўмилтириш ҳавзаси ҳам ташкил этилган. Аҳамиятли жиҳати, бу ерда озуқа учун гидропоника усулида майса ўстирилмоқда.

Тўлқин Сиддиқов.