Қўшработдаги “пляж”ни тозалаш ишлари якунланди, сув йиғиш бошланди
Туман маркази - Мустақиллик маҳалласидаги 1978 йилда бунёд этилган пляж ва унинг атрофи кейинги пайтларда қаровсиз қолганди. Аҳамиятлиси, бу кўлга сув четдан келмайди. Мана, қарийб 50 йилдирки, шу жойнинг ўзида, ер остидаги булоқлардан қайнаб чиқаётган сув кўлни кўл ҳолида сақлаб келган.
Кейинги пайтларда қаровсиз қолиши оқибатида кўл турли чиқинди ва балчиқлар билан қопланди. Минглаб булоқларнинг кўзи юмилди. Кўл атрофида яшовчи айрим фидойи одамлар уни сақлаб қолишга ҳаракат қилди. Бунинг учун катта маблағ кераклиги сабабли туман ва вилоят ҳокимликларига қайта-қайта мурожаат қилди.
Ниҳоят шу йил кўл ва унинг атрофида янги лойиҳа асосида ободонлаштириш ишлари бошланди.
Ҳудудда амалга оширилаётган ишлар вилоят ҳокими Адиз Бобоевнинг ҳам назоратида.
Айни пайтда пляжнинг ички қисмидан 3 минг 680 та махсус техника қатнови орқали 55 минг 200 куб метр чўкинди қум-аралашмалари олиб чиқилди. Булоқлар қайта кўз очди. Ушбу хайрли ишларда фаол қатнашган фидойилар туман ҳокими Дилшод Шакарбоев ва бошқа масъуллар томонидан тақдирланди.
Бу кўл булоқларнинг тиниқ суви билан қайта тўлдирилиб, замонавий сув ҳавзасига айлантирилади. Ҳудудда қўшработликлар ва туман меҳмонларига хизмат кўрсатувчи сўлим дам олиш маскани ташкил этилиши режалаштирилган.