Қўшработликлар қишлоққа қайтмайдими?
Қўшработ туманида 44 та мактаб филиаллари мавжуд бўлиб, шу пайтга қадар 26 та филиал учун сендвич панелдан замонавий бинолар қурилиб фойдаланишга топширилди.
- Шу пайтга қадар мактабимиз ўқувчилари 4-5 километр йўл босиб мактабга қатнарди, - дейди 50-мактаб директори Суннатилла Ғафуров. – Маҳалламиздаги Яккатут қишлоғидан филиал учун 60 ўринли замонавий бино қурилди. Сендвич панелдан бунёд этилган бу бинода ўқувчилар учун замонавий шароитлар яратилган.
Туманнинг олис ҳудудларидаги ўзлаштириши паст бўлган мактабларда таълим сифатини ошириш мақсадида Навоий вилоятидан келган тажрибали ўқитувчилар дарс беряпти.
- Навоий вилоятидан келиб, туманнинг Чиммос маҳалласининг Тўра қишлоғидаги 19-мактабда раҳбарлик қиляпман, - дейди Ўктам Мардонов. – Оиламиз билан кўчиб келганмиз. Турмуш ўртоғим қўшни қишлоқдаги 41-мактабда дарс беряпти. Қишлоқ аҳолиси бизни хушкайфиятда қарши олди. Бу ердаги устозлар билан тезда тил топишиб, олдимизга улкан мақсадларни қўйдик. Янги ўқув йилини “Бошланғич таълим фан ойлиги” тадбирлари билан бошладик. Шунингдек, тест олиш орқали юқори синф ўқувчиларининг билимларини синовдан ўтказиб боряпмиз.
Тўлқин СИДДИҚОВ,
Бахтиёр МУСТАНОВ.
***
Ушбу мақола Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгаши ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди гранти лойиҳаси асосида тайёрланди.