Қўштамғалидаги кўрик натижасида иккита операция қилинди

Шу кунларда вилоятимиздаги тиббиёт марказлари, даволаш-профилактика муассасаларининг етакчи мутахассислари Қўшработ тумани қишлоқларига бориб, аҳолини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказмоқда.

Қўштамғали қишлоғи аҳолиси учун ташкил этилган шундай тадбирда республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий амалий тиббиёт маркази Самарқанд филиали врачлари ҳам қатнашиб, уч кун давомида 200 нафардан ортиқ фуқарони тиббий кўрикдан ўтказди.

– Тиббий кўрик натижасида 3 кишида онкологик касаллик аниқланиб, уларга муассасамизда даволаниш учун йўлланма бердик, – дейди филиал директори М.Жўраев. – Шунингдек, икки беморнинг ўсмаси шу ернинг ўзида – туман тиббиёт бирлашмасида операция қилиниб, олиб ташланди. Ҳозирда уларнинг саломатлиги доимий назоратимизда. Бугунги кунда Қўшработ тумани бўйича 180 дан ортиқ бемор муассасамиз ҳисобида туради. Саломатлик ойлиги тадбирлари доирасида шифокорларимиз ҳар бир беморнинг хонадонига бориб, уларни кўрикдан ўтказмоқда ҳамда зарур тавсиялар бермоқда.