Қозоғистонда ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари ҳуқуқлари ҳимоя қилинади
17 апрель куни Қозоғистон Президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев Ўзбекистон билан меҳнат муҳожирларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги битимни ратификация қилиш ҳақидаги қонунни имзолади. Бу ҳақда Меҳнат вазирлиги маълум қилди.
Ратификация Қозоғистонда меҳнат қилаётган ўзбекистонлик ҳамда Ўзбекистонда ишлаётган қозоғистонлик меҳнат муҳожирларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилишни кўзда тутади. Хусусан, мигрантлар меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ бўлган тан жароҳати олганда, касб касаллигини орттирганда ёки фаолияти натижасида соғлиққа қандайдир зарар етказилганда, бепул тиббий ёрдам кафолатланади. Шунингдек, ходимга етказилган зарар учун компенсация ҳам берилади.
Битимда педагогик, тиббий ёки фармацевтика фаолияти билан шуғулланаётган меҳнат муҳожирларининг тегишли маълумотга эга эканини тасдиқловчи ҳужжатларини тан олиш, пенсия ва ижтимоий таъминот олиш каби масалалар ҳам кўзда тутилган.
Хабарда қайд этилишича, ушбу ҳужжатда икки давлат ҳудудларида миграция оқимини тартибга солиш ва ноқонуний меҳнатнинг олдини олиш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш кўзда тутилган.