Қудачилик ва кибр

Бу данғиллама ҳовлида бугун бешиктўй. Собир ака кенжа – тўртинчи қизи Ўғилойнинг иккинчи ўғлига бешиктўй қиляпти.

Собир ака қизини қишлоқдоши Муродбойнинг ўғлига берган. Мурод ака Собир акадан тўрт ёш кичик. Ўзига тўқ, тегирмони, обжувози бор. Иккита “Дамас”ини ижарага бериб қўйган. Олдин исми Муроджон эди, кейин Муродбойга ўзгарди. Йўқ, ўзи ўзгартиргани йўқ, одамлар шундай чақирадиган бўлди. Олдинига сал ўнғайсизланди-ю, кейин ўрганиб қолди. Бора-бора бундай эркалаб чақиришлар, ўзи тенги ва баъзан ҳатто ўзидан катталарнинг ҳам “ака”лаб гапиришлари хуш ёқадиган бўлди.

Собир ака ҳозир мана шу бойвачча қудаси ва қуда томондаги қариндош-уруғлар билан дарвоза олдида қўл қовуштириб турибди. Маҳалла аҳли ошга айтилган, кутишяпти.

– Ҳой боллар, сувинг иссиқми, сочиқларинг тайёрми? Тезлаш, чоллар келяпти, – деб бақирди катта-катта қадамлар билан яқинлашиб келган Зокир бақироқ. Кейин манзиратда турганлар билан қўшқўллаб, тез-тез сўрашиб чиқди.

Ҳамма ҳаракатга тушиб қолди, кимдир сал олдинроққа юриб, учкўчадан бурилган чолларга назар ташлади, сўнг:

– Қани, ҳамма нарса тайёрми, кеп қолишибди, – деди.

Бироқ бу галги “бўл-бўл”га унчалик эътибор берилмади.

– Қўй қани, Элмурод, тез опчиқ, манави устунга бойла, – деб буюрди Мурод ака.

Йигит ўртача семизликдаги қўчқорни олиб келиб, сўриток устунига бойлади. Собир аканинг юраги “шиғ” этди. Қандайдир бир нохушликни сезди. Бу орада чоллар етиб келди. Уларнинг ортидан икки қуданинг тенгдошларидан иборат гуруҳ ҳам майда қадам билан эргашиб келарди.

– Салом алайку-ум, хуш кепсизлар-хуш кепсизлар. Қани, ичкарига. Мулла бува, қўлни ювдирворасизлар. Қани, йигитлар, чаққон-чаққон, – деди Мурод ака мулозамат билан. Бироз тин олгач, сўзларини тантанали оҳангда давом эттирди:

– Манави қўйни кўряпсизларми? Қўймисан-қўй. Совлиқ эмас, қўчқор. Ростакам қўчқор. Қудамиз бешиктўйга атабдилар. Атамасалар ҳам бўлар эди-ю, лекин атабдилар.

Орага совуқ жимлик чўкди. Собир ака бошини қуйи эгганча, нафас ютмай турар, маҳалладошлар бир-бирига қараб ҳайрон, кимлардир маъноли кўз уриштирар, орада лабининг бир тарафи билан илжайганлар ҳам бор эди.

– Собиржон барака топсин, – деб гап бошлади чоллардан бири. – Тўртта қизди оқ ювиб-оқ тараб ўстирди. Ҳалол меҳнати билан боқди. Учта қизди камолга етказган жаннати бўлади. Тўйга атаб қўй берибди, яна барака топсин. Бу қўйди сотворманг, Муроджон, боқинг. Баракасини кўрасиз. Катагингизга қўй сиғмай кетади. Ҳа, балли, кам бўлманглар, ишқилиб. Хўш, биз қайси томонга юрайлик?

Бобойнинг гапи Муродбойга ёқмади. Илтифотсиз эшитди.

– Қани, юраверинглар. Чолларни ичкарига, меҳмонхонага олинглар. Ёшлар ҳовлига, стол-стулга, – деди Муродбой. Кейин ён-веридагиларни чорлади. Собир акани ҳам таклиф қилди: – Сиз ҳам юринг, қуда.

– Сизлар бемалол, биз кейинроқ, – деди Собир ака ердан кўз узмай. Муродбой ортиқ ундамади. Собир аканинг кўкси ўт бўлиб ёнар, боши тинимсиз ғувиллар эди. Ҳозир бориб Муродбойнинг юзига тупургиси, ғазабини сочгиси келарди. Лекин дами чиқмас, ичида: “Нега мени бунча қийнадинг, нега менга қиз бердинг, эй Худо!” дея қайта-қайта тавалло қиларди, холос.

Ориф ТОЛИБ.