Қурилиш объекти томонидан атрофда яшовчи аҳоли уй-жойларига туғдирилган хавф қачон бартараф этилади?

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 30 июлдаги “Самарқанд вилоят ички ишлар ҳодимларининг турар-жой шароитларини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори 1-бандида Самарқанд вилояти ички ишлар бошқармаси кинология хизматига тегишли бўлган, Самарқанд шаҳар Чуқур ариқ кўчасида жойлашган 1,2 гектар ер майдонида “Aзиза Cредо Мах” МЧЖ томонидан қурилиш ишлари олиб борилмоқда.

Халқ депутатлари Самарқанд вилояти кенгаши депутати Шоҳруҳ Жўрақуловнинг Zarnews.uz‘га хабар беришича, мазкур қурилиш ишлари ён-атрофда яшайдиган фуқароларнинг уй-жой мулкини жиддий хавф остига қўйган. Хусусан, қурилиш объектининг пойдевор қисмини қуриш оқибатида Aнҳор кўчаси 82-уйда истиқомат қилувчи фуқаро Зера Ҳамидовага тегишли уйнинг ён томонида баланд жарлик ҳосил бўлган. Уйнинг қуйи қисми фақат тупроқдан иборат бўлиб, шаҳримизда кузатилган кучли ёғингарчиликлар натижасида мазкур жарлик тобора емирилиб бормоқда ва уйнинг кутилмаганда қулаш хавфини оширмоқда.

Ўрганишлар жараёнида фуқаролар идорама-идора юриб ҳолдан тойганликларини, ҳар ёмғир ёққанида юрагини ҳовучлаб яшаётганликларини билдиришган.

Фуқаро Зера Ҳамидова ва унинг қўшниси Қурбонали Казимов қатор мутасадди идораларга такрор-такрор мурожаатлар йўллаган ва ҳолат мутасаддилар томонидан жойида бир неча бор ўрганилган, тегишли хулосалар берилган, ҳужжатлар расмийлаштирилган. Лекин шикоят мана бир неча йилдирки, бартараф этилмаяпти. Барча идоралар “ҳамдард”, аммо чора кўришга келганда жим.

Мазкур қурилиш ташкилоти 2019 йилнинг 16 июнь куни фуқаро Зера Ҳамидовага уйининг жарлик томонини 2019 йилнинг 15 июл кунига қадар таъмирлаб беришини ваъда қилиб, кафолат хати расмийлаштирилган. Хатга бир неча қўшнилар ва фаоллар имзо қўйган. Шунингдек, қурилиш ташкилотининг раҳбари Б.Ражабов 2019 йилнинг 9 июль куни Самарқанд шаҳар ҳокимлиги томонидан расман огоҳлантирилган. Шунга қарамасдан, вазият ўзгаришсиз қолган.

Халқ депутатлари Самарқанд вилояти кенгаши депутати Ш.Жўрақуловнинг таъкидлашича, ушбу масала депутатлик назоратига олинган:

- Керак бўлса, ушбу масалага жамоатчилик эътибори ҳам қаратилади, - дейди депутат. - Инсон ҳаётининг қадри ҳақидаги гаплар фақат сўзда эмас, амалда ҳам бўлишини кутиб қоламиз ва ушбу мавзуга яна қайтамиз.