Қурилишда қачон шаффофлик бўлади?

Бугунги кунда объектларда қурилиш ишларининг боришини доимий мониторинг қилиб бориш учун ҳар бир объектга видеокамералар ўрнатилиб, марказлашган холда ягона тизим яратиш ишлари олиб борилмоқда. Тест режимида «Шаффоф қурилиш» тизими амалга оширилди.

- Ушбу тизим (портал) жорий йил 1 январидан республика бўйича ишга туширилди, - дейди Самарқанд вилоят қурилиш назорати инспекцияси бошлиғи Ҳамдам Жабборов. - Энди ҳар бир қурилиш объекти учун ер ажратиш, ҳокимлик қарори, лойиҳа ҳужжатлари, қурилиш ишларининг бориши, қурилиш материаллари сифати, иш берувчи, инженер-техник, ишчи мутахассислар тўғрисидаги маълумотлар ва тугатилган объектларнинг фойдаланишга топшириш босқичлари геопортал тизимига киритилмоқда.

Қурилиш назорати инспекциялари томонидан ҳар бир объектда бажарилаётган ишларни назоратга олиш, аниқланган камчиликларни ўз муддатида бартараф этиш, қўпол қонунбузилишлар ҳолатлари аниқланганда тизимли чоралар белгилаш имконияти ошди.

Самарқанд шаҳридаги саноат қурилиш техникуми қошида пудратчи ташкилотларнинг бетончи, ғишт терувчи, сувоқчи, пардозчи, пайвандчи, монтажчи, сантехника мутахассисларининг малакасини ошириш йўлга қўйилди. Пудратчи ташкилотларнинг раҳбар, инженер-техник ходимлари малакасини ошириш Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институтида амалга оширилмоқда.

Буюртмачининг техник назорати мутахассислари қурилиш объектида асосий ролга эгалиги сабабли уларга қурилиш сифатини таъминлаш юзасидан талаб кучайтирилди. Бугунги кунда техник назорат ҳамда муаллифлик назоратини олиб борувчи ходимлар малакасини ошириш ва сертификатланган мутахассислар бўлиши талаби қўйилган.

Инспекция томонидан жисмоний шахс ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилиш ва мавжуд муаммоларини ҳал қилиш мақсадида “Ахборот бурчаги” ташкил этилган. Бундан ташқари, тадбиркорларга зарур бўлган маълумотларни инспекциянинг www.samgasn.uz веб-сайти, 66-235-08-57 рақамли “Ишонч телефони” ташкил этилган.

2020 йил инспекцияда юридик ва жисмоний шахсларнинг 148 та мурожаати қабул қилиниб, белгиланган муддатда кўриб чиқилган.

Ё.Марқаев.